Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Исфарадаги Чорқишлоқ жиҳодчилар бешигига айланди


Минтақадаги аксар қишлоқлар каби лойсувоқ уйлардан иборат Чорқишлоқ кейинги пайтларда тожик махсус хизматларининг алоҳида диққатида қолмоқда.

Ўтган ой Душанбе расмийлари 3000 га яқин одам яшовчи Чорқишлоқдан кейинги ойларда 20 га яқин эркагу аëлнинг Сурия ва Ироқдаги жиҳодга кетгани ҳақида баëнот берганидан сўнг бу қишлоқ алоҳида ташвишга молик жиҳодчилар бешиги мақомини олди.

Кичиккина бир қишлоқдан бир йил ичида 20 дан ошиқ йигитнинг жиҳодга кетгани аниқланиши ортидан хавфсизлик хизмати ходимлари сўроқ-жавоби остида қолган чорқишлоқликлар¸ бу мавзуда бегоналар билан гаплашишдан чўчиб қолган.

Тожик расмийлари таъкидича¸ кейинги бир йил ичида жиҳодга қўшилиш ниятида Сурия ва Ироққа 200 дан ошиқ тожикистонлик кетган бўлса¸ энг кўп жиҳодчи айнан чорқишлоқлик 20-30 ëшлилар ҳиссасига тўғри келган.

Камида икки чорқишлоқлик эркакнинг жиҳодга хотин ва болалари билан кетгани аниқланган.

Чорқишлоқнинг жиҳодчилар бешигига айлангани¸ айни қишлоқлик аëлнинг Сурияга жиҳодга кетаëтган пайтда қўлга олинганидан сўнг ошкор бўлган.

Чорқишлоқ аҳли ўзларининг жиҳодчилар маконига айланганига оид бундай қарашларни инкор этишга уринмоқда.

Қишлоқ раисаси Мубошира Мирзохўжаева қўлга тушган аëлнинг эри Россиядаги мардикорликдан тўғри Сурияга жиҳодга кетгани ва ўша ердан хотинини ҳам чақирганини айтади.

Қишлоқ масжиди имоми Садриддин Содиқов ҳам ўз қавмининг жиҳодчилардан узоқлигини айтади:

- Кўпчилик ҳатто масжидга келмайди¸ диндорлар ўзи кам бу қишлоқда. Кўпчилик ҳатто жиҳод нималигини ҳам билмайди¸ дейди Чорқишлоқ имоми.

Чорқишлоқ қарашли бўлган Шаҳрак туман ҳокими Меҳри Иброҳимова ҳам қишлоқнинг нотўғри айблов остида қолганини айтади:

- Суриядаги жиҳодга қўшилган 20 нафар чорқишлоқлик йигитдан бирортаси бу урушга Тожикистондан чиқиб кетган эмас. Уларнинг бу ерда қолган oта-онаси ва оиласи уларнинг қаерда нима иш қилаëтгани ҳақида ҳеч нарса билмайди ҳам¸ дейди Озодлик билан суҳбатда туман ҳокими.

Ўғли Ëқуб хотини ва икки боласини Чорқишлоқда қолдириб¸ май ойида Суриядаги урушга кетган Ëзинхон Эшонов ўғлининг Россияда радикал исломчилар таъсирига берилганини айтади. Отага кўра¸ бу хабарни эшитган келин ўз эрини тўғри йўлга қайтариш мақсадида унинг ëнига Сурияга кетган:

- Келиним ўғлимни уйга қайтишга кўндирган. Ҳозир иккаласи ҳам Туркияда. Яқинда Душанбе ëки Москвага қайтишади¸ дейди Ëзинхон Эшонов.

Отанинг таъкидича¸ Россиядаги радикал диндорлар ўғли Ëқуб, қолаверса Сурия ҳамда Ироқ ҳудудида исломий халифат тузилганини эълон қилган Исломий давлат террорчи гуруҳи сафига қўшилган бошқа тожикистонликларнинг ҳам бошини обдон айлантиришган.

Аммо бошқалар чорқишлоқлик йигитларнинг кетма-кет жиҳодга кетаëтгани ортида жиддий сабаблар борлигини айтиб¸ биринчи навбатда қашшоқликни тилга олишади.

- Болаларимиз иш тополмай¸ оила боқолмай Россияга мардикорликкка кетаяпти. Қашшоқлик одамларни ҳар йўлга солаяпти¸ дейди чорқишлоқлик 70 яшар Низомиддин Ëрматов.

Айни пайтда¸ ўғли Сурияда ўлдирилган чорқишлоқлик бошқа бир ота¸ ўғлининг шаҳид кетганидан бахтиëр эканини яширмайди.

Тожик расмийлари қишлоқ аҳлини жиҳодчилар бешиги бўлишдан қайтариш учун советча тарғибот-ташвиқот ва маъмурий босимни ишга солмоқда.

- Биз ота-оналар билан гаплашиб¸ болаларини жиҳоддан қайтаришга кўндиришга уринаяпмиз. Жиҳодчиларнинг айримлари уйидагиларга телефон қилиб турибди ва бу улар билан алоқа қилишнинг ягона йўлидир¸ дейди Шаҳрак туман ҳокими.

Айни пайтда тожик расмийси¸ жиҳодчилар сафига қўшилиш ниятидагиларни бу йўлдан қайтариш уринишлари ҳам бораëтганини қўшимча қилади.

Шу мақсадда расмий ва уламолар мактаблар¸ масжид ва чойхоналарда махсус йиғилишлар уюштириб¸ ëшларни жиҳодчилик ғоясининг зиëнидан огоҳлантирмоқда.

Хусусан¸ Чорқишлоқ масжиди имоми ҳар жума ваъзида Сурия ва Ироқдаги уруш амалиëтларининг жиҳод эмаслигини тушунтираëтганини айтади:

- Исломга кўра¸ мусулмонлар ва бошқа аҳли китобга қарши уруш қилиш жиҳод ҳисобланмайди¸ дейди Чорқишлоқ имоми.

XS
SM
MD
LG