Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

Самарқандда ҳам хориждан мардикорларни ортга қайтариш бошланди


Самарқанд вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ташаббуси билан хорижга кетган меҳнат муҳожирларини уйига қайтариш бўйича изчил ва кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, вилоят ҳокими бедарак муҳожирлар оиласига ҳуқуқий ëрдам берувчи гуруҳларини ҳам ташкил қилган.

Жорий ҳафта Самарқанд вилоят ҳокими туманлараро кўчма қабулхоналар уюштириб, жойларда фуқаролар арзини тинглади ва асосан, четда юрган муҳожирларни қайтариш бўйича кўрсатмалар берди.

Озодлик манбасининг айтишича, Самарқанд ҳокими Зойир Мирзаев ҳафта бошида Иштихон туманида ўтказган мажлис пайтида чет элда юрган мардикорларни уйга қайтариш бўйича ҳукумат амалга ошираëтган тадбирлар самараси ҳақида гапира туриб ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фаолларини ҳушëрликка чорлаган.

Иштихон туманида сўзлаган ҳоким чет элда юрган мардикорларни уйга қайтариш ўта зарурлигини уқдирган ва бунда дараксиз юрган муҳожирларнинг оилаларга ҳуқуқий ёрдам берилиши учун кўрсатма берган¸

Самарқанд вилояти ҳокимиятидаги манбанинг Озодликка маълум қилишича, қўчма қабулхонага келган иштихонлик аëл Россияга иш излаб бедарак кетган икки ўғлини топишда ëрдам сўраб ҳокимга мурожаат қилган.

Ҳокимият матбуот хизматининг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, айни пайтда Россияга бедарак кетганларни топиш юзасидан фуқаролардан тушган учта ариза кўриб чиқилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги тизимидаги бошқармалардан бирида бошлиқ бўлиб ишлайдиган 52 яшар аëл исми ошкор қилинмаслиги шарти билан “Мардикорларни уйга қайтариш” деб аталган тадбирнинг биз билмаган тарафлари ҳақида Озодликка сўзлаб берди:

“Юқоридан буйруқ бўлгани учун хўжакўрсинга қилиняпти. Яқинлари иш излаб кетиб, бедарак йўқолганлар муаммоси 20 йилдан бери бор. Лекин айнан шу кунларда ҳўжакўрсин учун боласи Россияда бедарак кетган иштихонлик аëлни ҳоким билан учраштиришди. Самарқанддан жуда кўп одам АҚШда меҳнат қилади. Аммо, ҳоким фақат Россияга кетганларни қайтариш ҳақида гапиряпти”, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошнинг айтишича, мардикорларни уйга қайтариш бўйича Самарқанд ҳокимининг гапидан кейин милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинлари билан суҳбатлашмоқда.

“Лекин ҳеч ким нега булар Россияга кетмоқда, деб сўрамаяпти. Мен ҳам кетар эдим, жон деб. Катта бир бошқармада раҳбар бўлиб ишлайман, аммо ойлик жуда оз. Ойликни ошириш ҳақида ўйлаш ўрнига улар кампаниябозлик билан банд”, дейди Самарқанд вилоят ҳокимлиги тизимидаги бошқармалардан бирида бошлиқ бўлиб ишлашини айтган 52 яшар аëл.

Йил бошидан буён Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти бўйича тахминан 15 минг меҳнат муҳожири уйига қайтарилди.

Озодлик манбаларига кўра, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Биргина Фарғона шаҳри бўйича сўнгги уч ой ичида жами 334 нафар меҳнат муҳожири уйига қайтарилган ҳақида Озодлик маълум қилган эди.

Озодликка мурожаат қилган хориждаги меҳнат муҳожирларига кўра, уларнинг Ўзбекистондаги ота-оналари жарима билан қўрқитилаяпти.

Жумладан, Москвада ишлаётган фарғоналик меҳнат муҳожири “Уйга маҳаллаком билан участкавой келиб, ота-онамдан тилхат олишибди. Икки ой муҳлат беришибди. Агар шу муддат ичида бормасам, штраф солишармиш”, дея ёзди Озодликка йўллаган мактубида.

Озодликка маълум бўлишича, муҳожирларни қайтариш тадбири нафақат Фарғонада, балки Андижон ва Наманган вилоятида ҳам амалга оширилаяпти.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, йил бошидан буён хорижда ишлаётган 4823 нафар андижонлик уйига қайтарилган.

Хорижда ишлаётган андижонликка кўра, шу кунларда меҳнат муҳожирларини қайтариш бўйича тарғибот ишлари авж олган.

Бу тадбир Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида Фарғона шаҳридаги мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро, Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларида ҳам меҳнат муҳожирларини қайтариш тадбири бўлаётгани ҳақида Озодлик манбалари ҳабар қилди.

XS
SM
MD
LG