Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ҳақиқий тиббиётни излаган олим Ойдин Солиҳ оламдан ўтди


Таниқли биолог олим, сўнгги йилларда халқ табобати соҳасида катта изланишлар олиб бораётган доктор Ойдин Солиҳ 9 ноябрь куни 71 ёшда оламдан ўтди. Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаётган Ойдин Солиҳ сўнгги ойларда хасталанган эди. Унинг "Ҳақиқий тиббиёт" номли китоби дунё ўзбеклари ва туркий миллатлар орасида кенг тарқалган.

Халқ табобати изидан

1943 йилда Украинанинг Луганск областида туғилган ва узоқ йиллардан буён Истанбул шаҳрида яшаётган биолог олим Ойдин Солиҳ кўп йиллардан буён халқ табобати йўналишида изланишлар олиб бораётган эди.

Ойдин Солиҳ аввалига Украинадаги Ворошиловград тиббиёт билим юртида ўқиган. 1977 йилда эса ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети, ўша кезда Тошкент давлат университетининг Биология факультетида ўқиган.

​Яқинлари Ойдин Солиҳнинг халқ табобатига оид изланишлари талабалик чоғларидан бошланганини хотирлайдилар. Кейинчалик Ойдин Солиҳ Тошкентда бошлаган изланишларини Туркияда давом эттириб, у ерда юзлаб беморларни табобат йўли билан даъволашга эришган.

Муҳими, Ойдин Солиҳ қўллаган шифо услублари Ислом дини ва шариат талабаларига мослиги билан бошқа миллатдаги мусулмонлар орасида ҳам каттагина қизиқиш уйғотган.

2008 йилда Ойдин Солиҳ ўзининг узоқ йиллик тажрибаси асосида "Ҳақиқий тиббиёт (йўқотилган шифо изидан)" деб номланган китобини нашр эттиргач, унинг довруғи дунё ўзбеклари ва туркий миллатлар орасида ёйилган эди.

Оллоҳ xасталикни шифоси билан яратган

Туркияда фавқулодда катта қизиқиш билан қабул қилинган китоб тез орада дунёнинг ўзбек ва турк тилларида сўзлашувчи мусулмонлари орасида тарқалиб кетди.

​Китоб муқаддимасида шундай дейилган: "Доктор Ойдин Солиҳ касалликларнинг асл сабабларини ва уларга қарши инсонннинг чорасиз эмаслигини, Оллоҳ ҳар xасталикнинг шифосини ҳам яратганини эътироф этиб, буни далил ва исботлар билан бизга тақдим этади. Бу китоб нафақат узоқ йиллар олиб борилган изланишларнинг илмий хулосаси, балки беморларга тақдим этилган конкрет рецептлар мажмуаси ҳамдир".

Озодлик Ойдин Солиҳнинг табобатга оид тадқиқотлари борасида бир неча эшиттиришлар ҳозирлаган.

Қуйида доктор Солиҳ билан ҳамкорликда ҳозирланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тинглашингиз мумкин.

Марҳум Ойдин Солиҳдан ёзда рўза тутишга оид тавсия
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00
Бевосита линк

Замонавий тиббиёт хато устига қурилган

Доктор Ойдин Солиҳ замонавий дорихоналарда сотилаëтган дорилар аслию нусхасининг бирдек зарарлилиги¸ айниқса сўнгги технологиялар ëрдамида Ғарб ширкатлари ишлаб чиқарган янги дориларнинг инсон саломатлиги учун хавфлироқ эканидан огоҳлантириб келарди.

- Янги дориларнинг барчаси бирдек инсон иммун тизимини бостиради. Саратон ва ОИТС каби бедаво дардлар айнан иммун тизимининг сурункали тарзда бостирилгани оқибатидир. Дори бир жойимизни тузатса, бошқасини бузади, деган гапни айтгувчилар кўп. Аммо одамлар фармацевтика саноати чиқараëтган бирорта дори инсоннинг бирор жойини тузатмаслиги, аксинча унинг бутун системасини бузишга қаратилганини билишлари лозим, - деган эди Озодликка доктор Ойдин Солиҳ.

Камолиддин Йўлдош Ойдин Солиҳ табобати ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:17 0:00
Бевосита линк

Сен ёлғиз кучлимсан, менинг ожизам

Ойдин Солиҳ 1993 йилда оиласи билан Ўзбекистондан Туркияга ҳижрат қилган. У Истанбулда халқ табобати йўлида изланишлар олиб борувчи ва даъволовчи клиникага асос солганди.

Ойдин Солиҳ Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг рафиқасидир.
Ойдин Солиҳ Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг рафиқасидир.

Ойдин Солиҳ Ўзбекистон мухолифати лидери, Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳнинг турмуш ўртоғи эди.

Марҳуманинг вафотидан қайғурган яқинлари ва Муҳаммад Солиҳнинг сафдошлари олима Ойдин Солиҳни яхши сўзлар билан хотирламоқда.

Ижтимоий тармоқларда шоир Муҳаммад Солиҳнинг 1979-йилда рафиқаси Ойдин Солиҳга бағишлаб ёзган шеъри хотирланди:

Ойдинга

Ориққинам менинг, гўзал ниначим,

Урушқоним менинг, аҳилим менинг,

Товушқоним менинг, тезкор гиначим,

Камалак сингари, ҳар хилим менинг.

Сен менинг ойимсан, менинг мўъжизам,

Ой каби ҳеч қачон тутилмаганим,

Сен ёлғиз кучлимсан, менинг ожизам,

Дафъатаним менинг, кутилмаганим.

Тилимга ҳеч қачон чиқмайди чипқон

Сен ҳақда гапирсам, менинг мўъжизам,

Сен учун яшасам узоқ яшайман,

Менинг кераккинам, менинг бежизам.

Масрур мажнунтолим, мунгли тўронғил,

Ойдингинам менинг, ярим қоронғим.

1979

XS
SM
MD
LG