Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Мурод Жўраевнинг яқинлари унинг соғлиғи юзасидан қаттиқ хавотирда


Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоғида қолмоқда.
Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоғида қолмоқда.

Ўзбекистон қамоғида энг узоқ вақт қолаëтган сиëсий маҳбуслардан бири Мурод Жўраевнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашмоқда. Бу ҳақда Озодликка унинг рафиқаси Холбика Жўраева маълум қилди.

14-15 июль кунлари Чирчиқ шаҳридаги 64/6 жазони ўташ муассасасида сақланаётган турмуш ўртоғини кўриб қайтган Холбика опага кўра, оғзида битта ҳам тиши қолмаган Мурод Жўраевни шу кунда бошқа дардлар ҳам безовта қила бошлаган.

- Гайморит касаллари бор эди эскитдан. Ўша гайморитлари жуда кучайиб кетган. Мияни йиринг босганми – тўхтовсиз бурунларидан йиринг келаяпти, (тўхтатишнинг) ҳеч иложи йўқ-да. Битта рўмолчани қўйиб, биттасини алмаштираяптилар. “Бошимнинг орқа томони оғир бўлаяпти, эгилсам, кўтаролмаяпман, давление кўтарилиб кетяпти”, дейдилар. Гайморитдан бўлса керак, деб ўйлаяпман.

Кейин кекириш пайдо бўлибди. Минутига кекириб турибдилару оғизларидан қандайдир бир ҳид келяпти. Ошқозоности бези бўлса керак, деб тушундим. Хайриятки, “ўзим ичаман” деб, озгина “Мезим” (ҳазмга ёрдам берадиган ҳапдори – таҳр.) олиб борган эканман, шу “Мезим” билан озгина овқат едирдим.

Кекириши бир минут ҳам тўхтамаяпти. Бу ёқдан гайморит – бурнидан сув кетяпти, ҳам бу ёқдан кекириш пайдо бўлган-да, кучли, овозли кекириш. Энди ёши ўтган сайин касаллик ҳам кучини оляптими?.. Шундоқ кайфиятим ёмон бўлиб чиқдим, - дейди Холбика Жўраева гайморит туфайли турмуш ўртоғининг кўзлари ҳам ўта хиралашиб қолганини қўшимча қиларкан.

Қирчиллама йигит ёшида озодликдан маҳрум қилинганича панжара ортида пайғамбар ёшига етган Мурод Жўраевга, рафиқасининг эътирофича, қамоқхонада тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти, бундан эса унинг яқинлари қаттиқ ташвишга тушганлар.

Ўзбекистон парламенти собиқ депутати¸ Қашқадарë вилоятидаги газга бой Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими Мурод Жўраев 1994 йили ҳокимиятни ағдаришга уринганлик айби билан даставвал 12 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Аммо ҳар сафар қамоқ муддати тугаши арафасида унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби қўйилиб, жазо изоляторига ташланиб, муддати чўзиб қўйилаверган. Шу тариқа, бугунги кунгача М. Жўраевнинг қамоқ муддати беш марта узайтирилган.

Аммо, Холбика опага кўра, турмуш ўртоғи бу йил одатдаги тартибда бироз ўзгариш кузатилганини айтган.

- Байрамолди изоляторга тиқарди март ойларида. Бу сафар виговор берибдию изоляторга тиқмабди. Чунки виговор бермаса, амнистияга тушишлари керак-да. “Изоляторга тиқмади”, дедилар, - дейди Холбика опа турмуш ўртоғи бунда ҳам бир хайр кўриб, қамоқдан қутилиб чиқишга умид қилаётганини айтаркан.

Мурод Жўраевнинг яқинлари унинг амнистияга тушишига ишонмасалар-да, саломатчилиги туфайли муддатидан олдин озод бўлишига, жилла қурса, у кишига яна муддат қўшиб берилмаслигига умид қилаётган эканлар.

Холбика опанинг айтишича, М. Жўраевга белгиланган сўнгги жазо муддати 2015 йилнинг 12 ноябрида тугаши керак.

Мурод Жўраев номи кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузиб келинадиган Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатидан тушмай келади.

XS
SM
MD
LG