Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

OzodMaktub: Ўзбекистон ҳукуматига маслаҳатим бор


Озодликка пахта теримида қатнашаётган теримчилар ўрнига ёлланма ишчиларни сафарбар қилиш бўйича собиқ ўзбекистонлик пахтакор ўз тавсияларини юборган. Мазкур мактубни қуйида ўзгаришсиз ҳавола этамиз:

"Мен анча вақтдан бери пахта сиёсатини кузатиб келаман. Пахтага одам ёллаш сиёсати бўйича Ўзбекистон ҳукуматига маслаҳатим бор. Пахтага ўқувчи, талаба, ўқитувчи, тадбиркор ва давлатга ишлайдиган одамларни мажбурламасдан, пахтага одам жалб қилишнинг бошқа бир вариантини маслаҳат бермоқчиман!

Қишлоқ ва шаҳарда юрган ишсизларни жалб қилган ҳолда ҳам ҳашарчилар ўрнини қопласа бўлади-ку ахир. Ўқувчи ва талабаларга нисбатан буларнинг фойдали иш коэффициенти 2-3 баробар яхши.

Ахир ўйлаб кўринг, талаба ўз вақтида ўқимаса, ўқитувчи ўз вақтида ўқувчига керакли озуқани бермаса, тадбиркор дўконини ёпиб, пахтага чиқса, шифокор больницани ташлаб, далада пахта терса, бунинг турган битгани давлатга зарар-ку ахир.

Келажакка пойдевор қўймоқчи бўлсак, олтин бошларни яратиш керак.
Ҳозирги олиб борилаётган сиёсат қулдорлик даврига ўхшайди.
Ҳар бир киши ўз иши билан шуғулланса, чет элдаги душманлар танқиди остида қолмаган бўлар эдик. Албатта бу дастурни бирданига амалга оширишнинг иложи йўқдай туюлиши мумкин. Лекин босқичма-босқич амалга оширса бўлади. Масалан, бир йил ўқитувчи ва талабалардан воз кечишдан бошлаш керак!

Агар 500 000 талаба билан 100 000 ўқитувчига: "Сизлар келаси йилдан пахтага чиқмайсиз, лекин ҳар бирингиз ўрнингизга одам ёллашингиз шарт, бўлмаса, ҳайдаласиз" деб хозиргидай ДИСЦИПЛИНА қўлланса, ишонаверинг, ўзлари учун ҳам одам топилади.

Энди тадбиркор масаласига келсак. Агар тадбиркор дўконини ёпса, у қаердан солиқ тўлайди? Тадбиркорга ҳам худди шу тарзда шарт қўйилса, у жон-жон деб рози бўлади-ку ахир. Қолаверса, 3 ой давом этадиган пахта кампанияси даврида ҳар бир тадбиркор давлатга қанчадан-қанча солиқ тўлаши мумкин! Бу давлатга фойда.

Мен ўқувчи ва талабалик давримда пахтани чин кўнгилдан термас эдим. 15-20 кг пахта териб, ичига 15 кг кесак ва анча-мунча сув ҳам солар эдик.

Шахсан менинг ўзим фермерга ёрдам бериш мақсадида тележкани устига чиқиб, ўртоқларимга ёрдам бериш мақсадида тележкага чиққан этакдаги пахтани орқадан туширар эдим. Улар эса айлантириб, нормани бажарарди. Ишонаманки, ҳозир ҳам шунақа усуллар қўлланилаяпти ва бундан кейин ҳам қўлланилаверади. Биринчи теримни тупроққа булғаб тергандан кейин унинг сифати қандай бўлади? 2-3 тонна кетадиган прицеп айлантириш натижасида 7-8 тонна бўлиб туради. Фермер хурсанд, "бугун ЗЎР тер тўкишибди" дейишади, лекин билишмайдики пахта ЛОХОТРОН бўлган.

Хуллас, менинг фикрим - пахта сиёсатини ислоҳ қилиш керак. Агар ислоҳ қилмасак, фақат танқид остида қолиб кетаверамиз. Қолаверса, "Ўзбекистон хукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланаяпти" деб, АҚШ ва ЕВРОПА САНКЦИЯ қўллаши аниқ!

Бу САНКЦИЯЛАРДАН бири Ўзбекистон элитасига тегишли барча актив ва ҳисоб рақамлар "НОҚОНУНИЙ ЙЎЛ БИЛАН ТОПИЛГАН ДАРОМАДЛАР" деб музлатилади.

Узоққа бормаймиз, Ливия лидери Муаммар Қаддафийнинг Швейцария банкларида бўлган ҳисоб рақамидаги миллиардлаб доллар пули музлатилганини эслайлик.

Ўзбекистон элитасига тегишли активларнинг қанчалиги фақат ўзлари ва Худога аён. АҚШ ва Европа бунақа ишларга қодир. Бунга яққол мисол - ГУЛНОРА КАРИМОВАнинг активлари музлатилган ҳолда турибди!

Мен қиламан ўттиз,
Худойим қилар тўққиз.

Бошқа давлатнинг бой бўлиши учун шароит яратиб бермайлик, азизлар!" - деб ёзади ўзбекистонлик собиқ пахтакор.

***************************************************************************

OzodMaktubда берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG