Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:50

Бан Ки Мун ва Жон Керри Ғазода урушни тўхтатишга уринмоқда


АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Исроил ва Ғазо секторини назорат қилаëтган Ҳамас етакчиларини ўт очишни тўхтатишга кўндириш борасида олдинга силжиш бўлганиини маълум қилди. Бироқ Керри томонларни муросага келтириш учун қилинадиган ишлар кўплигини қўшимча қилди.

Исроил ва Ҳамас ўртасида Ғазо секторида икки ҳафтадан ортиқ вақтдан бери давом этаётган уруш ҳаракатларида 23 июлга қадар 600 дан ортиқ фаластинлик, асосан тинч аҳоли вакиллари, Исроил томонидан эса 27 аскар ва икки фуқаро нобуд бўлди.

Исроил ва Ҳамас ўртасида оташкесим жорий қилиш орқали Ғазодаги зўравонликка барҳам бериш мақсадида АҚШ Давлат котиби Жон Керри 23 июль куни Қуддус шаҳрида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан учрашди.

Керри сўзлашувда қандай масалалар муҳокама этилиши режаланганини очиқламади.

Айни пайтда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 23 июль куни Женева шаҳридаги фавқулодда йиғилишида Ғазо секторида Исроил ва фаластинликлар ўртасида давом этаётган уруш муҳокама қилинди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай Ҳамас жанггариларига қарши ҳужумларни кучайтираётган Исроил томонидан Ғазода уруш жиноятлари содир этилаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

Пиллай Исроил қўшинлари томонидан жазо чораси сифатида уйларнинг бузилгани ва у ерда болаларнинг ўлдирилганини қоралади.

- 16 кун давомида Ғазода 147 нафар бола ўлдирилди. Улар бошқа мамлакатлардаги болалар каби яшаш ҳуқуқига эга эдилар. Уларнинг ўлдирилгани ҳужумлар пайтида фарқлаш, мутаносиблик ва эҳтиёткор бўлиш принципларига риоя қилиш борасида хавотирлар уйғотади, дея баён қилди Пиллай хоним.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари фаластинлик жанггарилар Исроил ҳудудига қарата ракеталар отаётганини қоралади.

Исроил Президенти Шимон Перес билан учрашувдан сўнг БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ҳамас жанггарилари томонидан Исроилга ракеталар отилганини, шунингдек, Ғазо секторига ҳужумларда фаластинлик болалар Исроил аскарлари томонидан ўлдирилганини қоралаганини билдирди.

“Зўравонлик тўхтатилиши керак ... Диалог бошланиши керак. Мен томонлар ўртасида шундай диалог бошлашни рағбатлантиришга ҳаракат қиляпман”, дея баёнот берди БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

XS
SM
MD
LG