Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:38

Пахтага чиққан коллеж талабалари ўрнига мактаб ўқувчилари ўқияпти


Талабалар пахтада, улар ўрнига коллежда мактаб ўқувчилари ўқияпти.
Талабалар пахтада, улар ўрнига коллежда мактаб ўқувчилари ўқияпти.

Ўзбекистонда коллежларнинг 1- ва 2-курс талабалари ҳам пахтага ҳайдалди. Мактабларнинг юқори синф ўқувчилари эса пахтага чиқарилган талабалар ўрнига коллежда ўқишга мажбурланмоқда. Озодлик манбаларига кўра, ўқувчиларга ўзини коллеж талабаси деб таништириш ҳам уқтирилмоқда. Маҳаллий ҳокимият вакиллари вояга етмаган болаларнинг пахтага чиқарилганини шу йўл орқали яширишга уринмоқда.

Тошкент вилояти Чиноз туманида барча коллежларнинг 1- ва 2-курс талабалари пахтага ҳайдалди. Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган коллеж ўқитувчисига кўра, ўқув юртларининг пастки курслари Чиноз тумани ҳокими Маҳмуд Эшонов топшириғи билан пахтага чиқарилмоқда.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳридаги тиббиёт ва педагогика коллежларининг 1- ва 2- курс талабалари ҳам 9 октябрдан бошлаб пахтага чиқарилди.

“Фақат Шаҳрисабздаги тиббиёт ва педагогика коллежлари 1-, 2- курсларни тўлиқ кунлик теримга чиқараяпти. Бошқа коллежларда эса аҳвол сал бошқачароқ. Коллежларнинг 1-, 2- курслари номига ўқияпти. Дарсларга битта гуруҳдан бор - йўғи беш - олти нафар бола боради. Бошқалари ота-онаси ўрнига пахтага чиқаяпти",- дея хабар йўллади қашқадарёлик Озодлик мухлиси.

Сaмaрқaнднинг Тойлоқ тумaнидaги коллежларда ҳам вазият худди шундайлиги ҳақида хабар йўллади яна бир манбамиз:

"Ҳaр куни тумaнимиздaги коллежлaрдaн биринчи курс талабалaрини пaхтaгa олиб кетaяпти. Вилоят ҳокими “18 ёшгa тўлмaгaнлaрни пaхтaгa олиб чиқилмaсин» дегaн буйруғи чиққaн дейишди. Лекин тумaн ҳокимлaри “ҳaммaни олиб чиқaсaн» дебди",- дейди Тойлоқ туманида яшовчи манба.

Шунингдек, Озодликка келган бошқа хабарларда Сaмaрқaнд вилояти Жомбой трaнспорт коллежи, Жиззахнинг Ғaллaорол туманидаги иқтисодиёт коллежи, Хоразмнинг Кўшкўпир туманидаги қурилиш-транспорт касб ҳунар коллежи, Бухоро тиббиёт коллежи, Наманган енгил саноат коллежи ва Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани Қизил-узақ қишлоқ хўжалик коллежининг ҳам 1- ва 2- курс талабалари пахтага чиқарилгани айтилади.

Озодлик мухбири тилга олинган ушбу коллежлар раҳбарларининг айримлари билан боғланганида улар пастки курс талабалари пахтага чиқарилганини инкор қилишди.

Жумладан, Чиноз тумани агросаноат коллежи директори Иброҳим Расулов ва Қўшкўпир қурилиш-транспорт коллежи раҳбари Эгамберган Авезов 1- ва 2- курс талабаларининг пахтага чиқарилганини қаътий рад қилишди.

Озодлик манбаларига кўра, 18 ёшга тўлмаган талабаларнинг пахтага чиқарилаётганини турли хил йўллар билан яширишга ҳаракат қилинаяпти.

Жумладан, манбаларимиз йўллаган хабарларга кўра, пастки курс талабалари пахтага чиқарилган пайтда уларнинг ўрнига мактабларнинг юқори синф ўқувчилари коллежда ўқишга мажбурланмоқда.

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шаҳрида яшовчи манбанинг Озодликка ёзишича, унинг 8-синфда ўқиётган қизи ҳам пахтага кетган талабалар ўрнига коллежга қатнаяпти:

“Қизим Челак шаҳридаги 80-мактабнинг 8-синфида ўқийди. Ҳозир у Пайариқ маиший хизмат кўрсатиш коллежига қатнаяпти. Коллежнинг 1-курс талабалари ҳам пахта теримига мажбуран жўнатилган. Шу сабабли мактабларнинг 8- ва 9-синф ўқувчилари коллежларда мажбуран ўқитилаяпти. Коллеж ва мактаб раҳбарияти “Агар комиссия келиб текширса, шу коллежда 1-курсда ўқийман”, дейсизлар деб мажбурлаяпти”, дея хабар йўллади самарқандлик ота.

Манбаларга кўра, Самарқанддаги бошқа аксар мактабларда ҳам юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилган коллеж талабалари ўрнига ўқиш ҳолатлари учрайди.

Самарқанд вилояти халқ таълими тизимидаги Озодлик манбасига кўра, мактаб ўқувчилари коллеж талабалари ўрнига ўқиётгани амалда бошқача изоҳланмоқда:

“Ўзи мактабларнинг битирувчи синф ўқувчиларининг коллежлар билан танишуви қонунда назарда тутилган. Ҳозир вилоятдаги 8- ва 9- синф ўқувчиларининг коллежларга қатнаётгани таълимнинг кейинги босқичини қамраб олиш бўйича деб атаяпмиз. Мактаб ўқувчилари ўзларига яқин жойдаги худудий коллежларга бораяпти”, деди манбамиз.

Ўзбекистонда бу йил 18 ёшгача бўлганлар пахтага чиқарилмаслиги ҳақидаги ҳукумат кўрсатмасига қарамай, айрим вилоятларда 18га тўлмаган ёшлар пахта теримига жалб этилаётгани кузатилмоқда.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирувчи Cotton Campaign ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлашга ва бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган.

XS
SM
MD
LG