Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:10

Кобзон, Газманов ва Валериянинг Латвияга кириши тақиқланди


Латвия ҳукумати «Украина мустақиллиги ва яхлитлигига келтирган зарари» туфайли бир гуруҳ россиялик эстрада юлдузларига мамлакатга киришни тақиқлади. Латвия Ташқи ишлар вазирининг бу қарори Юрмалада 22 июль куни бошланаётган «Янги тўлқин-2014» мусиқа танлови олдидан эълон қилинди.

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатга кириш тақиқланган бир гуруҳ Россия қўшиқчилари рўйхатини эълон қилди.

«Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс номаълум муддатга россиялик эстрада намояндалари Олег Газманов, Иосиф Кобзон ва Алла Перфилова – Валерияларни Латвияга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди», дейилади ТИВ сайтидаги расмий хабарда.

Вазир ўз қарорини «бу шахслар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига келтирган зарар билан» изоҳлади. Латвия расмийлари агарда «қора рўйхатга» киритилган шахслар ҳозир Латвия ҳудудида бўлса, мамлакатдан чиқариб юборилишини айтди.

Латвия ҳукумати қароридан хабар топган таниқли қўшиқчи Иосиф Кобзон мамлакат Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичсни «сайлов олдидан ўзига пиар қилаётган ахмоқ», деб атади.

Келиб чиқиши украиналик бўлган Кобзон (унга атаб юрти Донецкда ҳатто бронза ҳайкал ўрнатилган) Россия Ташқи ишлари вазири Сергей Лавровга арз қилишини билдирди.

Айтиш жойизки, 23 июль куни Юрмалада Иосиф Кобзоннинг ижодий кечаси ўтказилиши режалаштирилган.

Персона-нон-грата деб эълон қилинган қўшиқчи Олег Газманов Латвияга кириш тақиқланганига қарамасдан «Янги тўлқин» танловига боришини билдирди.

Валерия номи остида танилган Алла Перфилованинг турмуш ўртоғи Иосиф Пригожин Латвия Ташқи ишлар вазирлиги қароридан ғазабга келганини билдирди.

- Мен Игорь Крутой («Янги тўлқин-2014» мусиқа танлови ташкилотчиси – таҳр.) ўрнида Латвияга бойкот эълон қилиб, бу йили танлов ўтказилишини умуман қолдирган бўлардим, - деди Валериянинг продюсери Иосиф Пригожин.

Валерия Россия президенти Владимир Путиннинг Қрим ва Украинадаги олиб борган амалиётларини қўллаб-қувватлагани ва украиналик қўшиқчиларни бойкот қилиш – уларни Россия ҳудудига киритмасликни таклиф қилган эди.

Мусиқа фестивали ташкилотчилари ҳозирча Латвия ҳукумати қарорини изоҳлаганича йўқ.

Маълум бўлишича, Иосиф Кобзон ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Марис Гулбис томонидан «қора рўйхатга» киритилган. Бир йилдан кейин у бу рўйхатдан чиқарилган.

Латвияга кириш тақиқланганлар «қора рўйхатига» сўнгги ўн йил давомида киритилганлар қаторида Москванинг собиқ мэри Юрий Лужков, миллиардер Борис Березовский, «REGNUM» ахборот агентлиги раҳбарлари Игорь Павловский ва Модест Колеровлар киритилган.

XS
SM
MD
LG