Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

Ўқувчи пахтага чиқарилмаëтир; дарс беришга ўқитувчи йўқ!


Мактаб ўқувчиларига пахта теримини тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати¸ айни пайтда ўқитувчиларни оммавий пахтага сафарбар этишни бошлади. Баъзи мактабларда ўқитувчиларнинг 70-80 фоизи мажбуран пахтага юборилгани боис¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ўқувчилар мактабда шунчаки кун ўтказиб қайтаяпти.

Ўзбекистоннинг пахтакор туманларидаги аксарият мактаблар ўқитувчисиз қолмоқда.

Жойлардан Озодликнинг мобил мухбирлари йўллаëтган хабарларга кўра, маҳаллий ҳокимлар буйруғи билан мактаб директорлари ўқитувчиларнинг аксариятини мажбуран пахта теришга жўнатмоқда.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманидан Озодликка шикоят қилган ўқитувчининг айтишича, у билган 26, 31, 36, 39-умумтаълим мактабларининг деярли барча ўқитувчилари пахта теримига жўнатилган:

- Агар бизнинг мактабда 40 та ўқитувчи бўладиган бўлса, шунинг 70 фоизи пахтага ҳайдалган. Мутахассислиги бошқа фан бўлган ўқитувчилар адабиётдан ҳам дарс бераяпти, математикадан ҳам. Дам олиш кунлари эса ҳамма пахтага чиқишга мажбур. Эътироз билдирганларга "Аризангни ёз!" дейишаяпти, деди шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан Озодлик мухбирига боғланган ўқитувчи.

Ўқитувчи пахтага чиқмасликнинг бирдан-бир йўли ўз ўрнига одам ёллаб юбориш эканини айтади:

- Бўлмаса ўрнингга одам топу, дарсингни ўтавер деяпти директор. Ойлигимизни ҳашарчига берадиган бўлсак¸ ўзимиз нима билан тирикчилик қиламиз? дейди "давлат сиëсати" деб тақдим этилаëтган пахтага мажбурий сафарбарлик ҳақида кимга арз қилишини билолмаëтганини таъкидлаган бу ўқитувчи.

Озодлик Хонқа туманидаги мактаблардан бири директорининг пахта терими ҳақида ўқитувчилар билан ўтказган йиғилиши ауидоёзувини қўлга киритди. Бу мажлисда директор пахта теримининг дарсдан ҳам муҳим эканлигини айтади:

“Битта дарсни уч соатлик қилиб ҳам ўтиб юбориш мумкин. Масалан¸ уч соат мусиқа дарси, уч соат рус тили дарси ўтиш мумкин. Энди шароит шундай бўлиб турибди. (Шундан сўнг директорнинг дағдағали овози эшитилади – таҳририят). Сенларга давлат ҳамма нарса қилиб берган бўлса, чой-нонингни бериб турган бўлса, пахтангни тортиб олиб турган бўлса, ойлигинг юриб турган бўлса, яна нима керак? Эрталаб соат 7 да шу ерда ҳозир бўл! 60 та одам сени кутиб турадими?”, дейди мактаб директори ўқитувчилар мажлисида.

Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг оммавий пахтага чиқарилаётганини инкор қилди:

- Бўлмағур гап бўлиши керак бу. Мисол учун¸ мен ҳам бошқармага қарашли интернатларни ҳар куни пахтага кузатаман. Сонига қараб 15 процентини чиқариб бериб қўйибман. 100 ўқитувчидан 15 таси пахтага чиқади. 16 та ташкилотдан 250 одам чиқараман. Булар дарсга халақит қилмайди. Дарси оз ўқитувчилар бор, агар бугун дарси бўлмаса чиқади, эртага бошқаси¸ деди Халқ таълими маъсули.

Телефон суҳбати давоми қуйидагича кечди:

Озодлик: Ўқитувчининг иш жойи мактаб эмасми, нега энди у далага чиқиб пахта териши керак?

Баҳодир Тиллаев: Энди нима қиламиз, ахир барибир пахтани йиғиб териб олиш керакда!

Озодлик: Пахта териш ўқитувчининг вазифасими?

Баҳодир Тиллаев: Дарси йўқ кунлари чиқади. Кейин моддий манфаатдорлиги бор ўқитувчиларнинг, пахта териб пулини олади. Мен ҳам якшанба куни чиқиб 50 килограмм тердим ва 12 минг сўм олдим. Тоза ҳаво, бошқарма бошлиғининг ўринбосариман, хоҳлайман чиқаман, пулини оламан.

Озодлик: Сизлар ўз ихтиёрларинг билан чиқяпсизларми ёки вилоят ҳокимлигидан топшириқ бўлаяптими?

Баҳодир Тиллаев: Вилоят ҳокимлигидан ишчи-хизматчиларнинг 15 фоизи чиқсин¸ деган режа берилган. Ишчи-хизматчилар ва дарси йўқ ўқитувчилар чиқаяпти.

Озодлик: Сизнинг бошқармангиз вилоят ҳокимлигига бўйсунадими ёки Халқ таълими вазирлигига?

Баҳодир Тиллаев: Бунинг бир жойи бор. Буни вазирликнинг иш режасига ва ўқув дастурларига ҳеч қандай халақити йўқ. Шу давлатда яшагандан сўнг¸ ҳисса қўшиши керак. Пахта йиғим-терими биз учун байрам. Бир ой ичида териб берамиз. Эвазига биз бюджетдан ойлик оламиз, мактаблар қурилаяпти, миллиард-миллиард долларлар келаяпти. Ким ҳисса қўшмаслиги керак, ким четдан қараб туриш керак? Пахта бизнинг бойлигимиз, Ўзбекистон пахта билан яшаяпти. Кийинтираяпти бизни, туғилганда ҳам пахтадан бўлган оқ матога ўраб олишади, ўлганда ҳам кафанимиз пахтадан бўлади, деди Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими Баҳриддин Шералиев эса Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб қилинишига вазирликнинг алоқаси йўқлигини билдирди:

- Вазирлик томонидан ўқитувчиларни пахтага чиқариш бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Аксинча, ҳозирги пахта мавсуми даврида дарсдан ташқари машғулотларни, тўгаракларни, спорт ўйинларини кўпайтириш тавсия қилинган. Биз сиз айтган мактаблар бўйича текширув ўтказамиз, деди Баҳриддин Шералиев.

Нукусдаги ўрта мактаблардан бирининг собиқ директори Ўринбой Камолов Халқ таълими вазирлиги кўрсатмаларини маҳаллий ҳокимлар сариқ чақага ҳам олмаслигини айтади:

- Ҳозир Қорақалпоғистонда ҳам шу аҳвол. Катта мактаблардан 60-70 ўқитувчи пахтага кетган. Бу аҳволда болалар саводсиз бўлиб қолади. Вазирлик ҳеч нарса қилолмайди, чунки ҳақиқий хўжайинлар маҳаллий ҳокимлар. Шунинг учун 30-40 йил ишлаган директорлар олиб ташланиб, ҳокимларнинг ҳар қандай топшириғига лаббай деб турувчи ёш муаллимларни директор қилиб қўйишаяпти, дейди Ўринбой Камолов.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар остида мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG