Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:02

Ўзбек милицияси ногирон қўлини синдириб пулини мусодара қилди


Қорақалпоғистонлик Муҳатдин Юсуповнинг Озодликка ёзишича, жорий йилнинг 28 июнида туман деҳқон бозори ҳудудидан ички ишлар ходимлари уни “долларфурушликда” айблаб олиб кетган, айбни бўйнига олишга мажбурлаётиб, унинг қўлини синдириб қўйган.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани марказидаги К. Нурумбетов кўчасида истиқомат қилувчи Муҳатдин Юсупов икки ойдан буён излаётгани адолатни тополмаётганидан шикоят қилмоқда.

​Муҳатдин Юсупов бозорда "қўлга олган ва кейин қўлини синдирган" ички ишлар ходимларини номма-ном келтирди.

Озодлик радиоси билан суҳбатида 28 июнь кунги воқеани эслар экан, Муҳатдин Юсупов бундай деди:

- Мен ўғлимга уй олмоқчи эдим. Долларфурушлардан курсни сўрамоқчи бўлиб тургандим.

Юсупов ўз ҳикоясида келтирган кўп тафсилотларни тушириб қолдирамиз.

Унининг даво қилишича, долларфурушликда гумон қилиб олиб кетган ички ишлар ходимлари унинг ёнидаги катта миқдордаги чет эл валютасини мусодара қилган.

- 14 минг 800 долларимни ҳамда 5 миллион сўмимни олиб қўйишди, мусодара қилиб банкка ўтказиб юборишибди, деди Муҳатдин Юсупов.

Ҳозирда ёши 48 да бўлган Юсуповнинг айтишича, бу пулларни у оиласи билан Россиянинг Астраханида ишлаб топган.

- Ҳозир мен ногиронман. 2008 йилдан 2013 гача Астраханда таксичилик қилдим. Астраханда мен бир ўзим ишлаганим йўқ. Оилам ҳам борди у ерга, ўғлим борди. Ўша пулни 3 киши ишлаб топган эдик, деди Муҳатдин Юсупов.

Шикоятчи бу гапларига далил сифатида Россиядан юборган пул жўнатмалари рўйхатини Озодликка тақдим этди.

Муҳатдин Юсуповнинг айтишича, унинг устидан жиноят иши очилган.

- Менга 177-модданинг 2-қисмини қўйишаяпти. Валюта олди-сотди қилди, деб, деди Юсупов.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177- моддасида “Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш” ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Муҳатдин Юсуповнинг айтишича, унинг ишини Тўрткўл туман прокуратураси ходими Озод Қипчоқбоев ўрганмоқда.

Биз Қипчоқбоев билан боғланишга 3 кун ҳаракат қилдик. Учинчи куни унинг кабинетидаги телефонни кўтарган ходим Озод Қипчоқбоев эмаслигини, у “командировкага келган ходим” эканлигини айтдию телефонни қўйиб қўйди.

Албатта, Муҳатдин Юсуповнинг Озодликка ёзган аризасида ёзилган ҳамда шахсий суҳбатда айтгани гаплар у билан боғлиқ воқеанинг ягона тўғри версияси бўлмаслиги мумкин.

Лекин Юсупов ўзининг ҳақ эканлигига қаттиқ ишонади: Озодликка келган шикоятида ёзилишича, Юсупов Бош прокуратурага, Миллий Хавфсизлик хизматига, Омбудсман Сайёра Рашидовага ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорқи Кенгаши раисига ариза билан мурожаат қилганини эслатиб ўтган.

Муҳатдин Юсуповнинг айтишича, бу унинг синдирилган қўли рентген тасвири
Муҳатдин Юсуповнинг айтишича, бу унинг синдирилган қўли рентген тасвири

Муҳитдин Юсуповнинг шикоятида унинг 14 минг 800 доллари ва 5 миллион сўми мусодара қилингани иккинчи планга ўтиб қолган. Юсупов қўлини синдирган милиция ходимлари жазоланишини талаб қилмоқда.

Ўзбекистон қонунларида жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини сотиши ва харид қилишига оид бир қатор чекларлар бор.

Масалан, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 14- моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш: юридик шахслар томонидан ваколатли банклар орқали; жисмоний шахслар томонидан ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилади”, деган меъёр белгилаб қўйилган.

Бу меъёрни бузганлар Жиноят Кодексининг 177-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилади.

XS
SM
MD
LG