Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:21

Тошкентда қора ниқобли икки босқинчи қамалди


Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди қора ниқоб кийган ҳолда қурол билан қўрқитиб, босқинчилик қилган икки йигитни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди. Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ҳам қуролланган қора ниқобли яна икки талончи қидирилмоқда.

Пойтахтнинг Юнусобод тумани Анорзор (собиқ Ғуломмаҳмуд Абдуллаев) маҳалласида яшовчи Носир ака исмли шахснинг уйига қурол билан бостириб кириб, ўғирлик қилган икки йигитнинг маҳкама жараёни яқинда якунланди.

Юнусобод туман ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, йигитларнинг бири 25 ёш, иккинчиси 26 ёшда бўлиб, улар қора ниқоб кийган ҳолда ярим тунда Носир аканинг уйига бостириб кирган.

Манбанинг айтишича, босқинчилар пистолет билан қўрқитиб, уй эгаларининг қўл-оёқларини боғлаб қўйиб, уларни калтаклашган. Сўнг уйдаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб кетишган.

Талончиларнинг исми- шарифини очиқламаган манбага кўра, иккала йигит ҳам ўғирликдан кўп ўтмай Юнусобод милициясининг тезкор қидирув гуруҳи томонидан қўлга олинган.

Куни кеча Юнусобод туман жиноят ишлари суди ушбу икки йигитни босқинчилик, талончилик ва ўғирликда айбдор деб топиб, уларнинг бирига 21 йил, иккинчисига эса 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Озодлик манбасига кўра, иккала йигит олдин ҳам Жиноят кодексининг ўғирлик моддаси билан уч марта судланиб, қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Ўғирликдан сўнг Носир ака оиласи билан Анорзор маҳалласидан кўчиб кетган.

Ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбамизга кўра, суд жараёнида босқинчиларнинг пистолети оддий ўйинчоқ қурол экани аниқланган.

Андижоннинг Шаҳрихон туман милицияси эса шу кунларда ҳақиқий қурол билан қора ниқобда босқинчилик уюштирган икки талончини қидирмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, май ойида Шаҳрихон туманида қора ниқобли ўғрилар билан боғлиқ иккита босқинчилик ҳолати содир этилган. Иккала ҳолатда ҳам қора ниқобли қуролланган шахслар ўзига тўқ одамлар уйига бостириб кириб, ўғирлик қилган.

Андижон ҳуқуқ- тартибот идорасидаги манбага кўра, ҳозирда ушбу жиноят бўйича жами 23 нафар киши ҳибсга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда:

“23 кишини группа-группа қилиб ўрганаяпмиз. Лекин асосий гумондор бўлган шахс ушбу ўғирликлардан сўнг Россияга чиқиб кетган. У аввал ҳам Жиноят кодексининг 166-моддаси билан уч марта судланиб чиққан. Ҳозир унинг Россиядаги адресини аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз. Кейин ўша жойдаги органларга ахборот жўнатамиз”, деди манба.

Ҳозирда Шаҳрихондаги қора ниқобли босқинчиларни қидириш бўйича махсус штаб ташкил қилинган. Андижоннинг барча туманлари ва қўшни вилоятларга ҳам талончилар борасида маълумотнома жўнатилган.

XS
SM
MD
LG