Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:37

Чиноз ва Чироқчида ҳам мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилди


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимсўқмоқ қишлоғидаги мактаб болалари ҳам далага ҳайдалди
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимсўқмоқ қишлоғидаги мактаб болалари ҳам далага ҳайдалди

Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ва Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди. Озодлик манбаларига кўра, иккала туманда ҳам мактабларнинг 8- 9 синф ўқувчилари далага ҳайдалган. Айни пайтда Чиноз ва Чироқчи расмийлари ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганини инкор қилишди.

Чинозда мактаблар ёпилди

17 октябрдан бошлаб Тошкентнинг Чиноз туманидаги барча мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган чинозликка кўра, барча мактабларнинг 8 ва 9- синф ўқувчилари жума, шанба ва якшанба кунлари далада пахта теради:

“Ҳозир юқори синфлар учун мактаблар ёпиқ. Бугун ҳам 8-9 синфлар пахтада. Душанбадан яна мактабга қайтишини айтишган. Лекин шанба-якшанба ўқувчилар далада”, деди чинозлик манба.

Бошқа бир чинозликка кўра, тумандаги коллежларнинг ҳашарчи талабалари ўқишга қайтган, мактаблар эса ёпилган:

“Мактаблар ёпилди. Номига 5та ўқитувчиси бор холос. Бошқа ўқитувчилар ўқувчилари билан пахта тераяпти. Буни Халқаро меҳнат ташкилоти билармикин? Чиноз туманидаги барча мактаблар пахтада. Исталган мактабга борсангиз, ёпиқ”, дея хабар йўллади чинозлик манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Чиноз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганини инкор қилмади, лекин аниқ жавоб учун халқ таълими бўлимига мурожаат қилишни тавсия қилди.

Чиноз туман халқ таълими бўлими бошлиғи Йўлдош Мусаев эса ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганини бутунлай инкор қилди:

- Барака топгур, коллежнинг 1-2 курсини чиқармаган жойда мен мактаб ўқувчисини чиқараманми? Бизда бу категорический мумкин эмас. Мен Районо мудириман, янги бўлганман. Бунақа нарсани мен ҳаёлимга ҳам келтирмайман ва бировни чиқармайман ҳам. Бизда унақа нарса бўлгани йўқ, бўлмайди ҳам. Мен ўқитувчини чиқармаяпман-ку, бозор кундан бошқа куни. Бозор куни бутун республика бўйича ҳашар бўлаяпти. Битта бизда эмас. Ўқитувчи якшанба куни ўзининг ташаббуси билан пахтага чиқаяпти. Ҳамма ўқитувчилар ёрдам бериш мақсадида, республика пахта режасини бажаришга ҳисса қўшамиз деб, фақат бозор куни чиқаяпти,- деди Чиноз туман халқ таълими бўлими бошлиғи Йўлдош Мусаев.

Чироқчилик болалар ҳам пахта терди

Айни пайтда Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги Озодлик манбалари тумандаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилингани ҳақида хабар йўллади.

Жумладан, туманнинг Карим Жўраев жамоа хўжалиги ҳудудидаги 16-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилган.

“8-9 синф болалари пахта тераяпти. Ўзи пахта бошланиши билан мактабларда дарс бўлмади ҳисоб. Ўқитувчилар пахтада бўлган пайти ўқувчилар мактабда почти ўқимади”, дейди исмини очиқламаётганимиз чироқчилик манба.

Чироқчининг Бешчашма жамоа хўжалиги ҳудудидаги 163-сонли мактабнинг ҳам юқори синф ўқувчилари бу йил пахта теримида қатнашганини айтади чироқчилик бошқа бир манба:

“Юқори синф ўқувчилари пахта теришди. Обеддан кейин чиқишди. Лекин ҳозир пахтага отбой берган. Ўқувчилар мактабга қайтишди. Ҳозир ғўзапояларни чопиб, йиғиштириш ишлари бошланди”, деди чироқчилик манба.

Чироқчи туман халқ таълими бўлими бошлиғи Назира Обраева ўқувчиларнинг пахтага чиқарилгани билан боғлиқ Озодлик саволини эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки сингари обрўли ташкилотлар Ўзбекистонда болалар меҳнати йўқ деб иддао қилаётган бир пайтда, Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳолатлари мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги мактабларнинг 8-9- синф ўқувчилари 14 октябрдан бошлаб пахта теримига сафарбар этилди.

Жиззахда эса ўқитувчилар пахта теримига ҳайдалгани ортидан ўқувчиларга дарс беришга ҳеч ким қолмагани учун мактабларда 1 октябрдан бошлаб таътил эълон қилинди. Жиззахлик ҳуқуқ фаоллари юқори синф ўқувчилари ҳам мажбурий пахтага чиқарилганини айтаяпти. Жиззах мутасаддилари эса таътилдаги ўқувчиларнинг ота-онасига пахта теришда кўмаклашиш ҳолларигина борлигини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG