Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

Ўш: Ўнадирнинг 30 йиллик муаммолари


Ўшнинг Амир Темур шаҳарчасида 38 йилдан бери ичимлик суви муаммо бўлиб қолмоқда.
Ўшнинг Амир Темур шаҳарчасида 38 йилдан бери ичимлик суви муаммо бўлиб қолмоқда.

Ўшнинг 45 минг аҳоли яшайдиган Амир Темур (Ўнадир) шаҳарчасида 38 йил давомида ҳал этилмай келинаётган муаммоларга яна бир муаммо қўшилди: Ўнадир аҳолисининг 17 минггини ташкил этувчи ўзбек ёшлари олийгоҳларда ўқиш имкониятидан воз кечмоқда.

Амир Темур шаҳарчаси 1976 йилда бунёд этилган. Халқ тилида Ўнадир деб аталувчи мазкур ҳудуд Ўшдаги энг катта шаҳарчалардан бири ҳисобланади. Бу ерда яшовчи 45 минг одамдан 17000 минги 8 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлардир. Бу ҳудудга шаҳар марказидан 10 - рақамли автобус қатнагани боис, ўшликлар орасида Ўнадир деб аталади.

Ўтган 38 йил давомида ўнадирликлар учун сув, мактаб, бола боғча, поликлиника, йўлларни асфальтлаш масаласи доимий муаммо бўлиб келмоқда.

-Биз яшаган кўчадан ўтувчи ариқнинг бир томони Шарқ қишлоқ хукуматига, иккинчи томони шаҳарга қарашли бўлиб қолди. Биз яшаган Бешкапа, Бешяримкапа ҳудудлари Шарқ қишлоқ ҳукуматига қарашли. Бизда фақат битта медпункт бор. Унда шифокор йўқ, фақат хамшира ишлайди. Биров касал бўлса, қарамайди. Ҳозирги кунда мени юрагим ёмон бўлиб қолди. 2-3 марта медпунктга борсам, Қорасувга боринг дейди. “Мен юрагим оғриб қолган одам Қорасувга боргунча ўлиб қоламану” десам, мана бу шаҳарники (Амир Темур шаҳарчаси поликниникаси-таҳр.) 200 сўм билан кўриб қўяди дейди. Лекин у ер бизни қарамас экан, - дейди Марямхон Салимова.


23 йилдан буён Амир Темур шаҳарчасида яшовчи Маҳмуджон Комилов эса йўл ночор бўлгани учун жамоат транспорти сони ҳам озайганини, бу эса оддий халқ учун бир талай муаммо яратаётганини айтди:

-Техника бўлмаса яшаш қийин. Масалан, бирон жойга бориш учун гоҳида маршрутларга гоҳ улгурасиз, гоҳ улгурмай қоласиз. Маршруткалар ҳам кам. Сабаби йўл жуда ночор аҳволда бўлгани учун улар бузилиб ремонт қилишга кетиб қолаяпди. Тўғри йўлнинг ўзи йўқ,- дейди Маҳмуджон Комилов.

Адирликлар мактаб, болалар боғчаси, каби бир қатор муаммолар кўп йиллардан бери ҳал этилмай келинаётганидан нолишмоқда. Шаҳрча расмийларидан олинган маълумотларга кўра, ўтган сўнгги 2 йил ичида йўл, сув, поликниника масалалари қисман бўлса ҳам ҳал қилинган. Ўта зарур ҳудудларга сув олиб келинган, битта бўлса-да поликниника қурилган. Буларнинг аксарияти халқаро ташкилотлар, маҳаллий аҳоли моддий кўмагида амалга оширилган. Ўш шаҳар мэрияси эса бу қурилишларнинг фақат 30 фоизини молиялаштирган.

Ўш шаҳар кенгашининг собиқ депутати Дилмурод Эшоновга кўра, Амир темурликлар муаммоларининг ҳал этилиши узоқ йилларга чўзилиб кетишига, уларнинг ҳукумат идораларига фаол тарзда мурожаат қилмаётгани сабаб бўлмоқда.

-Амир Темур шаҳарчасида 45 минг одам яшайди. Лекин улар ўз муаммоларини ёзма равишда, конкрет талаблар ва таклифлар билан бойитиб, ҳукумат идораларига деярли мурожаат қилмайди. Оғзаки гапириб юришаверади. Бу муаммоларни ёзма равишда ҳокимятга, депутатга топширса бўлади. Бу билан мен халқни ёмон, эътиборсиз демоқчи эмасман. Фақат айтмоқчиман, хар бир инсон ўзига керакли шароит яратиб берилишини ҳукуматдан ёзма равишда талаб қилиб олиши керак,- деди Дилмурод Эшонов.

2010 йилдаги Ўш воқеаларидан сўнг ўнадирликларнинг Ўш шаҳар марказига қатнови ҳам жуда озайган. Ўнадирликлар ўз шаҳарчалари ҳудудида машина таъмирловчи устахоналар, бозорчалар, ресторанлар, ошхоналар, чойхоналар ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этишган.

Амир Темур шаҳарчасида яшовчи ёшлар сони 17 мингни ташкил этишига қарамай, улар орасида олийгоҳ талабалари бармоқ билан санарли экан. Ўнадирнинг собиқ раҳбари Хошимжон Ахматжонов бунга бугунги кунда ривожланиб кетган порахўрлик, олийгоҳни тамомлаган ўзбек ёшларининг ишга ўрнаша олмаётгани сабаб бўлаётир, деб ҳисоблайди. Унга кўра, мана шу сабабларни ҳисобга олган ҳолда, ота-оналар фарзандларига олий таълим бериш ўрнига, уларни касб-ҳунарга ўргатишни маъқул кўрмоқда.

-Лекин мен бундай нуқтаи назарни жуда катта хато деб ҳисоблайман. Бундай фикрлаш ўзбек халқи савиясини, даражасини, илмини жуда паст поғонага тушириб юборади. Биз шу нарсаларни ёшларга тўғри тушунтиришимиз керак,- дейди Хошимжон Ахматжонов.

Ўрни келганда айтиш жоизки, 2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг шаҳар марказида йўл қурилиши баҳонаси билан Мажримтол кўчасидаги 23 та уй бузилган эди. Уй эгаларнинг барчасига маҳаллий ҳукумат томонидан Амир Темур шаҳарчасидан ер участкалари ажратиб берилган. Бироқ Ўнадирдаги беҳисоб муаммолардан хабардор мажримтолликлар бу шаҳарчага уй қуришдан бош тортишмоқда.
XS
SM
MD
LG