Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:34

Газ ўрнатилган машиналарга талаб яна кучайтирилди


Тошкентда жойлашган АЁҚШдаги портлашга газ баллони сабаб бўлган эди.
Тошкентда жойлашган АЁҚШдаги портлашга газ баллони сабаб бўлган эди.

Ўзбекистондаги Тико ва Нексия машиналари билан киракашлик қилаëтганлар орасида “бу русумдаги автомобилларга метан газ баллонлари қўйилиши тақиқланармиш” деган саросима пайдо бўлди. Бу саросима сабаби ўрганилганда газ ўрнатилган машиналарга талаб яна кучайтирилгани ва маълум русумдаги сифатсиз газ баллонлари тақиқлаб қўйилгани маълум бўлди.

Озодликнинг WhatsApp тармоғидаги муштарийлардан бир нечтаси: "Уч тоннадан енгил бўлган автомобилларга метан газ баллони ўрнатилишини тақиқлаш бўйича қонун борми?" дея сўради.

“Ўздавлатстандарт” ташкилотидаги Озодлик манбаларининг таъкидлашича, бундай қонун ҳозирча йўқ:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бор. Шу қарордан келиб чиқиб, газ ўрнатилган машиналарга талаб яна кучайтирилди. Сифатсиз ва "портловчан" газ баллонлари машиналардан мажбурий тарзда олдириб ташланмоқда. Тико ва Нексия каби 3,5 тоннадан енгил бўлган машиналарга метан газ баллонларини ўрнатмаслик истиқболлари ҳақида ички сўровнома мавжуд. Бу сўровномада енгил автомобилларга газ баллон ўрнатишнинг салбий оқибатлари ҳақида саволлар бор. Такрор айтаман, ҳозирча енгил бўлган автомобилларга метан газ баллони ўрнатилишини тақиқлаш бўйича қонун мавжуд эмас, - деди “Ўздавлатстандарт” ташкилотидаги Озодлик манбаси.

Салла ол деса калла олаëтганлар

Газ ўрнатилган машиналарга талаб кучайтирилгани боис Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари барча ҳайдовчиларга ўз автомобилларининг ҳолатини, хусусан, ўрнатилган газ баллонларини тез-тез текшириб бориш ҳақида ўтган ҳафта кўрсатма юборган.

Кўрсатма билан танишган Озодлик манбасининг айтишича, бу ҳужжат милиция ходимлари ва бошқа мулозимлар учун ҳайдовчилардан пул ундиришнинг янги воситасига айланган.

Урганчлик Маримбой деган киракаш йигит ўзининг Нексия машинасидаги газ баллон махсус баённома асосида “сифатсиз ва портловчан газ баллони" дея малакаланиб, машинадан мажбурий тарзда олдириб ташланганидан шикоят қилди.

Урганчлик киракаш бу баллонларни ўрнатиш учун сарфлаган харажатига куйганини айтади.

- Шунча пул сарф қилиб, баллон ўрнатган эдим. Бунинг устига, "жаримага тортаман" дейишди. Газ баллон қўймасам, бензин солиб киракашлик қилсам, ўзини оқламайди, - дейди суҳбатдош.

Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаларининг айтишича, киракашлар хориждан айланма йўл билан кириб келган “Медеа”, “Алимакс” каби сифатсиз газ баллонларини харид қилиб, изнсиз машиналарига ўрнатишган:

- Ана шундай носоз ва кафолатланмаган баллонларни олдириб ташлаяпмиз. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган газ баллонлари ўрнатилган автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқлаб қўйилади, - дейди Озодлик манбаси.

Капронга қарши “облава”

Озодликнинг Тошкент¸ Жиззах¸ Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги манбаларининг айтишича, шу кунларда автомобилида “капрон” газ баллони бўлган автомобилларга қарши қўшма рейдлар ўтказилмоқда.

Озодликнинг Бухородаги манбасига кўра, Хитойдан келтирилган темири юпқа ва усти капрон билан ўралган газ баллонларини ўрнатган автомобиллар ушланиб, жарима майдонига келтирилган.

- Бухоро кўчаларда тақиқланган “капрон” газ баллонли машиналар юрибди. “Капрон” баллоннинг юпқа темири босимга дош беролмай, исталган пайтда портлаб кетиши мумкин, - дейди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, Бухорода машиналарни газга ўтказиш билан рухсатсиз шуғулланган бир нечта устахона борлиги аниқланиб, уларга нисбатан чора кўрилган.

Тўрт ғилдиракли бомба

Газнинг баллонда босим остида сақланиши дизел ва бензин ёнилғисига қараганда анчагина хавфли, деган фикр мавжуд. Шу боис Европа мамлакатларида газ билан юрадиган машиналарнинг ер остидаги оммавий ëпиқ гаражларга киришига тақиқ қўйилган.

Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши оқибатида одамлар нобуд бўлгани фактлари бор.

Масалан, Хоразм вилоятида келин олиб келаëтган машина, мавжуд анъанага кўра, олов устидан ўтганида портлаб кетгани айтилади.

Хоразм вилоят Ички Ишлар бошқармаси ходимлари, маълумотларга кўра, айни кунларда газ билан юрадиган автомобилларнинг келин-куëв кортежида қатнашини тақиқлаб қўйган.

Газ билан юрадиган автомобилларнинг тўйларда олов устидан ўтмаслигини Хоразмдаги маҳалла оқсоқоли таъминлаши керак.

Сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомобиллар портлаши оқибатида кўплаб одам жабрланди.

16 май куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида "Жигули" машинаси портлаб кетгани оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олди.

7 апрель куни Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳат олди.

26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ буюм бозорида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳатланди.

Бензин камëб бўлган давлатда газ баллон зарур

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистонда ëқилғининг бу турини ривожлантириш учун қабул қилингани айтилади.

Аммо газ баллонлари ўрнатилган автомобиллар тез-тез портлаб кетаëтгани боис "енгил машиналарга метан газ баллонлари қўйилиши тақиқлансин" деган таклифлар ҳам чиқмоқда.

Жиззахдаги газ мосламаларини автоуловга ўрнатиш ширкатида ишлайдиган ва ўзини Расулбек деб таништирган уста йигит “газ ўрнатилмаса, машиналарнинг ҳаракатланиши кескин камаяди” деган фикрда собит.

Суҳбатдош техник жиҳатдан унча мураккаб бўлмаган бу ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши тарафдори.

Тошкентда газ қуядиган АËҚШ танқис

Мақолани ëзиш асносида газ билан юрадиган машиналарни ёқилғи билан таъминлайдиган АËҚШлар камлиги билан боғлиқ муаммо борлиги ҳам аëн бўлди.

Масалан, 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 та автомобилларга газ қўйиш шохобчаси ишлаб турибди.

"Ўзбекнефтегаз" ширкатидаги Озодлик манбаси биз билан суҳбатда ҳозир республикада қанча газ қуядиган АËҚШ борлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтиб, бутун мамлакат бўйлаб 2015 йилгача 352 та газ қўйиш шохобчаси очилиши режаланганини билдирди.

Билишимизча, 30 миллионлик Ўзбекистонда газ қуядиган АËҚШлар сони икки юздан сал кўпроқдир.

Масалан, таққослайдиган бўлсак, бир миллион аҳоли яшайдиган Прага шаҳрида 400 дан ошиқ автомобилларга газ қўйиш шохобчаси мавжуд.

10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бутун Чехияда эса 4 мингга яқин шохобчада машиналарга газ қуйиш имкони яратилган.

XS
SM
MD
LG