Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:22

"Эбола вирусининг Ўзбекистонга келиши эхтимоли борасида ортиқча хавотир йўқ"


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғарбий Африка мамлакатларида тарқалган Эбола вирусини халқаро аҳамиятга эга бўлган таҳдид дея эълон қилар экан Ўзбекистон ҳам бу вируснинг мамлакатга киришини олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтирган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Комил Муҳаммедов Озодлик билан суҳбатда касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиши эхтимоли борасида ортиқча хавотир йўқ эканини айтди.

Жаноб Муҳаммедов четдан ҳар қандай юқумли касаллик, жумладан, Эбола вирусининг ҳам кириб келишини олдини олиш учун аэропорт ва чегара масканларида назорат кучайтирилганини айтди. Лекин Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда алоҳида карантин ҳолати жорий этилмаган.

- Ҳозирги пайтда Африкада тарқалган ва кенг тарқалиш хавфи бор бўлган бу вирус назоратини олиб бориш учун бизда ҳар бир чегара масканида, жумладан, аэропорт, вокзал ва чегарадан автотранспорт ўтиш жойларида санитария –назорат пунктлари бор.

Ҳар бир гумон қилинган шахс ўша пунктдан ўтаётганда иситмаси текширилиб, агар нимадир гумон қилинса, дарров изоляция қилиниб, тегишли тадбирлар ўтказилади. Халқаро аэропортларимизда тепловизорлар ўрнатилган. Чегара масканларимизда ҳам масофадан иситмани ўлчайдиган мосламалар бор. Ҳозир бу касалликни мамлакатга киришини олиш учун барча чора тадбирлар кўрилган, - деди Муҳаммедов.

Ўзбекистоннинг кўпгина аэропортларида шубҳали кўринган йўловчилар ҳар доимгидек текширилмоқда. Ҳозирча аэропортда Эбола касаллиги берадиган аломатлар билан ҳеч ким қайд этилмаган.

- Шу касалга чалинганлар билан яқин мулоқотда бўлганларга вирусни юқиши эҳтимоли жуда юқори. Лекин бугунги кунда бизни фуқаролар орасида бу касалга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлари йўқ. Чет элдан келадиган ҳар бир йўловчи, айниқса, Африка мамлакатларидан келадиган ҳар бир йўловчи чегарадан алоҳида назоратдан ўтказилади, - деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Комил Муҳаммедов.

Эбола вируси тана суюқлиги ёки қон орқали одамдан одамга юқади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, шу кунгача эбола вируси юққан қарийб 1000 киши ўлган. Эбола вируси бу йил биринчи марта март ойида Гвинеяда қайд этилган эди.

Одам ҳаёти учун ўта хавфли бўлган Эбола ўтган ойлар давомида Сиерра Леон, Либерия ва Нигерияда ҳам тарқалди.

Бу касалликка қарши эмлаш воситалари йўқ. Касаллик илк бор 1976 йилда Судан ва Конго Демократик Республикасида қайд этилган эди. Ўшанда касалликка чалинган 600 бемордан 432 нафари нобуд бўлган эди.

Эбола вируси тери кўчиши, иситма ошиши ва қонаш аломатлари билан билинади.

XS
SM
MD
LG