Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

Ислом Каримов Остонада таянч излаётганини айтди


24 ноябрь кечқурун Остонага расмий сафарини бошлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 25 ноябрда президент Нурсултон Назарбоев билан тор доирада учрашиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирига таянч бўла олишига ишора қилди. Рус матбуотида чиқиш қилаётган экспертлар эса “Ислом Каримов Ўзбекистон КХШТдан чиққани ва АҚШ билан яқинлашганидан сўнг Россия билан ёмонлашган муносабатларни қайта тиклаш йўналишида Назарбоевнинг қўлловига эга бўлиш учун Остонага борди”, қабилидаги иддаоларни билдирмоқда.

Қозоғистон президенти расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, Ислом Каримов билан тор доирада учрашган Нурсултон Назарбоев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сув-энергетика, транспорт ва маданий-маърифий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Бундан ташқари минтақавий хавфсизликнинг муҳим жиҳатлари ҳам президентлар эътиборидан четда қолмаган.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг хавфсизлик йўналишидаги ҳамкорлик юзасидан позицияси минтақа барқарорлиги учун муҳим эканини таъкидлади:

- Қўшни давлат сифатида мустақиллик шароитида биз ўз муносабатларимизни етарли даражада қура олдик. Қозоғистон Ўзбекистонни барча ташаббусларини қўллаб келади. Биз икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга, савдо-сотиқни, муносабатларни, жумладан, ички ва ташқи хавфсизлик бўйича муносабатларни ривожлантиришга ҳозирмиз. Бизнинг мамлакатларимизда мазкур музокараларни диққат билан кузатишмоқда, негаки Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг позицияси ҳамда ҳамкорликдаги иши минтақанинг барқарорлиги, тараққиёти учун муҳимдир, -деди Назарбоев.

Расмий маълумотларда айтилишича¸ 2013 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 3¸2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган ва 2012 йилга нисбатан 14 фоизга ошган. Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра¸ ўзаро савдо ҳажми 3¸1 миллиард долларни ташкил этган ва бу 2013 йилнинг айни даврига нисбатан 25¸7 фоизга кўпдир.

Ислом Каримов Остонада Қозоғистон ва Ўзбекистон нафақат иқтисодий жабҳада, балки сиёсий муносабатларда ҳам бир-бирига таянч бўла олишига ишора қилди:

-Бугунги шароитда ҳар бир давлат ўз таянчини излайди, ўз режаларини аниқлайди ва ўзининг яқин қўшниларига суянади. Қозоғистон биз учун энг яқин мамлакат, оғир синовлар ва қувончли кунларимизда доимо биз билан бирга бўлган энг яқин халқ, - деб билдирди Ўзбекистон президенти.

Ислом Каримовнинг Остонага ташрифи Владимир Путиннинг декабрь ойида Тошкентга қиладиган сафари олдидан бўлгани учун Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари учрашуви россиялик экспертлар ва рус нашрлари эътиборидан четда қолгани йўқ.

Рус матбуотида чиқиш қилаётган экспертлар “Ислом Каримов Ўзбекистон КХШТдан чиққани ва АҚШ билан яқинлашганидан сўнг Россия билан ёмонлашган муносабатларни қайта тиклаш йўналишида Назарбоевнинг қўлловига эга бўлиш учун Остонага борди”, қабилидаги иддаоларни билдирмоқда.

19 ноябрь куни хориж элчиларининг ишонч ëрлиғи топшириш маросимида Россия президенти декабрь ойида Ислом Каримов таклифи билан Тошкентга боришини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG