Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:29

Москвада ўғирлаб кетилган Ҳамидқориев 8 йилга кесилди


Ўзбекистонлик продюсер Мирсобир Ҳамидқориев.
Ўзбекистонлик продюсер Мирсобир Ҳамидқориев.

Шу йил ёзида Москвадан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини, продюсер Мирсобир Ҳамидқориев 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 18 ноябрь куни унинг иши юзасидан ана шундай ҳукм чиқарди.

Ҳамидқориевнинг иши бўйича ҳукм ўқилгани ҳақида Озодликка продюсернинг маҳкамада иштирок этган жияни Нафосатхон маълум қилди.

- Прокурор 8 йил сўради. Кейин судья: “11 йил” деб, 8 йилга қилиб берди. Аввал [судья]: “244-моддага 7 йил, 216 га 4 йил берамиз”, деди. Кейин 8 йил бериб, ишни ёпишди, - дейди Мирсобир Ҳамидқориевнинг жияни Нафосатхон.

Шу йил июнида Москвада ўғирлаб кетилган ва кейинчалик дараги Тоштурмадан чиққан Мирсобир Ҳамидқориев иши бўйича Тошкентда суд бўлаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди. У расмийлар томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-банди (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича айбланаётганди.

Нафосатхонга кўра, аввалроқ суд мулозимлари Мирсобир Ҳамидқориев иши бўйича ҳукм 20 ноябрь куни ўқилиши айтганлар. Бироқ бу иш кеча жуда ошиғич амалга оширилган. Нафосатхон судья тоғасига сўнгги сўзга тайёрланиш учун ҳам вақт бермаганини урғулайди. Унинг сўзларини Мирсобир Ҳамидқориевнинг рафиқаси Элеонора Исаева ҳам тасдиқлайди.

- Судья Собирдан: “Сенга сўнгги сўз берайликми?” деб сўради. У: “Менга тайёрланиш учун вақт керак”, деди. Кейин судья: “Яхши, тайёрлан” деб, ҳаммамизни суд залидан чиқариб юборди. Орадан 20 дақиқа ҳам ўтмасдан бизни яна ичкарига чақиришди. Судья Собирга: “Сўнгги сўзингни ўқи”, деди. Собир: “Мен тайёрланиш учун ҳеч бўлмаганда 1 кун берасизлар, деб ўйлагандим”, деди. Судья: “Йўқ, сенга 1 кун беролмайман. Истасанг, ҳозир ўқи, истамасанг, сўнгги сўздан бош тортди, деб ёзиб қўявераман”, деди. Кейин Собир 1 кун беришларини сўраб, йиғлаб, судьяга ялина бошлади. Судья кўнмади. Кейин Собир унинг қарамоғида уч нафар етим борлигини гапира бошлади. Бундан ташқари, менинг болам бор, бунинг устига, ҳозир ҳомиладорман. Яна Собирнинг она-отаси ҳам бор, отаси ишга ярамай қолган. Собир буларнинг ҳаммасини айта бошлади. Аммо тайёргарликсиз бўлгани учун жўяли гапиролмади, гапини тезда тугатиб қўйди. Кейин ҳукм ўқилди, - дейди Ҳамидқориевнинг рафиқаси Элеонора Исаева.

Унинг айтишича, судья мазкур ҳукм юзасидан 10 кун ичида шикоят аризаси топширилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Ҳамидқориевнинг яқинлари ҳукм юзасидан апелляция тартибида шикоят қилиш-қилмаслик ҳақида ҳали бир қарорга келмаганларини айтишди.

Маълумотларга кўра, Мирсобир Ҳамидқориевга қўйилган айблов асосан “Гап”да (ошна-оғайнилари билан зиёфатда)унинг Ўзбекистонда расмийларнинг мусулмонлар ҳақларини чеклаётганига оид танқидий фикрлари устига қурилган.

Мирсобир Ҳамидқориев иши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ҳам диққат марказида турибди. Хусусан, Халқаро Амнистия ташкилоти москвалик адвокат Илларион Васильев сўзларига таянган ҳолда, сўнгги икки ой мобайнида Ҳамидқориев ҳибсхонада қийноққа тутилгани ва бу амалиёт давом этиши мумкинлиги юзасидан ташвиш билдирганди.

XS
SM
MD
LG