Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:32

Оққўрғонлик хусусий тадбиркорлар пахта чопиғига чиқарилди


Ғўза чопиғи
Ғўза чопиғи
Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида хусусий тадбиркорлар пахта чопиғига сафарбар этилди. Тадбиркорларнинг айтишларича, улар чопиқдан қутулиш учун фермер хўжаликларидан чопиққа чиққани ҳақидаги маълумотномани сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Икки ҳафта муқаддам айни тумандаги бюджет ташкилотлари ходимлари пахта чопиғига чиқарилган эди.


Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида корхона ва ташкилотлар ходимлари омммавий пахта чопиғига сафарбар этилди.

Оққўрғонлик тадбиркор Абдусаломнинг Озодликка айтишича, бу йил ҳокимият хусусий тадбиркорларни ҳам пахта чопиғидан четда қолдирмаган:

- Участковой мелисамиз кун бермаяпти, ҳар куни келиб ҳокимиятдан топшириқ бўлган пахтага чиқинг ёки ўрнингизга одам юборинг деб, ҳолу жонимизга қўймаяпти, - дейди Абдусалом.

Тадбиркорнинг айтишича, улар фермерлар билан ўзаро келишиб, масалани ҳал қилмоқда:

- Энди ўзимиз кетмон кўтариб чиқмаймизку, чиқсак ишимиз қолиб кетади. Шунинг учун фермерга бориб, 15-20 минг сўм берамиз, шу одам мени даламда бир кун ишлади, деб справка ёзиб беради. Шуни кўрсатиб тинчияпмиз. Тадбиркорнинг пахтага нима алоқаси бор? Қўйишсин, биз ўз ишимизни қилайлик, фермер ўз ишини қилсин. Нақд пул тақчиллиги пайтида ҳар ойда давлатга 30-40 миллион сўм тушириб турган бўлсак, яна биздан нима исташади. Битта магазинни орқасидан йўқ деганда 50 одамни пенсиясини таъминлаб турибмизку, - деди Абдусалом.

Исми сир қолишини сўраган бошқа оққўрғонлик тадбиркор ҳам фермерлардан маълумотнома сотиб олишга мажбур бўлаётганини айтади:

- Бошқа чорамиз қолмади. 30-40 минг ҳаражат қилиб фермерга зиёфат қилиб берамиз ёки пул берамиз, кейин справка беради, - деди тадбиркор.

Оққўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда пахта чопиғига умумий сафарбарлик эълон қилинганини тасдиқлади:

- Сўнгги ёмғирлар фермерларни танг аҳволга солиб қўйди. Пахта экилган майдонларни ўт босиб кетди. Шунинг учун туман ҳокими барча корхона ва ташкилотлар, коллежлар, мактаблар ходимлари ва ишчиларини деҳқонларга ёрдам беришга сафарбар этди. Бундай шароитда қўлида кучи бор одам фермерга ёрдам беришга бурчлидир, - деди ҳокимлик мулозими.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида истиқомат қиладиган тадбиркор Наримоннинг фикрича, бундай мажбурий ҳашарлар аслида фермерга зарар келтиради:

- Ҳамма ишга ўзининг устаси керак. Ҳамшира, ўқитувчи ёки тадбиркор пахта чопишни қаердан билсин? Бундай мажбурий меҳнат ҳеч қачон ижобий натижа бермайди. Масалан, энг аввало ўша пахта ниҳолига керакли бўлган ишлов берилмайди. Ҳашарчилар ҳам текинга ишлагани борган, номигагина пахта чопгандай бўлади. Охир-оқибат, фермернинг ўзи зарар кўради. Агар меҳнатга яраша ҳақ тўланса, пахтани фермернинг ўзини ишчилари ёки ёлланма мардикорлар қойиллатиб чопиб қўйган бўларди, - деди Наримон.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани кузатилаяпти.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари қирқ кундан буён дала ишларига мажбурланаётгани айтилади.

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячилари ободонлаштириш ва тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG