Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

Тараққиёт, турғунлик ёки таназзул кўзгуси - OzodArxivга марҳамат!


OzodArxiv – янги эшиттириш. Унда 10 йил муқаддам ёритганимиз ва сайтимиз архивида сақланиб қолган хабарлар, лавҳалар, репортаж ва суҳбатларни Сиз тингловчи билан такрор ўқиймиз. Кечаги воқеалар фонида бугунги воқеалар моҳияти яққол кўринадики, бунга OzodArxivни тингларкан, ўзингиз амин бўласиз.

Эшиттиришнинг дастлабки сонида 2004 йил октябрининг иккинчи ярмида ёритганимиз баъзи воқеаларни эслаймиз.

Сайтимиз архивидан (архивга кириш учун сайтимиз номи остидаги “Ўзбекистон”ни босасиз ва ўнг томондаги “Тақвим”дан керакли санани танлайсиз) 2004 йил октябридаги мақолалар рўйхатини ўқир эканмиз, кўзимизга “Попда ҳатто 1-синф ўқувчилари ҳам пахта термоқда”, деган сарлавҳа ярқ этиб тушди.

Шакли бироз ўзгарган, мазмуни эскича кампания

2004 йилнинг 14 октябрида чоп этилган хабарда мана бундай дейилган:

"Наманган вилоятининг Поп туманидаги 50-болалар боғчаси хўжалик мудираси Олтиной Қосимованинг сўзларига қараганда, туманда ҳатто 1-синф ўқувчилари ҳам пахта теримига мажбуран олиб чиқилмоқда. У бу ҳақда туман халқ таълими мудирасига айтганида, мудира бу сиёсат экани, сиёсатга эса аралашмасликни маслаҳат берган".

Бундан 10 йил олдин (аслида, яқин йилларгача ҳам) мактаб ўқувчиларини ўқишдан узиб пахта теримида ишлатиш нафақат туман халқ таълими бўлимлари мудирлари, балки ҳукумат аъзолари учун ҳам ғайри табиий амал эмас эди.

Масалан, Озодликнинг 2004 йил, 23 октябрь кунги лавҳаларидан бирида Ўзбекистон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Галина Саидованинг мактаб ўқувчиларининг пахта теримига жалб қилинишига оид саволга жавоби келтирилган эди:

“Болаларни меҳнат қилдириб ҳам, қилдирмай ҳам тарбиялаш мумкин. Умуман олганда, юқори синф ўқувчиларининг пахта далаларида ота-оналарига ёрдам бериши тақиқланмаган. Пахта бизнинг миллий бойлигимиз ва уни йиғиб-териб олишда ҳозирча қўшимча ишчи кучи зарур. Бироқ айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва яқин келажакда бу муаммо ҳал этилиши режалаштирилган”, деган эди бундан 10 йил муқаддам Ўзбекистон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари.

Галина Саидова хоним айтган “яқин келажак” 10 йилда келди: Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта теримида ишлатишни бу йил тақиқлади.

Лекин кейинги кунларда бу тақиқ жойларда бузилаётгани, мактаб ўқувчилари теримга олиб чиқилаётгани тўғрисида қатор хабарлар Озодликка етиб келмоқдаки, уларни ўз вақтида Сиз тингловчитга етказиб турибмиз.

Ўқувчиларни пахта теримига олиб чиқиш тақиқландию, болалар ўрнига уларнинг ўқитувчилари пахта термоқда. Натижада ўқувчи пахта терсаям, термасаям билимсиз қолмоқда.

Бундан 10 йил олдин пахта теримига олиб чиқилган поплик 1 синф ўқувчиси эса, бу йил ҳам пахта терди. Чунки у ҳозир коллеж талабаси.

Натижаси ҳозирча номаълум 8 мақсад

2004 йилнинг 23 октябрида “Ўзбекистоннинг саккиз мақсади” ҳақида хабар қилган эдик.

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Галина Саидованинг ўшанда хабар қилишича, “Ўзбекистоннинг Минг йиллик ривожланиш мақсадлари” қуйидагилар эди:

Қашшоқлик ва очликни камайтириш;

бошланғич ва ўрта таълим сифатини ошириш;

гендер тенгликни рағбатлантириш ва хотин-қизларга ваколат бериш;

болалар ўлимини камайтириш;

оналар саломатлигини яхшилаш;

ОИТС-ВИЧ, безгак, сил ва бошқа касалликларга қарши курашиш;

экологик барқарорликни таъминлаш;

ривожланиш мақсадларида глобал шерикчиликни яхши йўлга қўйиш.

Бу мақсадлар БМТнинг “Минг йиллик декларацияси” (2000 йил) доирасида қабул қилинган ва улар эълон қилинганидан 9 йил ўтгач – 2013 нинг декабрида Ўзбекистондаги нашрлар “2015 йил охиригача Ўзбекистон ўзининг Минг йиллик мақсадларига етади“, деб хабар қилган эди.

БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа учун минтақавий идораси минтақавий маслаҳатчиси Нара Лувсаннинг айтганларига таяниб маҳаллий нашрлар “2015 йил охиригача Ўзбекистон айниқса экология ва атроф-муҳит соҳасида ўз олдига қўйган мақсадларига етажаги” тўғрисида ёзган эди ўтган йил декабрида.

Сурхондарёлик 52 яшар Мурод ака Ўзбекистон ҳукумати бундан 10 йил муқаддам ўз олдига 8 та мақсад қўйганидан хабарсиз.

Шундай бўлса-да, шу кунда Россияда ишлаб юрган Мурод акадан ҳукумат энг биринчи мақсади – “Қашшоқлик ва очликни камайтириш” мақсадига унинг қишлоғида қандай эришганини сўрадик.

Сурхондарёлик Мурод аканинг OzodArxivга жавоблари:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00
Бевосита линк

Албатта, ҳукуматнинг ўз ютуқлари тўғрисидаги баландпарвоз ҳисоботлари реал вазиятни акс эттирмаганидек, сурхондарёлик Мурод аканинг ўз қишлоғи мисолида айтганларини ҳам бутун мамлакатдаги вазият тасвири, деб бўлмайди.

Балки, келаси йил охирида ҳукумат ўша 8 мақсади ижросини конкрет рақамларда кўрсатар? Балки. Хуллас, кутишга тўғри келади.

“Андижонда ҳар қандай норозиликнинг олди ўз вақтида олинмоқда”

2004 йилнинг 21 октябрида “Савдогарлар ҳукумат идораларини огоҳлантирди” деган сарлавҳа остида Андижондаги бир воқеа тўғрисида хабар берган эдик.

Гап ишсиз қолган 300дан ортиқ савдогар ва 100дан зиёд ишчи-хизматчи ҳукумат идораларига мурожаат этиб, иш ўринлари тикланмаса, норозилик намойишлари ўтказажакларини билдиргани тўғрисида эди.

Бундан 10 йил олдинги хабарни ўқишимиз биланоқ дарҳол гап акрамийлар устида бормаяптими, деган савол пайдо бўлди ва уни андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновга бердик.

- Йўқ, деди у ва эслаб-ўқиётганимиз мақоладаги гапларни адашмай эслади.

2004 йилнинг 21 октябридаги лавҳамизда бундай дейилган эди:

“Жорий йилнинг 22 май куни Андижондаги “Узум” бозори бузилиб, бу ерда савдо қилаётганларнинг бир қисми марказий универсал магазинга, бир қисми эса жомеъ масжиди олдига кўчирилган эди. Эндиликда “Узум” буюм бозори замонавий тарзда қайтадан қурилди. Бироқ бу ерда битта савдо жойининг биржадаги дастлабки баҳоси 2 миллион 800 минг сўмдан белгиланган. Савдо жойининг нархи охир-оқибатда 4 миллион сўмгача кўтариляпти. “Узум” бозорида илгари савдо қилган тадбиркорларнинг эса бу ердан янги жой харид қилишга қурби етмаётир.

Жорий йилнинг сентябрида марказий универсал магазин ёпилди, жомеъ масжид олдидаги бозор эса куч ишлатиш йўли билан бузиб ташланди. Ўшандан буён Андижонда савдогарларнинг норозилик чиқишлари давом этмоқда”,
деб хабар қилинган 2004 йилнинг 21 октябридаги лавҳамизда.

Ўша лавҳадаги мана бу абзац эътиборимизни ўзига тортди:

“400 дан ортиқ ишсизнинг билдирув хати Андижон вилояти ҳокими, адлия бошқармаси бошлиғи, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Андижон шаҳри ҳокими, баъзи чет эл элчихоналари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига жўнатилди”.

Диққат қилинг, азиз муштарий, андижонлик тадбиркорлар бундан 10 йил муқаддам маҳаллий маъмурларга мурожаатномаси нусхасини “баъзи чет эл элчихоналари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига” ҳам жўнатган эканлар!.

Орадан 10 йил ўтиб – бугун – 2014 йил октябрида ҳам андижонликлар шунга журъат эта оладиларми?

Бу саволни Саиджаҳон Зайнобиддиновга бердик.

Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг OzodArxivга жавоблари:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00
Бевосита линк

2004 йил октябридаги вазиятни шу кундаги вазиятга Саиджаҳон Зайнобиддинов қиёслаб берди.

***

OzodArxiv –Озодлик сайти архивига саёҳат.

OzodArxiv - 10 йил аввалги материалларимизнинг такрор мутолааси.

OzodArxiv – 10 йил аввалги воқеалар фонида бугунги воқеаларни тушуниш имкони.

OzodArxiv – Тараққиёт ёки турғунлик ёхуд таназзул кўзгуси.

10 йил аввал қаерда бўлганингизни, Сизни ҳозир қаерга олиб кетишаётганини билгингиз келса, OzodArxivни тингланг.

Архивимиздаги материаллар билан танишиш учун:

сайтимиз Бош саҳифасига кирасиз,

радио номи остидаги “Ўзбекистон”ни босасиз,

ўнг томондаги “Тақвим”дан керакли санани танлайсиз.

Эски мақолаларни такрор ўқисангиз, бугунги воқеаларни осонроқ тушунсиз!

XS
SM
MD
LG