Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

“Туркистон” санъат саройидаги баҳайбат монитор 7 кишини босиб қолди


"Туркистон" ёзги концерт саройи
"Туркистон" ёзги концерт саройи
“Туркистон” ёзги санъат саройининг ёзги биносида 19 май куни ўтказиладиган концерт олдидан саҳнадаги катта монитор қулаб тушди. Фожиа оқибатида етти киши жароҳатланди, улардан уч нафари оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Сарой расмийларининг айтишича, концерт бошланишидан олдин эсган кучли шамол мониторни қулатиб юборган.


“Туркистон” санъат саройида 19 май куни соат 17да ўтказилиши режалаштирилган “Ёшлик баҳори” гала концерти ўтказилмади.

Бунга концерт бошланишидан бир неча дақиқа олдин сарой саҳнасидаги катта мониторнинг қулаб тушиши сабаб бўлди.

Воқеа гувоҳларидан бири тошкентлик 21 ёшли Рустамнинг айтишича, кўпчилик қулаб тушган монитор остида қолган:

- Ҳамма концерт бошланишини кутиб турганди. Ҳаво айланиб шамол турди. Бир икки томчи ёмғир ёға бошлади. Бир пайт саҳнадаги катта монитор қарсиллаб қулаб тушди. Қий-чув бўлиб кетди. Кейин тез ёрдам келиб жароҳатланганларни олиб кетди. Концерт бўлмади, - деди Рустам.

“Туркистон” санъат саройининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, фожиа оқибатида уч киши оғир жароҳат олган:

- Концертдан олдин кучли шамол бўлди. Саройимиз очиқ жойдаку, шунга размери 4х4 бўлган монтиромиз дош беролмади шекилли, қулаб тушди. Аксига олиб ўша пайтда ёмғирдан қочган саҳна хизматчилари ўшанинг тагида экан. Беш-олти киши жароҳатланди, шулардан уч нафарининг жароҳати сал оғирроқ, қолганларга касалхонада биринчи ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган, - деди санъат саройи расмийси.

Мулозимнинг айтишича, мониторни осишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган шахслар тегишли жавобгарликка тортилади ва бундан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилади.

Бироқ Озодлик билан боғланган воқеа гувоҳлардан бирининг ёзишича, фожиа содир бўлганда ҳеч қандай кучли шамол бўлмаган:

"Мен ўзим бу воқеага гувоҳман. Кеча у ерда тамоман бошқача бўлди. Кучли шамол бўлгани йўқ. Бу фақат концерт ташкилотчиларининг айби. Монитор мустаҳкам монтаж қилинмагани боис узилиб одамларнинг устига тушди. Шамол ва ёмғирни айблаш ноўрин", деб ёзади воқеа гувоҳларидан бири.

«Туркистон» саройининг ёзги залида 3034 та томошабин ўрни бор. Бу хабар саройда бундай фожиа содир бўлганига оид илк хабардир.

Бу санъат саройида ҳукумат тадбирлари, жамоат ташкилотлари гала-концертлари ва таниқли хонандаларнинг ёз мавсумида ўтказадиган бир неча кунлик йирик концерт дастурилари ўтказилади.
XS
SM
MD
LG