Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:57

Миграция карточкасини тўғри тўлдирмаган муҳожирга Россияда иш берилмайди


Россия июль ойининг охирларида меҳнат муҳожирларига миграция карточкаларининг тўлдирилишига оид янги талабни жорий этди. Айни пайтда мутахасислар Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий этган санкциялари ортидан мазкур мамлакатда ишчи кучига бўладиган талаб кўпайишини айтмоқдалар.

Россия Федерал миграция хизматининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Владимир Филиппов журналистлар учун ўтказилган брифингда миграция карточкаларининг тўлдирилишига оид янги тартиб юзасидан тушунтириш берди:

-"Чет эл давлатлари фуқароларининг ҳуқуқий вазияти” тўғрисидаги қонунга шу йилнинг 22 июлида янги ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, Россия Федерациясига ишлаш учун бораётган шахс миграция карточкасининг “Мамлакатга киришдан мақсад” деган бандида “ишлаш” деган ишоратни белгилаши шарт. Авваллари бу бандга “меҳмонга”, “хусусий”, “туризм” деб ёзилар эди. Энди бундай бўлмайди. Миграция карточкасида “ишлаш” деган сўзни белгиламаган муҳожирга Миграция хизмати томонидан ишлаш ҳуқуқи берилмайди, -деди Владимир Филиппов.

Бундан авваллроқ Россия меҳнат муҳожирлари ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши учун рус тилидан имтиҳон топширишлари шартлиги жорий этилган эди. Бундан ташқари меҳнат муҳожирлари Россия тарихи ва қонунларини ҳам билишлиги кераклиги таъкидланган.

Бироқ Ғарб Москвани Украинадаги бўҳронни кучайтираётганликда айблаб бир қатор санкцияларни жорий этганидан сўнг Кремль Европа Иттифоқи, Қўшма Штатлар, Австралия, Канада ва Норвегиядан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишни тақиқлаб қўйди.

Москвадаги қирғиз диаспораси раҳбари Руслан Эшимовнинг айтишича, бундай қарор ортидан Россиянинг ишчи кучига бўлган талаби ортиши мумкин.

-Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Россияга жорий этган санкцияларига нисбатан Россия ҳам санкцияларини эълон қилди. Ҳозир Россияда янги санкциялар ҳақида сўз бўлаяпти. Россия Европа ва АҚШдан олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини тақиқлади. Бу тақиқ ортидан юзага келадиган бўшлиқни Россия ўз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билангина тўлдира олади. Бунинг учун эса камида 35 миллион ишчи керак. Бу иш ўринларининг 5 миллионини россияликлар эгаллаган тақдирда ҳам яна 30 миллион ишчи кучи керак бўлади. Шунинг учун ҳам Россия аввал меҳнат муҳожирларига нисбатан жорий этган талабларни юмшатиши мумкин, -деб ҳисоблайди Руслан Эшимов.

Россия Федерал миграция хизмати расмий маълумотида айтилишича, 2014 йилнинг апрелигача бўлган ҳолатда Россияда салкам 11 миллион муҳожир меҳнат қилмоқда. Давлат ҳудудига кириб келаётган муҳожирларнинг асосий қисми 18-40 ёшлилар, уларнинг аксари эркаклар экани маълум.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский 6 август куни Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишда Марказий Осиёдан Россияга бораётган меҳнат муҳожирлари сони сўнгги пайтда 26 фоизга камайгани ва муҳожирлар сонининг камайишига миграция қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши сабаб бўлганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG