Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:53

Татаристонда ўзбеклар полицияга ҳужум қилганликда айбланди


Татаристонда полициячиларга ҳужум қилганликда айбланган ўзбек муҳожирларига нисбатан жиноий иш очилди. Ички ишлар вазирлиги ҳужумни қайтаришга уринган полиция ходими Ўзбекистон фуқаролардан бирини оёғидан ярадор қилганини хабар қилмоқда. Ҳодиса Апастово қишлоғига Татаристон президенти Рустам Минниханов ташрифи олдидан бўлди.

Татаристон полицияси Апастово туман марказида 19 август куни кечаси соат 2:30 ларда содир бўлган оммавий муштлашувда полиция ходимларига ҳужум қилганликда айблаб, 7 нафар Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди.

“Полициячилар безориларни тўхтатиш учун пистолетдан ўт очишга мажбур бўлди”, - дейди Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берган Татаристон Ички ишлар вазирлигининг ахборот маркази катта референти Игорь Простатов.

- Полиция ходимларига ҳужум қилганлик юзасидан жиноий иш очилди. Ходимларимиз қурол ишлатишга мажбур бўлди: ҳужум қилаётганлардан бири тиззасидан яраланди. Полиция ходимлари ҳам жароҳат олди. Беш нафар шахс майда безорилик учун ҳибсга олинди. Улар ҳозир полиция бўлимларидан бирида сақланмоқда, деди Игорь Простатов.

Татаристон полиция бошқармаси вакили ҳозирда терговчилар дастлабки тергов-суриштирув ишларини олиб бораётгани ва кейинчалик гумонланувчилар Жиноят Кодексининг бунданда оғирроқ моддалар билан жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ҳам билдирди.​

​Татаристон Республикаси бўйича Тергов қўмитасида Озодликка ўзбек муҳожирлари Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 318-моддаси, яъни ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қилиш асосида жиноий иш очилганини тасдиқлашди.

“Апастовода яшаётган фуқаро бир гуруҳ муҳожирлар томонидан калтаклангани арзи билан маҳаллий пост-патрул хизмати ходимларига мурожаат қилган. Шу пайт полиция машинасига қаердандир учиб чиққан “Газель” машинаси келиб урилган ва ундан бир гуруҳ шахс чиққан”, деди дастлабки тергов натижаларини очиқлаган Татаристон бўйича Тергов қўмитаси раҳбари муовини Андрей Шептицкий.

- Ҳужжат талаб қилган полиция ходимлари улар томонидан калтакланган. Бунга жавобан полициячилар ҳавога қарата ўт очишга мажбур бўлган. Шундан кейин улар машинага ўтириб, қочиб кетган. Кейинроқ айнан шулар деб тахмин қилинаётган шахслар уларни тўхтатишга уриниб кўрган автоинспекторга ҳужум қилган. Бу ерда полициячи уларга қарата ўқ узган ва бирини ярадор қилган, деди Андрей Шептицкий.

Тергов ходимлари сўзидан, безорилар яраланган шеригини тортиб олмоқчи бўлган, аммо ҳодиса жойига етиб келган полиция наряди томонидан ҳибсга олинган.

Тергов қўмитасида полиция ходимларидан бири мияси чайқалгани, бошқасининг жағи сингани, қолганлари яна бошқа жароҳатларни олганини маълум қилишди.

Татаристон ўзбеклар жамияти вакиллари бу ҳодиса юзасидан бирор маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

Муҳожирлар туғилган кунини нишонлаган

Озодлик суҳбатлашган ва ўз исмини сир сақлашни сўраган манбага кўра, Апастово қўрғонининг Радужная кўчасидаги тўполондан олдин бир гуруҳ шу ерда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир фарзанд туғилганини спиртли ичимликлар ичиб нишонлаган.

Базм авжига чиққан пайтда бу шахслар ва 28 яшар Бекзод Ҳайитматов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ҳаётига таҳдид сезган Бекзод полицияга қўнғироқ қилган ва ёрдам сўраган. Ҳодиса жойига кетаётган полиция ходимлари Ҳайитматовни кўчада учратиб қолган ва нима бўлганини билиш мақсадида тўхтаганида “Газель”да унинг орқасидан етиб келган ўзбекистонликлар ҳужумига учраган.

20 август куни полицияга келтирилган 5 нафар жанжал иштирокчиси 15 суткага маъмурий жазога тортилди. Апастово туман суди безориликда айбланган шахсларни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Маълум бўлишича, оёғидан ўқ еган ва тиббий ёрдам етказилган Тўлқин Собировнинг аҳволи бирмунча дуруст. Шифохонадан чиқиши билан, полиция уни ҳам жавобгарликка тортиб, Россиядан чиқариб юборишини билдирди.

Бироқ, Россия Тергов қўмитаси полициячиларга ҳужум қилганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқаролари депортация қилинишидан олдин 10 йилгача қамоқ жазосини ўтаб чиқишини маълум қилди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари эътиборини ўзига тортган бу ҳодиса Татаристон пойтахти Қозондан икки соатлик йўл масофасида жойлашган Апастово шаҳарчасига республика президенти Рустам Минниханов ташрифи олдидан содир бўлди. Жорий йилнинг сентябр ойида бўлажак сайловларда “Единая Россия” партиясидан ўз номзодини қўяётган Рустам Минниханов Апастовога сайловолди тадбирида иштирок этиш учун келгани айтилди.

Маҳаллий ахборот воситалари Апастовога катта миқдорда полиция ва ОМОН ходимлари тортилганини хабар қилмоқда.

XS
SM
MD
LG