Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:37

Келеслик “фолбин” кўзига кўринган "махлуқ" ижтимоий тармоқни портлатди


Келесдаги "махлуқни" томоша қилиш учун ўнлаб одам кўприк устига тўплангани тасвирланган суратни мушатрийларимиз юборди.
Келесдаги "махлуқни" томоша қилиш учун ўнлаб одам кўприк устига тўплангани тасвирланган суратни мушатрийларимиз юборди.

Ўтган шанба ва якшанба куни “Келес томлари узра югураëтган” даҳшатли махлуқ тошкентликлар тилида достон бўлди. Тилдан тилга, телефондан телефонга кўчган воқеа қаҳрамони бўлган “махлуқ” тўғрисидаги миш-мишларнинг янада кучайгани кузатилди. Одамлар оғзидан ижтимоий тармоқларга, ижтимоий тармоқлардан эса қайтиб яна эл оғзида элак бўлаëтган Келесдаги "сирли махлуқнинг" милиция ходимларига ҳужум қилгани ва пировардида ушлангани хабари чиққанидан кейин Озодлик мухбирлари “Келес махлуқи” атрофидаги юзага келган вазиятни ойдинлаштиришга уринди.

Озодликнинг WhatsApp ва Telegram тармоқларидаги манзилларига келган мактубларда бу махлуқнинг тош отиб келесликларни безовта қилгани айтилади.

“Келесда мостнинг тагидаги уйлар томида бир одамсифат махлуқ томдан томга сакраб, аҳолига тош отиб, ҳаммани безовта қилди. Ҳеч ким тута олмаëтганмиш, милицияларга ҳам тош отаëтганмиш. Отаëтган тошлари қирралимиш¸ отган одамига аниқ тегармиш. Узоқ оралиқ масофадаги томларга хам бемалол сакрармиш”, дейилади Озодликка келган хабарлардан бирида.

Кейинги мактубда эса, “Келес махлуқининг 50 метр баландликка бемалол сакрагани” айтилади. Мактубга эса Келес кўприги устига чиқиб “тошотар махлуқни” томоша қилишга ҳавасланганлар фотосурати илова қилинган.

Келеслик “фолбин” кўзига кўринган "махлуқ" ижтимоий тармоқни портлатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00

Озодликнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси бу гаплар келеслик фолбин тарафидан айтилганидан кейин одамлар орасида яшин тезлигида тарқалганлигини айтади:

- Келес шаҳри, Муқимий кўчаси учинчи уйда яшовчи Каримова Лариса деган аëлнинг эрдан ажраб, уйига келиб ўтирган қизи одам кўрар экан. Табиблик, фолбинлик каби ишлар билан шуғулланар экан бу қиз. Ўша она-қизнинг кўзига бирданига кўринибди шунақа махлуқ. Қанақадир шарпа дейди. Шув этиб, у ëқдан бу ëққа ўтиб кетар экан. Бир марта эмас икки-уч марта кўрибди шунақа нарсани,- деб маълум қилди Озодликнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Айни пайтда, Каримова Лариса ва унинг фолбин қизи аҳоли орасида саросима солувчи гапларни тарқатмаслик юзасидан огоҳлантирилгани ҳам Озодликка маълум бўлди.

Келесликлар орасида танилган бу фолбиннинг сирли махлуқ кўргани ҳақидаги гапларини бу фолбинга ихлос қўйган ўнлаб мижозлар тарқатиб юборгани айтилмоқда.

Озодликнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича, “Тошкентни оралаб юрган шарпа”нинг милиционерларга ҳужум қилгани ва пировардида бу шарпанинг қўлга олингани борасидаги гап сўзлар мутлақо асоссиз.

- Қўлимдаги ҳужжатларга асосан сизга аниқ айта оламанки, Зангиота туманида ва Келес шаҳрида томдан томга сакрагани ва тош отгани учун ҳеч ким қўлга олинмаган. Шу билан бирга кейинги бир ҳафта ичида милиционерга тажовуз қилиш борасида ҳеч қандай ҳолат қайд қилинмаган. Келес кўприги устига йиғилган одамларни милиция кўмагида тарқатиб юборилгани ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз,- дейди Озодликнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

“Махлуқ” ҳақидаги миш-мишлар жилғаси дарëга айланди

Айни пайтда, “Келес махлуқи” борасидаги миш-мишлар тарқалишда давом этмоқда. Билағонлар эса томма-том сакрайдиган паркур спорти билан шуғулланадиган болалар кун иссиғида одамлар кўзига ажина бўлиб кўринаëтганлигини айтишмоқда.

Озодлик мухбири Келесда истиқомат қиладиган ва ўзини Рустамбек, деб таништирган тадбиркор билан суҳбатлашди.

- Шунақа гап бугун ҳам тўхтамади. Ҳозир чиққан янги гап шуки, келеслик битта азайимхон биттасини билмасдан тескари ўқиб қўйибди. Тескари ўқилган бу бечора эсдан оғиб томма-том сакраб юрганмиш. Тескари ўқилгани учун милициянинг кўзига кўринмас экан. Лекин тўғриси ўзим кўрмадим. Эшитганимни айтдим холос,- дейди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик психолог олим Маҳмуд Йўлдошев матбуот ривожланмаган давлатда миш-мишлар халқ учун ягона ахборот манбаига айланади, деган фикрни билдирди.

- Одамнинг табиатида бор миш-мишларга қизиқиш. Одам табиатида бўлган яна бир хусусият эса миш-миш тарқатишга қизиқиш. Битта миш-мишни тарқатиб юбориб, қараб туради қани одамлар нима дер экан, деб. Афанди ҳам “йўлнинг бошида текин олма тарқатяпти”, деб болаларни алдаган. Болаларнинг гув этиб ўша томонга югурганини кўргандан кейин “рост шекилли”, деб афандининг ўзи ҳам орқасидан югурган. Шу маънода матбуот бўлмаган жойда урчийдиган бунақа олди-қочди гапларга эътибор бериб, уни матбуотга ҳам олиб чиқмаслик керак,- дейди тошкентлик психолог олим Маҳмуд Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, Тошкент ҳар ой бир миш-миш тарқаладиган шаҳарга айланган.

Масалан, жорий йилнинг апрель ойида Тошкентдаги боғлардан биридаги аттракцион сими узилиб кетиб, ўнлаб одамлар ўлгани ҳақида тарқалган миш-мишлар кейинчалик тасдиғини топмаган эди.

XS
SM
MD
LG