Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Тожик-қирғиз чегарасида яна жанжал


10 июль куни Тожикистоннинг Исфара туманидаги тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган отишмада бир нафар тожикистонлик ўлди, етти нафари турли хил жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди.

10 июль куни Тожикистоннинг Исфара туманидаги тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган отишмада бир нафар тожикистонлик ўлди, етти нафари турли хил жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди.

Тожикистоннинг Исфара шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, 10 июль куни чегарада бўлган отишмада Ворух қишлоғида истиқомат қилган 36 ёшли Сафоиддин Шаропов вафот этган. Аниқланган маълумотларга кўра, у сув келтириш учун қувур кўмиш жараёнида келиб чиққан зиддият натижасида қирғиз чегарачиси отган ўқдан ҳалок бўлган.

Тожикистонлик яна 7 киши ўқотар қуролдан олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган. Жароҳатланганларнинг икки нафари Ворух қишлоғидаги ва беш нафари Исфарадаги касалхонага келтирилган.

Тожикистон Бош вазири ўринбосари Муродали Алимардон қирғиз ҳамкасби Абдираҳмон Маматалиев билан учрашиш учун Исфарага учиб келгани айтилди.

Воқеа 10 июль куни эрталаб соат 11да рўй берган.

Ворух қишлоғида истиқомат қилувчи Озодлик манбасининг айтишича, ҳалок бўлган Сафоиддин ҳамқишлоқлари билан биргаликда Каравшин дарёсидан қувур орқали сув олиб келмоқчи бўлган. Бу дарёни эса Қирғизистон томони ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Сув келтириш ишлари чоғида ворухликлар ва қирғиз чегарачилари ўртасида жанжал келиб чиққан. Ворухлик манбага кўра, қирғиз чегарачилари қуролсиз одамларга қарата ўқ узган.

Қирғизистон ҳукумати баёноти

Қирғизистон Давлат чегаралари хизмати матбуот бўлимининг хабарига кўра, 10 июль куни Боткент вилоятининг Боткент туманидаги Тамдик қишлоғида тожик ва қирғиз чегарачилари ўртасида отишма бўлиб ўтган.

Қирғиз томони баёнотида айтилишича, чегарачилар ўртасидаги отишмага тожикистонлик фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари сабаб бўлган.

“Ўттиз нафарга яқин Тожикистон фуқаролари Қирғизистон ҳудудидаги Каравшин дарёсидан ўзларининг Бедак қишлоғига сув қувурлари тортиб келмоқчи бўлишган. Қирғиз чегарачилари бу ерга келиб, ишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган. Бироқ тожикистонликлар қирғиз чегарачиларини тошбўрон қилган. Қирғиз чегарачилари осмонга огоҳлантирувчи ўқ узган. Аммо унча узоқда бўлмаган тожик чегарачилари қирғиз чегарачиларига қарата ўт очган. Натижада икки давлат чегарачилари ўртасида отишма бошланиб кетган. Бу зиддиятни кучайтирмаслик учун икки томон чегарачилари вакиллари ўртасида учрашув ташкил қилиш режалаштириляпти. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонидан жабр кўрганлар йўқ”, дейилади қирғиз томони баёнотида.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдираҳмон Маматалиев ушбу воқеа юзасидан текширув бошланганини айтди.

Тожикистон ҳукумати баёноти

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бўлиб ўтган воқеа юзасидан Қирғизистон томонига нота юборди.

“10 июль куни маҳаллий вақт билан соат 11.30да Тожикистон Республикаси Исфара туманининг “Ворух” кооператив хўжалигига қарашли ҳудудда Тожикистон фуқаролари томонидан сув қувурлари ётқизиш ишлари олиб борилаётган эди. “Тамдик” қирғиз чегара пости чеграчилари келиб, у ерда ишлаётган маҳаллий аҳолини ҳақоратлаб, ишни тўхтатиш ва бу жойни тарк этиш каби ғайриқонуний талабларини қўя бошлаган. Унчалик узоқда бўлмаган тожик чегарачилари етиб келиб қирғиз ҳамкасбларининг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатишга уринган. Бироқ жавоб ўрнига қирғиз чегарачилари бирданига автоматлардан ўт очишни бошлаган. Натижада 7 нафар тинч аҳоли ва бир нафар чегарачи ярадор бўлган. Бир нафар Тожикистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлган. Шуни қайд қилиш лозимки, тожик чегарачилари битта ҳам ўқ отмаган. Аниқланмаган ҳудудлар ҳақидаги кўп марталик келишувларимизга қарамай, бу келишувлар Қирғизистон Республикасининг айрим органлари томонидан бузилаётганидан тожик томони афсус билдиради. Бўлиб ўтган воқеаларга ойдинлик киритиш учун тожик томони қирғиз томонига расмий нота юборди”, дейилади Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги юборган нотада.

Тожикистоннинг Ворух анклави Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ҳудудда илгари ҳам ер ва сув масаласида жанжаллар бўлиб турган.

Жумладан жорий йилнинг 27 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух анклави аҳолиси ўртасида юз берган жанжал пайтида 4 қирғизистонлик оғир тан жароҳати олгани, 1 омборхона ва 1 автомашина ёқиб юборилгани ва ўнга яқин автомашинага зиён келтирилгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG