Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:57

Ўзбек хонандаси ҳар бир янги қўшиғи учун гувоҳнома оладиган бўлди


"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси логоси
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси логоси
“Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмаси хонанда ҳар бир янги қўшиғи учун махсус гувоҳнома олиши шарт, деган қоидани жорий қилди.

Тилга олинган бирлашмадаги Озодлик манбасининг билдиришича, ҳар битта қўшиқни назоратдан ўтказиб, уни махсус гувоҳнома билан таъминлаш кейинги ой бошидан йўлга қўйилади.

- Қўшиқчи “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига оид ëки “Ўзбекнаво” билан ҳамкорлик қиладиган студия ҳаражатлари учун алоҳида ва гувоҳнома расмийлаштириш учун алоҳида пул тўлайди. Бу тизим қўшиқлар сифати устидан назоратни кучайтириш мақсадида жорий қилинди, деди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, таркибида бастакор, таниқли ижрочи ва шоир бўлган махсус комиссия қўшиқларни кўриб чиқиб хулоса беради.

“Ўзбекнаво”даги Озодлик манбаси ҳар бир қўшиқ учун бериладиган гувоҳнома шартлари ва назорат механизмини ҳам тушунтирди.

- “Ўзбекнаво” ва унинг ҳудудий бўлинмалари, зарур ҳолатларда гувоҳнома шартлари ва талабларига риоя этилишини текшириб туради. Масалан, концерт давомида гувоҳнома талаблари белгиланган шартларнинг бузилиши ҳолатлари аниқланса, бизнинг идора концерт дастурини тўхтатиш ҳуқуқига эга, деди суҳбатдош.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилиши билдирилди.

Шу пайтгача қўшиқчи умумий репертуар ва ижро фаолияти учун лицензия олиб келган бўлса, бундан буëн қўшиқчи ҳар бир қўшиқ учун ҳам гувоҳнома расмийлаштиришга мажбур.

Гувоҳномаси бўлмаган қўшиқларнинг телевидение, радио ва Интернетда янграмаслигини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси назорат қилишини Озодлик манбалари билдирди.


“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мулозими Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, бу қоида “маънисиз қўшиқлар яралишининг олдини олиш” мақсадида жорий қилинган.

Мулозим таъкидича “қўшиқларнинг аксарияти шеърий жиҳатдан ҳам, мусиқий томонидан ҳам талабга жавоб бермайди”.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан янги қоида ишлаб чиқилганини матбуотга айтган мулозим, ҳар бир вилоят ва шаҳар марказларида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаларининг овоз ёзиш студиялари ташкил этилиб¸ “ҳар бир ёзилган қўшиқ учун студиялар томонидан махсус гувоҳнома берилишини” таъкидлайди:

“Энди радио, ТВ ва интернет сайтлари гувоҳномасиз қўшиқларни оммага тарғиб қилмайди. Балки шу йўл билан бироз бўлса-да, маънисиз қўшиқлар яралишининг олдини олига эришармиз”, деган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мулозими Одилжон Абдуқаҳҳоров маҳаллий матбуотга берган суҳбатида.

“Ўзбекнаво” расмий сайтида ëзилишича, лицензия масалалари билан ташкилотга шанба ва якшанбадан ташқари ҳар куни соат 10 дан 15 гача мурожаат қилиш мумкин.

Тушлик 13 дан 14 гача экани ҳисобга олинса¸ ўзбекистондаги минглаб қўшиқчиларининг ҳар бири камида 4 минут бўлган ўнминглаган қўшиқларига гувоҳнома олиш учун “Ўзбекнаво” кунига 3 соат вақт ажратди.

Наманган вилоят театрида узоқ вақт ишлаган мустақил журналист Носир Зокир ҳар бир қўшиқ устидан назорат ўрнатилишини “диктатура мантиғига ëтадиган абсурд назорат” деб баҳолади.

- Шу кунларда “Ўзбекнаво”нинг вилоят бўлимига қўшиқчилар чақирилиб, улар айтаëтган ашулалар матни жиддий текширилмоқда. Хар соҳада бўлгани каби қўшиқчилик соҳаси ҳам жиддий назорат остига олинди. Совет пайтида ҳам қўшиқчилар ўз қўшиғи матнини литдан ўтказар эди. (ЛИТ-Матбуотда давлат сирларини сақлаш ташкиоти - цензура - таҳр.) Аммо ўша пайтда ҳам ҳар бир қўшиққа гувоҳнома олиш деган гап йўқ эди. Ҳозир бу назорат жуда кулгили даражага етди. Бошқа тарафдан диктатура бўлгандан кейин шунақа назорат кучли бўлиши табиий, дейди Носир Зокир.

Айни пайтда “Ўзбекнаво” жорий қилган тартибни ëқлайдиганлар ҳам бор. Ўзбекистонлик таниқли кино артисти Зуҳра Солиева бу қоида қўшиқчилар ва қўшиқ савиясини кўтариш учун қилинганига ишонади:

- Жуда яхши бўлди. Масъулият деган гап бор. Ҳар бир қўшиқ махсус назоратдан ўтказилиб унга гувоҳнома берилишини қўллаб-қувватлайман. Маза- матрасиз, тутруқсиз, бош-кети йўқ матнларни қўшиқ қилиб айтиш шу тариқа барҳам топса ҳурсанд бўлар эдим. Бу қоида боис қўшиқчи профессионал бастакор, шоир ва аранжировкачи билан ишлашга мажбур бўлади. Оқибатда Комилжон Отаниëзов даражасидаги мумтоз қўшиқлар туғилади. Чиройли беҳи ҳам калтакдан ўсиб чиққан, дейди Зуҳра Солиева.

Ўзбекистондаги шоу-бизнесга ихтисослашган Shov-shuv.uz нашри муҳаррири, журналист Жасур Ҳамроев эса бу қоидани зарур, аммо амалга ошиши қийин, деб ҳисоблайди:

- Паст савиядаги матнларни қўшиқ қилиниши юзасидан шикоятлар кўпайгани бу қоида жорий қилинишига эҳтиëж туғдирди. Бадиий кенгаш ëки эксперт комиссияси фақат назорат машинаси эмас, балки санъаткорларни тўғри йўлга бошлайдиган қаттиққўл тарбиячи ролини ўйнаши мумкин, деб ўйлайман. Бу қоидани зарур деб ҳисоблайман аммо бажарилиши қийинлигини ҳам билиб турибман, дейди Жасур Ҳамроев.

Ўзбекистонда "ашулачилар вазирлиги" мақомида бўлган “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмаси хонандалар ва уларнинг маъмурлари учун мунтазам тарбиявий мажлислар ўтказиб келади.

Шунингдек, бу ташкилот ашулачиларнинг очиқ-сочиқ кийинмаслиги, беҳаë турмуш тарзига берилмаслигини таъминлаш учун курашаëтгани ҳам айтиб келинади.


XS
SM
MD
LG