Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Қорасувда ҳизбчиликда гумонланганларнинг уйи тинтилди


Воқеа гувоҳларига кўра, Дилёр Жумабоевнинг уйига бостириб кеириш чоғида унга жароҳат етказган.
Воқеа гувоҳларига кўра, Дилёр Жумабоевнинг уйига бостириб кеириш чоғида унга жароҳат етказган.

Шанба куни Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари “Ҳизбут-Таҳрир”га оид адабиётларни сақлаганликда гумонланган Дилёр Жумабоев, Иброҳим Шамсиддинов ва унинг акаси Убайдуллоҳ Шамсиддиновнинг уйида тинтув ўтказганлар. Тинтувдан сўнг улар Дилёр Жумабоев ва Иброҳим Шамсиддиновни ўзлари билан олиб кетганлар.

“Ҳизбут-Таҳрир”га аъзо деб билинган қорасувликларнинг уйида тинтув, гувоҳларга кўра, 13 сентябрь куни эрталаб соат 6.30 да бошланган.

Убайдуллоҳ Шамсиддиновнинг уйига кирган ҳуқуқ-тартибот ходимлари тинтувдан сўнг унинг ўзига тегмай чиқиб кетганлар.

Қорасувда Дилëр Жумабоевнинг уйи тинтилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00

Бу видеони Қорасувдаги воқеа гувоҳлари Озодликка юборди

Иброҳим Шамсиддинов уйидан махсус хизмат ходимлари, Ҳизбут-Таҳрир аъзолари иддаосича, “ўзлари ташлаб қўйган варақа ва китобларни топиб олишгач”, уни ҳам олиб кетишган.

“Ҳизбут-Таҳрир” партияси фаоли эканини яширмайдиган Дилёр Жумабоев эса тинтувчиларни уйига қўйишни истамаган ва улардан тинтув учун рухсатнома кўрсатишни талаб қилган. Шундан сўнг махсус хизмат ходимлари дарвозадан ошиб тушишга чоғланишган.

Озодликка келган расмларда Дилёр Жумабоевнинг боши ёрилгани тасвирланган.
Озодликка келган расмларда Дилёр Жумабоевнинг боши ёрилгани тасвирланган.

Маълумотларга кўра, Дилёр Жумабоев дарвозадан биринчи бўлиб ошиб тушган ходим билан ёқалашиб кетган. Унинг ортидан етиб келган шериклари эса Жумабоевни уриб-тепишга тушишган. Айтилишича, бу муштлашув чоғида Дилёрнинг тишлари синган, боши ёрилган. Озодликка етиб келган фотосуратларда Дилёр Жумабоевнинг ёрилган бошидан қон оқаётгани, ич кийими ҳам қонга белангани акс этган.

Д.Жумабоевнинг рафиқасига кўра, уларнинг уйига келган ҳуқуқ-тартибот ходимлари қўлида тинтув ўтказиш учун рухсатнома бўлиб, мазкур ҳужжатга мувофиқ, улар уйда тақиқланган адабиётлар ва қурол-аслаҳа бор-йўқлигини текширмоқчи бўлганлар.

Маълумотларга кўра, ҳар уччала қорасувликнинг уйидан қурол-аслаҳа топилмаган. Дилёр Жумабоевнинг уйидан эса махсус хизмат ходимлари бир нечта адабиёт топганлар. Жумабоевнинг адвокатларига кўра, ҳозир бу адабиётлар экспертизага берилган.

Бир неча соат давом этган тинтувдан сўнг махсус хизмат ходимлари Дилёр Жумабоевни машинага солиб, Ўш томон олиб кетганлар. Маълумотларга кўра, у ҳозирда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати Ўш вилоят бошқармасида сақланмоқда.

Кеча қўлга олинган Иброҳим Шамсиддинов эса кўп ўтмай озод қилинган.

Дам олиш куни бўлгани боис Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизматидан мазкур воқеа бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Маълумотларга кўра, олдда турган тергов жараёнларида Д. Жумабоев ҳуқуқларини қирғизистонлик машҳур адвокатлардан бири Валериан Вахитов ҳимоя қилади.

Дилёр Жумабоев узоқ йиллардан буён маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет эллик журналистлар билан мулоқот қилиб, "Ҳизбут-Таҳрир"нинг у ёки бу воқеага нисбатан позициясини очиқлаб келган қорасувликлардандир. Д. Жумабоев Озодлик радиосига ҳам кўплаб интервьюлар берган.

XS
SM
MD
LG