Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:36

Шаҳрисабзда милиция тошбўрон қилинди


Милиция ходимлари билан савдогарлар ўртасидаги низо Шаҳрисабз деҳқон бозорида чиққан. (Сурат бошқа жойда олинган)
Милиция ходимлари билан савдогарлар ўртасидаги низо Шаҳрисабз деҳқон бозорида чиққан. (Сурат бошқа жойда олинган)
23 апрель куни Қашқадарёнинг Шаҳрисабз деҳқон бозоридаги дўконларни бузиш пайти беш киши девор тагида қолиб жароҳатланди. Озодлик манбаларига кўра, савдогарлар воқеа жойига келган милиция ходимларини тошбўрон қилган. Низо натижасида милиция ходимларидан бирининг боши ёрилгани айтилаяпти.

Чоршанба куни Шаҳрисабз шаҳрининг деҳқон бозоридаги савдо шохобчаларини бузиш жараёнида дўконлардан бирининг тепасидаги бетон плиталарни олиш пайтида девор қулаб тушган.

Озодлик манбаларининг хабарига кўра, шу пайт девор тагидан ўтиб кетаётган одамлардан бири девор босиб қолиши натижасида ҳалок бўлган, яна 3-4 киши жароҳат олган.

Шаҳрисабз деҳқон бозорида савдо қиладиган Муҳаббатнинг Озодликка айтишича, шу воқеадан кейин одамлар норозилик билдириб жанжал кўтарган ва уларни бостириш учун милиция гуруҳи жалб қилинган:

“Бу воқеа чоршанба куни, эрталаб соат 10 ларда бўлди. Бир дўконни бузишаётганда бир одамни том босиб қопти деб эшитдик, кейин жанжал бошланди. Одамлар милисаларни тошбўрон қила бошлади. Кейин бирдан милисалар кўпайиб кетди ва биз ҳам молларимизни ташлаб, бозордан қочдик”, деди Муҳаббат.

Айни пайтда Шаҳрисабз туман прокуратурасида ишлайдиган Озодлик манбаси мазкур воқеа натижасида қурбонлар йўқлигини айтди:

“Йўқ, одам ўлмаган. 42 ёшли Икром Файзуллаев оғир тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. 3-4 киши енгил тан жароҳати олган”, - деди манба.

Прокуратура ходими милиция ходимлари билан аҳоли ўртасида келиб чиққан низо тафсилотларига ҳам ойдинлик киритди:

“Бозордаги одамлар тўпланиб, бақир-чақир қилишган. Милиция ходимлари уларни тинчитмоқчи бўлганида тошбўрон қилишган. Милиционерлардан бирининг боши тош тегиши натижасида ёрилган. Кейин кучайтирилган милиция гуруҳи чақирилган. Милицияни тошбўрон қилган одамлардан беш-олти нафарини олиб кетишган. Жанжал узоқ давом этмади, икки соатларда тинчиди", - деди Озодликнинг туман прокуратурасидаги манбаси.

Шаҳрисабз шаҳар тез тиббий ёрдам марказидаги навбатчи шифокорга кўра, деҳқон бозорида жароҳат олган Икром Файзуллаев жонлантириш бўлимида даволанмоқда:

“У очиқ бош мия жароҳати олган. Жонлантириш бўлимига ётқизганмиз. Аҳволи анча оғир. Энди ҳушига келди, хавф анча чекинди", - деди шифокор.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ободонлаштириш дастурига биноан жорий йил бошидан буён Шаҳрисабзда давом этаётган бузилишлар маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўляпти.

Шаҳрисабзликлар бузилаётган уйлари ва дўконлари учун жуда кам миқдорда товон пули берилаётганидан шикоят қилмоқда.
XS
SM
MD
LG