Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:48

Оддий фуқаро нималарга солиқ тўлайди?


Жисмоний шахслар тўлайдиган солиқ турлари қандай? Тўланадиган солиқ миқдори қанча ва у қачон тўланиши лозим? OzodJavobнинг навбатдаги сонида ушбу саволлар жавобини излаймиз.

Сирдарёлик Низомжон жисмоний шахслар тўлаши лозим бўлган солиқ турлари билан қизиқиб савол йўллади:

“Оддий фуқаро нималарга солиқ тўлаши керак? Биз участка уйда яшаймиз. Ҳовлимизни олдида томорқа еримиз ҳам бор. Кейин бир дона Нексия машинамиз ҳам бор. Ҳар йили маҳаллакомлар келиб солиқларни тўланглар дейди. Лекин нимага, қанчадан солиқ тўлаш кераклигини аниғи билмайман. Қўлимизга жами ҳамма нарса учун фалон сўм солиқ тўла деган қоғоз беришади. Илтимос шуларни аниқлаб беринг”, дейилади Низомжон мактубида.

Жисмоний шахслардан ундириладиган солиқ турлари:

1. Даромад солиғи

2. Мол-мулк солиғи

3. Ер солиғи

****

Ўзбекистонда янги йилнинг 1 январидан бошлаб даромад солиғи оширилади. Президент қарорига кўра, жисмоний шахсларга солинадиган солиқ миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача (118400 сўмдан 592000 сўмгача) бўлган даромаддан 8,5 фоиз қилиб белгиланган. Шу пайтгача, фуқаролар 7,5 фоиз даромад солиғи тўлаб келган.

15 декабрдан бошлаб, энг кам иш ҳақи ойига 118 400 сўм қилиб белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи шкаласи

592000 сўмгача (энг кам иш ҳақининг беш баробаригача)солиқ миқдори 8,5 фоиз.
592000 сўмдан 1184000 сўмгача (энг кам иш ҳақининг 5-10 баробаригача)солиқ миқдори 16 фоиз.
1184000 сўмдан юқори (энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кўпроқ)солиқ миқдори 22 фоиз.

Амалдаги тартибга кўра, энг кам иш ҳақининг бир баробари (118400 сўм)гача миқдордаги даромадлар эса солиққа тортилмайди.

****

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади.

Ҳозирда жисмоний шахсларга тегишли турар-жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари, гаражлар, бошқа иморат ва иншоотлар (шаҳарда жойлашмаган ва умумий майдони 200 квадрат метргача бўлган) учун олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси 1,2 фоиз миқдорида белгиланган.

Шаҳарда жойлашган турар-жойлар ва квартиралар учун эса уларнинг умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлганда жами инвентаризация қийматига 1,4 фоиз, ундан ошганда 1,8 фоиз миқдорида мол-мулк солиғи ставкалари белгиланган.

***

Жисмоний шахсларнинг уй-жой ёки автотранспорт ижарасидан оладиган даромадлари ҳам солиққа тортилади.

Умумий майдони ва жойлашувидан келиб чиқиб уй-жойнинг 1 квадрат метри учун ижара тўлови миқдори:

Тошкент шаҳрида -3,0 минг сўм,

Нукус шаҳри ва вилоятлардаги шаҳарларда - 2,0 минг сўм,

Бошқа аҳоли пунктларида -1,0 минг сўмни ташкил қилади.

2014 йилдан бошлаб, умумий майдони ва жойлашувига қараб нотурар жойларнинг 1 квадрат метри учун:

Тошкент шаҳрида - 6,0 минг сўм,

Нукус шаҳри ва вилоятлардаги шаҳарларда - 4,0 минг сўм,

Бошқа аҳоли пунктларида - 2,0 минг сўм қилиб белгиланган.

Шунингдек, автотранспорт воситалари учун ижара тўловининг энг кам миқдори енгил автомобиллар, яъни йўловчи, юк ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчи ўриндиғини ҳисобга олмаган ҳолда 8 та ўриндиққача бўлган автотранспорт воситалари учун 220 минг сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк ташиш автомобиллар учун эса 430 минг сўм миқдорида солиқ тўланади.

Лекин бу ставкалар янги йилнинг 1 январидан бошлаб яна ўзгаради. Ҳозирча солиқ инспекциялари янги ставкалар борасида маълумотлар берилмаганини айтишди.

Жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини йилига бир марта, ҳар йили 15 октябргача тўланиши лозим.

Солиқ кодекси талабларига мувофиқ, мол-мулк ва ер солиқлари суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.

Солиқ тўлашдаги имтиёзлар

Амалдаги тартибга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар учун имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари, ёлғиз пенсионерлар, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар, яйловда чорва боқадиган чўпонлар ва яйлов чорвачилигининг бошқа хизматчилари ер солиғидан озод қилинган.

Шунингдек, 1 ва 2- гуруҳ ногиронлари, 10 ва ундан кўп фарзанди бор аёллар, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизмат, ички ишлар органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида яраланган ёки ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг ота-оналари ва бевалари мол-мулки солиққа тортилмайди.

Солиқ тўламаганлик учун жазо

Амалдаги тартибга кўра, солиқларни ўз вақтида тўламаган шахс жавобгарликка тортилади. Агар солиқлар 15 октябрга қадар тўланмаса, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Агар фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилгандан кейин 10 кун ичида қарзини узмаса, судга даъво аризаси киритилади.

Солиқ кодексига кўра, солиқчилар солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқ тўловларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Бунинг натижасида солиқ беш йилдан кейин бўлса ҳам ундириб олинади.

XS
SM
MD
LG