Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

OzodlikOnline: Ким эдигу ким бўлдик?


Президент Каримов мустақилликнинг 23 йиллигини нишонлашга қаратилган байрам дастури учун “тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш ҳақида фармон берди. Душанба¸ 7 июль куни жонли мулоқотда президент саволига жавоб беринг!

1 июль куни Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.


“Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг шонли тарихидаги буюк ва ўчмас санани – Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигини кенг нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқда. Ана шу улуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш мақсадида бугунги кунда олиб бораётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини аввало биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ва марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англаш ташкил этиши даркор” деб бошланади президент имзо чеккан мазкур қарор.

Мустақиллик ва у туфайли “Ўзбекистон эришган оламшумул ютуқларнинг” халқ онггига яхшироқ етиб бориши учун президент Каримов байрамга ҳозирлик жараëнида қилиниши лозим қатор тадбирлар режасини ҳам белгилаб берди.

Улар орасида¸ асосий ғоя қилиб белгиланган “ким эдигу ким бўлдик?” саволининг Оқсарой ҳозирлаган жавобини ҳар бир ўзбекистонлик шуурига қаттиқроқ сингдириш вазифаси ҳам топширилган.

Бу саволга берилган узундан узун расмий ҳисоботда жумладан¸ “мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш. Бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақам ва кўрсаткичлар мисолида қиёсий таҳлиллар орқали кўрсатиш” ҳам белгилаб берилган.

Сиз Ислом Каримов қўйган саволга қандай жавоб берасизу¸ бу саволга Каримов тақдим қилган жавобга қандай муносабат билдирасиз?

Жавоб ва мулоҳазаларингизни душанба¸ 7 июль куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 га қадар OzodSkype, OzodOvoz ва OzodlikOnline Skype манзилларига қўнғироқ қилиб¸ мазкур савол хусусидаги мулоҳазаларингизни жонли эфирда билдиринг!

XS
SM
MD
LG