Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:19

Хитой суди уйғур профессорини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди


Илҳом Тўхта.
Илҳом Тўхта.

Хитой суди уйғур олими ва уйғурлар ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган Илҳом Тўхтани айирмачиликда айбдор топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судда Тўхта ўзига қўйилган барча айбловни инкор қилди. АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ташкилотлар суд қарорини қоралаб, Пекин расмийларини уйғур фаолини озод қилишга чақирди.

23 сентябрь куни Урумчи шаҳрида ўтказилган судда Пекин университети профессори бўлган Илҳом Тўхта Шинжон Уйғур Мухториятида Хитой бошқарувига қарши фаолият билан шуғулланганликда айбланди.

Судда Тўхта ўзига қўйилган айбловлар сиёсий асосга эга эканини айтиб уни инкор қилди.

Шинжон Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати юритаётган сиёсатни танқид қилиб келган уйғур фаолининг адвокати Ли Фангпинг Рейтерс агентлигига суд қарорини “қабул қилиб бўлмас” дея атади ва ҳукм юзасидан шикоят аризаси ёзишини айтди.

- Илҳом Тўхтанинг адвокати сифатида мен буни мутлақ қабул қилиб бўлмас қарор деб биламан. Илҳом айбсиз эканини таъкидлаган. У суд ҳукми юзасидан албатта шикоят ёзади. Мен суд ҳукми қатъийлигини ҳисобга олган ҳолда уни ўта сиёсийлашган деб ҳисоблайман, дея баёнот берди адвокат Ли Фингпинг.

Хитой ҳукумати танқидчилари уйғур олимининг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани Шинжондаги вазиятни таранглаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Адвокат Ли суд қарорида Тўхтани сиёсий ҳуқуқлардан умрбод маҳрум қилиш ва унга тегишли мол-мулкни ҳам мусодара қилиш кўзда тутилганини билдирди.

Кўпчилик мўътадил қарашдаги ва Хитой ҳукуматига алоқадор деб билган 44 яшар профессор Илҳом Тўхта 2014 йил январь ойида ўзининг етти нафар талабаси билан бирга ҳибсга олинган.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ташкилотлар Пекин расмийларини Илҳом Тўхтани озод қилишга чақирди.

Швецияда фаолият юритаётган Дунё Уйғур Қурултойи матбуот котиби Дилшод Рашид Озодлик билан суҳбатда Хитой суди Илҳом Тўхтани умрбод қамоқ жазосига ҳукум қилганини кескин қоралади.

- Илҳом Тўхта давлатни парчалашга уринганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани Хитойда бир инсон ўзгача фикрини тинч йўл орқали ифода этиш ёки мавжуд муаммолар ҳақида гапира олиш имкониятига эга эмаслигини дунёга яна бир марта кўрсатди, дея баён қилди Дунё Уйғур қурултойи матбуот котиби.

Дилшод Рашид Илҳом Тўхтани Хитой қамоқхонасидан озод қилиш учун ўз ташкилоти Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда саъй ҳаракат қилишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG