Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

Тожикистон ИИВ: Террорчилар икки тунелни портлатишни режалаган


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Суриядаги урушга чоғланган гуруҳ аъзолари кетар олдидан мамлакат ҳудудида қатор террорчилик хуружлари уюштириш, жумладан, Душанбе-Хўжанд-Чаноқ автойўлидаги Шаҳристон ва Истиқлол тунелларини портлатишга қасдланганини иддао қилмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат ҳудудида қатор террорчилик хуружларини уюштиришга уринганликда айбланаётган 13 фуқарони қўлга олди. Уларнинг ҳаммаси “Жундуллоҳ” жиҳодий гуруҳига дохиллиги айтилмоқда. Қўлга олинганлар орасида гуруҳ раҳбари Мансур Бобоёров ҳам бор.

Тожик милицияси маълумотига мувофиқ, муҳтамал террорчилар мамлакат шимолидаги Сўғд вилоятининг Спитамен туманида ушланган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, қўлга олинганлар Сурияда махсус тайёргарликдан ўтганлар. Улар ҳарбий қисмлардан биридаги қурол-аслаҳани қўлга киритиш ҳамда Душанбе-Хўжанд-Чаноқ автойўлидаги икки тунелни портлатишни режалаб юрганлар.

Бундан бир неча кун олдин Сўғд вилоят прокуратураси Панжакентда яшовчи 9 киши ва Спитамен туманида истиқомат қилувчи бир фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатганди. Расмийларга кўра, улар Сурия ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ва исломий давлат қуриш илинжида юрганлар.

Уларнинг ҳаммаси сентябрь ойи охирида қўлга олинган. Прокуратура ходимларига кўра, бу одамларни “ҳақ йўл”га панжакентлик Мансур Бобоёров ва спитаменлик Элдор Ҳотамов даъват қилиб юрган.

Озодлик радиоси тожик хизмати манбасининг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида ушланган бу одамлар ҳозирда Хўжанд шаҳар тергов изоляторида тутиб турилибди. Уларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича жиноий ишлар очилган.

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзоданинг сўнгги маълумотларга таяниб маълум қилишича, Сурияда ҳозир 200 га яқин тожикистонлик жанг қилмоқда. Шу кунгача бу мамлакатда 50 чоғли тожикистонлик ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Вазирга кўра, ҳозирда Сурия ҳудудида жангларда иштирок этганлик айблови билан тожикистонлик 25 фуқарога нисбатан жиноий иш очилган.

Айни пайтда Тожикистондан бўлган жиҳодчилар турли сайтларда Суриядаги жангларда иштирок этиб юрган тожикистонликлар сони 500 кишига етишини қайд этмоқдалар.

XS
SM
MD
LG