Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:13

Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўрилиши мумкин


Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.
Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

30 апрель куни Бишкекдаги Октябрь туман суди умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган жалолободлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров иши бўйича қайта тергов бошлаш ҳақида қарор чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка Азимжон Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитов маълум қилди.

- Бугун судя Азимжон Асқаровнинг иши бўйича ўз қарорини ўқиб эшиттирди. Бу қарор билан у Қирғизистон Бош прокурори муовинининг Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш асоссизлиги тўғрисидаги қарорини ноқонуний, деб топди, - деди адвокат Валериан Вахитов.

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистондаги 2010 йилги воқеаларда милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб тўрт йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келадилар.

Бишкекдаги “Бир дуйнў-Қирғизстан” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг бу йўлдаги уринишлари самараси ўлароқ ўтган йилнинг 5 май куни Қирғизистон Бош прокуратураси Азимжон Асқаровга оид жиноят иши бўйича янги очилган ҳолатлар юзасидан иш материалларини текшириш учун тергов гуруҳини тузганди. Бу текширув тўққиз ой давом этган ва шу йилнинг 5 февраль куни Қирғизистон Бош прокурори муовини Людмила Усманова жиноят ишини қайта кўриш учун асос йўқ, деган қарорга келган.

Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитов Бош прокурор муовинининг бу қарори юзасидан Октябрь туман судига шикоят аризаси топширган. Чоршанба куни судя Жамила Сабитова Бош прокуратура қарорини асоссиз деб топиб, адвокатнинг аризасини қаноатлантирган.

Адвокат Вахитовнинг айтишича, эндиликда Бош прокуратура Октябрь туман суди қарори юзасидан Бишкек шаҳар судига, у ерда ҳам натижа бўлмаса, Қирғизистон Олий судига мурожаат қилиши мумкин. Мазкур юқори инстанция судлари ҳам Октябрь туман суди қарорини ўз кучида қолдирса, Қирғизистон Бош прокуратураси Азимжон Асқаровга оид жиноят ишини қайта текширишга мажбур бўлади.

“Бир дуйнў-Қирғизстан” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова Азимжон Асқаров иши юзасидан Октябрь туман суди чиқарган қарорни олқишлайди ва буни Қирғизистондаги суд ислоҳотининг илк муваффақиятли қадамларидан бири, деб атайди.

- Азимжон Асқаров қийноқ қурбони бўлиб ҳисобланади, чунки уни ноқонуний равишда қўлга олганлар, қийноққа солганлар ва у бугунги кунгача қамоқхонада ўтирибди. Октябрь туман судининг бугунги қарори Қирғизистонда ўтказилаётган суд ислоҳотининг меваси, деб ҳисоблайман. Бу биринчи қадам қийноқ қурбони бўлганларга нисбатан адолат тикланишига йўл очади, деб ўйлайман. Бошқа томондан эса ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган Азимжон Асқаров касбий фаолияти туфайли қамалиб қолган. Биз бундан буён бу жабҳада янада кўпроқ ғайрат билан ишлаймиз ва ноҳақ қамалган Азимжон Асқаров албатта озодликка чиқади, - дейди бишкеклик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилда қўлга олинганидан буён ўзига асоссиз айбловлар қўйилганини таъкидлаб келади. Бундан икки ой аввал БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти, оммавий ахборот воситалари ҳамда АҚШ, Германия, Франция элчихоналарига юборилган очиқ мурожаатида у ўзининг ҳақлигини исботлаш учун ҳатто “Ёлғон детектори”да текширилишига рози бўлганини билдирган.
XS
SM
MD
LG