Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:33

Ҳокимиятлар пахта теримчиларининг паспорт нусхаларини талаб қилмоқда


Ҳадемай Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланади
Ҳадемай Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланади

Ўзбекистон вилоятларида пахта терими мавсуми бошланиши олдидан ҳашарга сафарбар этиладиган бюджет ташкилотлари ходимлари ва маҳаллада яшовчи ишсизларнинг паспорт нусхалари олиниб, ҳокимиятга топшириляпти. Туманларда ўтказилаётган йиғилишларда маҳаллий ҳокимлар ҳар бир ташкилот ва маҳалладан теримга қанча одам чиқиши ҳақида аниқ маълумот талаб қиляпти.

Ўзбекистонда пахта терими мавсумига саноқли кунлар қолаётгани боис маҳаллий ҳокимиятлар теримга имкони борича кўпроқ ҳашарчини жалб қилиш мақсадида турли чораларни кўрмоқда.

Мустақиллик байрами арафасида туманларда ўтказилган йиғилишлар ҳам асосан пахта теримига тайёргарликка бағишланяпти.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Озодлик манбасининг айтишича, бюджетдан маош олиб ишлайдиган ҳар бир ташкилот бу йил пахтага чиқадиган ходимлар паспортларининг нусхасини ҳокимиятга топшириши талаб қилинмоқда:

- Куни-кеча туман ҳокими мажлис ўтказди. Кейин ташкилотлар ўзлари ҳам йиғилиш қилиб пахтага чиқишни муҳокама қиляпти. Пахта теримига чиқадиганларнинг паспортлари ксерокопияларини йиғиб ҳокимиятга олиб бориб топширишди. Бу шунча одам пахтага чиқади деб кафолат бериш экан,- дейди манба.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида истиқомат қиладиган Ҳайдаржон эса, маҳаллий ҳокимлар пахта мавсумида тўй ва марака ўтказишни бутунлай ман қилганини айтади:

- Пахта пайтида тўй қилганлар жаримага тортилар экан. Энди бўлажак келин-куёвлар қараб ўтиришади-да, қачон пахта тугаркин деб. Ахир бир оила қуриляпти, жамиятнинг бир бўлаги. Осмондан тош ёғадими, ер ёриладими, бунга тўсиқ бўлиши керак эмаску. Лекин бизда пахта одамларнинг шахсий ҳаётига ҳам аралашяпти,- дейди Ҳайдаржон.

Жиззах вилояти ҳокимлиги вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ҳашарчиларнинг паспорт нусхаларини йиғиштириб олиш уларнинг масъулиятини кучайтиради, дея таъкидлади:

"Тўғри ҳокимлар шундай қилишмоқда. Ташкилотда ишлаб турган ҳашарчи паспортининг ксерокопияси олинса, унда масъулият кучаяди, кўпроқ пахта теради", деди ҳокимлининг ўзини таништирмаган мулозими.

Пахта теримига жалб қилинадиган ҳашарчиларнинг паспорт нусхалари мажбуран олиниб, ҳокимиятга топшириш ҳолатлари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги коллежлардан бирининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчисига кўра, маҳалладаги ишга яроқли одамларнинг паспорт нусхалари олиняпти:

- Айниқса, уйда ўтирган хотинларнинг ҳаммасини паспорт нусхаларини олишяпти. Маҳалла фаоллари уйма-уй юриб “мен пахта теримига чиқаман” деган кафолат хатларини паспорт нусхаларига қўшиб ҳокимиятга топширяпти. Чиқмайман деганларга “болалар нафақасини кесамиз” деб таҳдид қилиняпти,- деди бағдодлик ўқитувчи.

Айни шундай ҳолат Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлаётгани ҳақида Озодлик манбалари хабар бермоқда.

Оҳангарон шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ҳам Озодликка берган интервьюсида, улар меҳнат таътили пайтида уйма-уй юриб, пахта теримига одам йиғишга мажбурланаётганини гапирган эди:

- Бизда ўқитувчиларнинг биринчи, иккинчи потокка ким бориши рўйхати аллақачон тайёр. Энди директоримиз, ҳар бир ўқитувчига ўзининг маҳалласидан пахтага ким чиқишини ёзиб келишни буюрди. Ҳар бир уйга кириб, пахтага ким боришини, паспортини ксерокопиясини олиб келишимиз керак. Мана ҳозир ёзиб келдим,- деган эди ўқитувчи.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани кузатилаяпти.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG