Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:02

Фарғоналик ўзбек шоири “Русская Премия” мукофотини олди


Шоир Шамшод Абдуллаев
Шоир Шамшод Абдуллаев
Фарғоналик 57 яшар ўзбек шоири Шамшод Абдуллаев яқинда адабиëт соҳасидаги "Русская Премия" халқаро мукофотига сазовор бўлди. Россияда мустамлакачилик соғинчи кучайган бир пайтда рус тилида ижод қилувчи ўзбекистонлик шоирнинг Москва тарафидан тақдирланиши россияпарастликни тарғиб қилувчи кампаниянинг давоми каби кўринмоқда.

Москвадаги Президент Борис Ельцин маркази кўмагида ўтказилиб келаëтган адабиëт мусобақасининг бу йилги соврини ўтган ой охирида рус тилида ижод қиладиган ўзбек шоири Шамшод Абдуллаевга берилди.

Ўзбек шоирининг "Приближение окраин" (“Чекка ўлкаларнинг яқинлашуви”) китоби халқаро мукофотга лойиқ деб топилди.

Адабиëт мусобақаси ташкилотчиси¸ адабиëтшунос Татьяна Восковскаянинг Озодликка билдиришича¸ Шамшод Абдуллаев китобидаги оригинал поэтик изланишлар ҳакамлар ҳайъати тарафидан эътироф қилинган:

- Шамшод Абдуллаев шеърларининг поэтик оригиналлиги ва мазмунан чуқурлиги боис мусобақанинг шеърият йўналишидаги совринига шу йилнинг апрель ойи охирида лойиқ топилди. Москвадаги Ельцин маркази биносида куни кеча бўлиб ўтган тантанали тадбирда Шамшод Абдуллаевга бу мукофот топширилди. Мукофот ëрлиғи ëнида пул ҳам бор. Абдуллаев 150 минг рус рублини ҳам мукофот иловаси сифатида олди¸ деди Татьяна Восковская.

Россиянинг собиқ мустамлакаси бўлган ҳудудда яшайдиган ва ўз асарларини русча ëзадиган маҳаллий шоирга “Рус мукофоти” берилиши¸ Россиянинг Украина ҳудудларидан бир қисмини ишғол қилгани фонида юз берди. Мукофот олган китоб ҳам “Чекка ўлкаларнинг яқинлашуви” ("Приближение окраин") деб аталади. "Окраина" ва "Украина" калималарининг ўзаги бирлиги эътиборга олинса¸ бу ҳолат Россия пропагандасининг давоми каби кўринади.

Адабиëт мусобақаси ташкилотчиси¸ адабиëтшунос Татьяна Восковскаянинг Озодликка айтишича¸ Россиядаги сиëсий вазиятнинг бу мукофотга алоқаси йўқ:

- Окраина ва Украина калималарининг асли бир бўлса ҳам биз Шамшод Абдуллаевнинг "Приближение окраин" китобини сиëсий коньюнктура юзасидан тақдирламадик. Китобдаги поэтик кашфиëтлар ва сўз санъати тақдирланди. Гарчи Президент Борис Ельцин маркази шаклан сиëсий бир ташкилот бўлса ҳам¸ бу мусобақа критерийлари фақат санъат асосига қурилган. Бу мукофот Россия ташқарисида рус тилида ижод қиладиган ëзувчиларга бериладиган ягона мукофотдир¸ дейди адабиëтшунос Татьяна Восковская Озодлик билан суҳбатда.

"Русская Премия" адабиëт мусобақасининг бу йилги дастурида дунëнинг етти мамлакатида рус тилида ижод қилувчи ўндан зиëд ижодкорлар тақдирланди.

Кечиккан эътироф

Шамшод Абдуллаев ижодини таҳлил қилган тошкентлик адабиëтшунос Рифат Гумеровнинг Озодликка билдиришича¸ шоирга бу мукофотнинг берилиши адолатли, аммо бир оз кечиккан тадбирдир:

- Шамшод Абдуллаевни замонамиз классиги¸ “Фарғона поэтик мактаби” ташкилотчиси, деб айта оламан. Абдуллаев ўзбек поэзиясида Рауф Парфи¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Хуршид Даврон ва Баҳром Рўзимуҳаммад яратган поэтик авангардизм давомчисидир. Шамшод ўз шеърлари учун форматни рус поэзиясидан эмас, балки Ўрта Ер денгизи ва Америка поэзиясидан олади. Шу маънода уни рус эмас, балки Ғарб шоири, деб айта оламиз. Мукофот ва эътироф бир оз кечикканини ҳам айтишим лозим¸ дейди Рифат Гумеров Озодлик билан суҳбатда.

Русийзабон шоир



Шамшод Мажидович Абдуллаев Фарғона шаҳрида туғилган, шу шаҳарда яшаб ижод қилаётган шоирдир.

Унинг шу пайтгача ўнга яқин шеърий тўплами чоп қилинган. Шоирнинг “Оралиқдаги масофа” шеърий тўплами 1993 йили Россиядаги Андрей Белий номидаги адабиëт мукофотига сазовор бўлган.

“Русская Премия” мукофоти


Адабиëт соҳасидаги халқаро "Русская Премия" мукофоти 2005 йилда дунëдаги русийзабон ëзувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган.

Мазкур соврин Россиянинг адабиëт соҳасидаги энг обрўли бешта мукофотидан бири экани айтилади. Йўналишлар бўйича бош мукофот лауреатлари диплом ва 150 000 Россия рубли олади.
XS
SM
MD
LG