Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:12

Жиззахлик йигит бир шиша ароқни деб онасини ўлдирди


Тошкент бозорларида сунъий равишда тухум тақчиллиги юзага келтирилмоқда. Фарғонада тиббиёт коллежи мансабдори 5000 доллар пора билан қўлга тушди. Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича жаҳон чемпионати кумуш медалини олди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Текширув қонуний ёки ноқонуний эканини сайт орқали аниқлаш мумкин”

Хўжалик юритувчи субъектлар, яъни тадбиркорлар текширувчиларнинг хатти-ҳаракати қонуний ёки ноқонуний эканини my.gov.uz сайти орқали аниқлашлари мумкин (“Оила даврасида”, 2 октябрь).

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Хўжалик субъектларини текшириш режа-жадвалидан кўчирма бериш” хизмати жорий этилди. Ушбу хизмат орқали ташкилотни текшириш муддати, текширувда қатнашувчи назорат органлари рўйхатини электрон тарзда кўчириб олиш мумкин.

Бу хизматдан фақат Ягона порталда рўйхатдан ўтган юридик шахслар бепул фойдаланади.

“Тошкент бозорларида сунъий равишда тухум тақчиллиги юзага келтирилмоқда”

Тошкент бозорларида сунъий равишда тухум тақчиллиги юзага келтирилмоқда (“Новый век”, 2 октябрь).

Илгари бозорларда тухумни бевосита биринчи қўлдан олиб имкони мавжуд эди. Сўнгги пайтларда эса тухум олибсотарлар қўлига ўтиб кетмоқда, чайқовчилар эса маҳсулотни бир неча баравар қимматга пулламоқда.

“Товуқлар наҳотки бирданига қисир бўлиб қолган бўлса, ё уларга фанга номаълум бирор касаллик тегдимикан, балки товуқлар мамонтлар каби қўққисдан қирилиб кетгандир?!” дея киноя қилади тошкентлик Нина Морозова.

Муаллиф бир дона тухум буханка нон баҳосига сотилаётганини танқид қилади, сунъий равишда тақчиллик юзага келтириб, бунинг ортидан фойда кўраётганларга инсоф тилайди.

“Жиззахлик йигит бир шиша ароқни деб онасини ўлдирди”

Жиззах вилояти Фориш туманида яшаб келган, 30 ёшли Шерали Фозилов онаси Райҳона опанинг жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 2 октябрь).

Ичкиликка ружу қўйган Фозилов аввал ҳам маст ҳолда онасини калтаклаб келган. Қайд этилишича, ўғлини йўлга сололмаган ва эри билан ажрашган Райҳона опа ўғли Шерали билан қўшилиб ичадиган бўлган.

Шундай ичкилик кечаларидан бирида Шерали Фозилов ухлаб қолган онасидан ароқ учун пул сўрайди. Онаси уйғонмагач, жаҳли чиқиб унинг юзига ёстиқ босиб ўлдиради.

“Тўққиз ой вужудида кўтариб, минг азоблар билан дунёга келтириб, вояга етказган ўз онасини бир шиша ароқни деб ўлдириб қўйди… У ўзига берилган узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини қачонлардир ўтар қайтар, аммо онасининг қотили деган тамғадан бир умр қутула олмаса керак” деб ёзади Жиззах вилояти прокуратураси вакили Д.Бойназаров.

“Москва жиҳодий жамоаси” йиғинларида қатнашган бухоролик йигит маҳкамага тортилди”

Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган Жондулло Шодмонов диний экстремистик руҳдаги адабиётлар, маърузалар ва видеотасвирларни сақлаб келгани туфайли маҳкамага тортилди (“Инсон ва қонун”, 30 сентябрь).

Қайд этилишича, Россия Федерациясида мардикорлик қилган йигит Москванинг Бронница шаҳрида ақидапарастлар гуруҳига қўшилиб қолади.

“Москва жиҳодий жамоаси” деб юритилган гуруҳ аъзолари уюштирган махфий йиғинларда қатнашади. Бухорога қайтгач, телефонидаги маъруза ва аудиоматериалларни танишлари орасида тарқатади.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари Бобир Умаровга кўра, судда йигитнинг айби ўз тасдиғини топди. Унга тайинланган жазо очиқланмаган.

“Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритди”

Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтган шахмат бўйича 8-18 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритди (“Ўзбекистон овози”, 1 октябрь).

Нуфузли мусобақанинг ўн ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек 11 партиядан 8,5 очко жамғарган. Нодирбек Абдусатторов 2012 йилда Словенияда ўтган жаҳон чемпионатида ўз ёш тоифасида жаҳон чемпиони бўлган.

“Фарғонада тиббиёт коллежи мансабдори 5000 доллар пора билан қўлга тушди”

Фарғона шаҳридаги 2-сонли тиббиёт коллежининг бўлим бошлиғи Д.Қаюмова пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона вилояти бўйича раҳбари Равшан Раҳматов “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилади.

Коллеж мансабдори беш нафар талабани ўқишга киритиш эвазига 5000 доллар олаётган ҳибс этилган. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 9-синф битирувчиларини коллежга қабул қилиш чоғида пора олиш, мактаб ва боғча мансабдорларининг суиистеъмолчиликлари билан боғлиқ 27 та жиноий иш очилган.

“Паспорт бўйича бош мансабдор: фуқаро биопаспортда отасининг исмини Тожиддинзода деб кўрсатиши мумкин”

Навоий вилояти Нурота туманида яшовчи Жавоҳир Тоҳировга биометрик паспорт олишда отасининг исмини “Тожиддинович” эмас, “Тожиддинзода” деб кўрсатиши мумкинлиги маълум қилинди (“Даракчи”, 2 октябрь).

Жавоҳир Тоҳиров биометрик паспорт олишда отасининг исми “зода” қўшимчаси билан кўрсатилган фуқароларнинг шарифи “вич” дея ўзгартирилаётгани ҳақида газетага арз этган.

Ўз навбатида, газета ушбу масалада мутасадди вазирликка мурожаат қилган. Ички ишлар вазирлиги хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбари Бадриддин Шорихсиевга кўра, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага “Тожиддинзода” деб ёзилган бўлса, биометрик паспортда ҳам шарифни шундай деб кўрсатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG