Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:27

“Ғарибхона”га қандай жойлашиш мумкин?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида кексалар ва ногиронларни Саховат" интернат уйларига жойлаштириш тартиб- қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Тошкент шаҳрида яшовчи 1-гуруҳ ногирони бўлган 22 яшар йигит ҳозирда онаси билан яшайди. Исмини очиқлашни истамаган йигит Озодлик билан суҳбатда ногиронлар уйига жойлашишни истаётгани ҳақида гапирди:

“Мен 1-гуруҳ ногирониман. 6 йилдан бери аравачага ўтириб қолдим. Яшашга уй-жойим йўқ. Ижарада турибман. Тошкентда қаердадир ногиронлар уйи бор экан. Шу ерга бормоқчи эдим. Лекин у ерга қандай боришни, қандай жойлашишни билмайман. Ногиронлар уйига жойлашиш учун қанақа ҳужжат керак ёки бирор ташкилот жойлаштирадими? Бу ҳақда ҳеч қандай маълумотим йўқ. Илтимос шу ҳақда маълумот берсанглар”, дея илтимос қилди тошкентлик йигит.

Самарқандлик муштарий эса қариялар уйида яшаш тартиб-қоидалари билан қизиқди:

“Мен ғарибхона (қариялар уйи – таҳр.)га жойлашмоқчи эдим. Ўзим ёлғиз яшайман. Ўғлим Россияга кўчиб кетган. Қизим ўзини турмуши билн. Ёлғизликдан ҳаёт зерикарли бўлиб бораяпти. Агар ғарибхонага жойлашсам, ҳаётимда қувонч пайдо бўлар деяпман. Лекин бир томондан ўйлайман, балки у ерда ҳамма нарсани чеклаб қўйишгандир. Балки худди турма каби ҳамма нарса чеклангандир. У ердаги ҳаёт ҳақида билиб берсангизлар”, дея мурожаат қилди самарқандлик муштарий.

Оддий халқ "ғарибхона" деб атайдиган қариялар уйи ҳозирда “Саховат” интернат уйи деб аталади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли “Саховат” уйи кексалар ва ногиронларга мўлжалланган.

“Ғарибхона”га қандай жойлашиш мумкин?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:32 0:00
Бевосита линк

Мазкур вазирликдан олинган маълумотга кўра, "Саховат" уйига Ўзбекистонда доимий яшайдиган, парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари бўлмаган ёлғиз кексалар қабул қилинади.

Шунингдек, “Саховат” уйига 1- ва 2- гуруҳ ногиронлари бўлган шахслар 18 ёшидан бошлаб қабул қилиниши мумкин.

Фуқарони "Саховат" интернат уйларига жойлаштириш жойлардаги меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бош бошқармаларининг буйруғи асосида амалга оширилади.

"Саховат" уйига жойлашишиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- Ариза;

- Паспорт нусхаси;

- Соғлиги ҳақидаги тиббий ҳужжат;

- Туман (шаҳар) ҳокимининг ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори нусхаси;

- Агар пенсионер бўлса, пенсия гувоҳномасининг нусхаси;

- 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурат.

Агар "Саховат" уйига ногирон киши жойлашмоқчи бўлса, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

"Саховат" уйига фуқаро қуйидаги ҳолатларда қабул қилинмайди:

- Ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик;

- Ҳар қандай руҳий касалликлар;

- Сил касаллиги;

- Тери ва соч касалликлари;

- Ўткир юқумли касалликлар;

- Салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

- Таносил касалликлари, ОИВ юққанлар;

"Саховат" уйига жойлашган фуқароларнинг тиббий-ижтимоий таъминоти тўлиқ давлат томонидан амалга оширилади. Улар бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа зарур нарсалар билан таъминланади.

Бу ерда яшаётганлар қариндошлар, танишлар ва дўстлари билан учрашиши, телефон орқали боғланиши, почта жўнатмалари олиши ва жўнатиши мумкин.

Эҳтиёж бўлганда улар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан бепул таъминланадилар.

Шунингдек, уларга пенсия ва нафақалар тўланиши мумкин.

Айни пайтда "Саховат" уйидан ташқарига чиқиш фақат рахбариятнинг махсус рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Ҳозирда деярли ҳар бир вилоятда "Саховат" уйлари фаолият кўрсатмоқда.

Айни пайтда руҳиятида сезиларли нуқсони бўлган I ва II гуруҳлар ногиронлари 18 ёшидан бошлаб "Мурувват" интернат уйларига жойлашиши мумкин. Шундай нуқсонли 4 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар эса "Мурувват" ногирон болалар интернат уйларига жойлаштирилиши мумкин.

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун Тошкентда республика пансионати мавжуд бўлиб, агар бу ерда бўш жойлар бўлса, фахрийлардан ташқари қаровчиси бўлмаган кексалар ва 18 ёшга тўлган I ва II гуруҳлар ногиронлари ҳам қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, қариянинг фарзандлари бошқа шаҳар ёки мамлакатга ишлашга кетса, уйда унга қарайдиган одам бўлмаса, уни мазкур пансионатга жойлаштириш мумкин. Бундай ҳолатда тегишли ташкилотлар билан шартнома исталган муддатга тузилиши ва хоҳлаган пайтда шартнома бекор қилиниб, қария уйига олиб кетилиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, шартнома пуллик бўлиб, 1 ойга камида 500 минг сўмни ташкил қилади.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG