Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:03

Сайлов ўтказиш ҳам боғча опа ва ўқитувчиларга юклатилди


Сайлов каби расмий кампаниялар оғири айланиб-ўргилиб яна оддий халқ¸ хусусан¸ унинг болалари елкасига тушмоқда¸ дейди Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги боғча мудираси.
Сайлов каби расмий кампаниялар оғири айланиб-ўргилиб яна оддий халқ¸ хусусан¸ унинг болалари елкасига тушмоқда¸ дейди Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги боғча мудираси.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 15 сентябрдан мамлакат бўйлаб Олий мажлис депутатлигига сайлов кампанияси расман бошланганини эълон қилди.

Ҳокимият қуллари

Мамлакатда пахта-йиғим теримига оммавий сафарбарлик кампаниясининг этаги йиғиштирилмай туриб бошланган бу кампания оғирлиги ҳам¸ Озодликка маълум бўлишича¸ яна халқ таълими тизими ходимларига юклатилган:

“Сайлов участкасининг нима харажати бўлса¸ плакати борми¸ мебели шуни қиласан¸ сайлов ўтгунча туриб берасан¸ деяпти. Кунига мажлис¸ кечқурун 10 дан кейин уйга қайтаяпмиз. Туман ҳокими халқ таълимига айтган¸ булар обориб-опкелаяпти ҳозир. Мактаб¸ коллеж¸ боғча ҳаммасининг куни шу. Сайлов участкалари коллеж¸ мактаб ва автопаркларда ўзи¸ лекин оформлениесини боғчаларга топширган.Плакатлар осиш¸ таклифнома¸ анкета¸ бюлеттенни чиқариш ва тарқатишни ҳаммасини бизга юклаб қўйди. Боғчамдаги мебелни сайлов участкасига обориб қўйдим¸ “боласи билан келадиганларга шароит қил” деди. Боғчадаги болаларни энди иккитасини битта кроватда ëтқизаяпмиз¸ дейди Озодликка исми сир қолиш шарти билан гапирган Тошкент шаҳридаги боғчалардан бири мудираси (Озодликка бу боғча ва унга босим қилаëтган туман ҳокимияти номи маълум¸ хавфсизлик нуқтаи назаридан бу манбага оид аниқ маълумотлар очиқланмаëтир – таҳр.).

Бу шикоят ортидан Озодлик Тошкент шаҳридаги бир неча туман ҳокимлиги¸ шунингдек¸ мактаб ва боғчалари билан боғланди.

“Ҳа¸ сайлов участкалари мактаб ва коллежларда жойлашган. Шунинг учун асосий ташкилий ишлар шуларга юклатилди. Боғчалар ҳам жалб қилинган”¸ деди жумладан Сергели туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган вакили.

Тошкент шаҳридаги мактаблардан бири расмийси ҳам Озодлик билан суҳбатда мактаб ўз “оталиғига” берилган сайлов участкасида фаол ишлаëтгани¸ хусусан¸ ўз ҳисобидан ташвиқот жиҳозлари ҳозирлаëтганини тасдиқлади.

Озодликнинг ушбу жараëнга яқин манбаларига кўра¸ мактаб¸ коллеж ва боғча раҳбарларини сайлов участкаларидаги ташкилий ишлар харажатини кўтаришга мажбурлаëтган туман ҳокимликларидир.

“Ҳокимлик дағдағаси билан бизни халқ таълими эзаяпти. Эътироз билдирсак¸ ишдан бўшатиш эмас¸ сиëсатга қарши чиқдинг¸ деб қаматиш билан қўрқитишаяпти”¸ дейди Озодликка боғланган боғча мудираси.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси мутасаддиси бу шикоятнинг айнан қайси боғча ва мактаб раҳбаридан бўлгани билан қизиқди. Озодлик ўз манбалари шахси ва манзилларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор қилмаслигини эшитган расмий:

- Бу одамлар ўз шахсини очиқламаса¸ бу мурожаат аноним ҳисобланади. Фуқаро мурожаатига оид қонуннинг 6-бандида ҳам кўрсатиб қўйибди¸ фамилия-исми¸ кейин имзоси бўлмаган хатлар ўрганиб чиқилмайди¸ дея изоҳдан бош тортишга уринди.

Масаланинг сиëсий характерга эгалиги боис¸ шикоятчи мактаб ва боғча мудираларининг ўз шахсини очиқлашдан қўриқиши ҳақидаги шарҳдан сўнг Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси расмийси сайлов участкаларини овоз бериш жараëнига ҳозирлаш ишларининг боғча ва мактабларга юклатилиши ташаббусчиси бошқарма эмаслигини алоҳида таъкидлади:

- Биз бунақа топшириқ бермаганмиз. Ким берганини ҳам билмаймиз. Ҳокимият берган-бермаганини ҳам билмайман. Лекин расмий хат билан бошқармадан боғча ва мактабларга бунақа топшириқ берилмаганини биламан¸ деди Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси мутасаддиси.

Сайлов харажатларини ким кўтариши керак?

11 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси муовини Светлана Ортиқова¸ қонунчиликка киритилган тузатишга мувофиқ¸ сайлов ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджетидан ажратилишини билдирди:

- Қонунчилик палатаси¸ умуман сайлов ва референдумлар ўтказишга давлат бюджетидан алоҳида маблағ ажратилиб¸ Марказий сайлов комиссияси орқали шу жараëн молиялаштирилади. Ҳар бир номзодга қанча пул борлигини аниқлаб бўлганимиздан кейин ҳар бир сиëсий партиянинг ҳисоб рақамларига Марказий сайлов комиссияси томонидан шу пуллар ўтказилади¸ деди сайлов жараëни мутасаддиларидан бири Светлана Ортиқова.

"Давлат бюджети" кимнинг бюджети ўзи?

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилсин¸ деган тадбир ва кампаниялар ўтказишнинг бошдан охирига қадар маориф ва олий таълим¸ шунингдек соғлиқни сақлаш тизимига юклатилиши¸ молиявий харажатлар каттагина қисмининг хусусий тадбиркорларга бирор қоғозда расмийлаштирилмайдиган ўлпон ва норасмий солиқлар шаклида юклатилиш тажрибаси кенг тарқалган.

Таҳлилчиларга кўра¸ давлат бюджетида ўзи йўқ ëки талон-тарож қилинган маблағни ëпиш эҳтиëжи билан пайдо бўлган бундай ташкилий механизм¸ Ўзбекистон таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция кўламини кенгайтираëтган асосий омиллардан биридир:

- Боғча мудираси 350 минг сўм ойлик олади¸ униям ярми пластикда. Менга ҳар кун бер-бер дейишади. Плакат чиқар¸ анкета тарқат¸ у комиссиянинг оғзини ëп¸ бу текширувчига совға бер. Мен қаердан оламан бунга пулни? Ота-оналардан олмай нима иложим бор. Кейин улар бизни қарғайди¸ биздан шикоят қилади. Олдимга боласини олиб келган ота-оналарга фалон пул бермасанг¸ олмайман деб айтишга мажбурман. Давлат ўзи бизни ўғирликка мажбурлаяпти. Яқинда пахтага деб 7 миллион сўм йиғиб бердим. Пахтадан қутулдим¸ деб турганда сайлови чиқди. Ким сайланмоқчи бўлса¸ харажатиниям ўзи кўтарса бўлмайдими? Кошки бу депутатлардан бировга фойда бўлса¸ дейди Озодлик боғланган Тошкентдаги боғча мудираларидан бири.

Озодлик билан 11 ноябрь кунги суҳбатда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси муовини Светлана Ортиқова¸ сайлов жараëни¸ хусусан¸ харажатларнинг тадбиркорлар елкасига ортилаëтганига оид бу каби иддаоларни “Ўзбекистондаги тинчликни кўра олмаëтганлар тарқатаëтган бўҳтон” деб атади.

XS
SM
MD
LG