Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:15

Қонуннинг қаттиқлиги эрта никоҳларга тўсиқ бўла олмаяпти


Youtube порталига жойланган фарғоналик 15 яшар келин билан 16 яшар куëвники дея ишонилган тўй видеоси шу кунларда ижтимоий тармоқларда эрта никоҳ тарафдорлари ва унга қаршилар ўртасида мунозарага сабаб бўлди. Озодлик манбаларига кўра, ушбу тўй жорий йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилоятининг Риштон туманида бўлиб ўтган. Ўзбекистон қонунларида эрта никоҳ тақиқланганига қарамай, мамлакатда 15-16 ëшида оила қуриш ҳолатлари кўп кузатилади.

Youtube порталига шу йилнинг сентябрь ойида юкланган видеода ëш ўспирин йигит ва қизнинг никоҳ тўйи акс этган.

2008 йили қабул қилинган “Болалар ҳуқуқларини кафолатлаш” ҳақидаги қонуннинг биринчи бобида 18 ёшгача бўлган шахс бола ҳисобланади, деб белгиланган.

Шундай келиб чиқилса, 16-18 ёшда турмуш қураётган ва она бўлаётган ўсмир қизлар қонун бўйича ҳали бола ҳисобланади.

Демак, Риштондаги тўй бола ҳуқуқларига зид тарзда бўлган.

Фарғона вилояти Риштон тумани ФҲДË бўлимига қўнғироқ қилганимизда¸ ўзини таништирмаган мулозим аëл бу ëшдаги фуқаролардан никоҳ қайд қилиш учун ариза олинмаслигини билдирди:

“Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланган. Ўтган йил май ойидан бошлаб эрта никоҳлар салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Агар бу тўй урф- одатлар ëки диний расм-русумларга биноан ўтказилган бўлса, Ўзбекистонда бундай никоҳ ҳуқуқий кучга эга эмас¸” деб таъкидлади исми айтилишини истамаган ФҲДË мулозими.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг айтишича, кейинги ой ичида Фарғона вилоятида ўнга яқин тўй¸ келин куëвнинг ëшлиги боис ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан тўхтатилган.

Озодлик манбага кўра, Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги бир неча тўй охирги дақиқада тўхтатилган:

“Куëв билан келиннинг никоҳ ëшига тўлмаганини назорат қилиш маҳаллага топширилган. Лекин маҳалла ҳаммани ҳам назорат остига ола олмайди. Ана шундай ҳолларда прокуратура¸ милиция ва ФҲДË вакиллари баëннома тузиб тўйни тўхтатади. Тўй қилганлар жаримага тортилади. Тошлоқ туманида 1998 йил туғилган қизни эрта турмушга бераëтгани аниқланган пайтида тўй тўхтатилди”¸ дейди суҳбатдош.

Озодликнинг Фарғонадаги манбаларига кўра халқ орасида “ЗАГСсиз тўй қилиб¸ кейин ëши етганида расмийлаштириб қўйиш” кўпайган.

Қоратепа –эрта никоҳ тўйи ўтказувчилар учун истисноли ҳудудми ?

Қизларни эрта турмушга бериш ва ўспиринларни “бошини иккита қилиб қўйиш” Қашқадарë вилоятида авж олгани айтилади.

Қашқадарëдаги манбамизнинг айтишича¸ Чироқчи туманидаги "Fаллакор” қишлоғида вояга етмаган қизнинг унаштириш маросими тўхтатилган:

"Сувлуқ” ва "Чувуллоқ” қишлоғида ҳам эрта никоҳларнинг олди олинди ва ушбу оилалар фарзандлари 12 йиллик мажбурий таълимга жалб этилди. Йил бошидан бери Қашқадарëда 50га яқин қизнинг эрта никоҳига чек қўйилди”, дейди Озодлик манбаси.

Қашқадарë ФҲДËларидан бирида ишловчи аëл исми айтилмаслиги шарти билан эрта никоҳ борасидаги вилоятдаги манзарани тасвирлаб берди:

“Эрта никоҳ воқеасини кўпинча бир йил ўтиб биламиз. Туғруқхонадан бизга вояга етмаган қиз туғди деган қоғоз келади. Борсак бир йил олдин ЗАГСсиз тўй қилингани маълум бўлади. Бунақа холатлар кўп. Термиз яқинида Қоратепа деган жой бор. Ўша ернинг аҳолиси қизларни эрта эрга бериш борасида чемпион. Қоратепадагилар қонун борлигини назар писанд қилмай ëшгина ўспиринни ëшгина қизчага уйлаб қўяверади. Катта тўй ҳам беради. Ўша тўйда милиция ходимлари ҳам қатнашади, лекин қоратепаликларга индай олмайди. Шайхали¸ Хонобод деган жойларда ҳам эрта никоҳ кўп”, дейди суҳбатдош.

Урф-одатлар босими

Қонунлардаги чекловларга қарамасдан, Ўзбекистонда қизларни 15-16 ëшида эрга бериш ҳолатлари кўп кузатилади.

Врач Дилобар Аҳмедовага кўра¸ бундай ҳолларда никоҳ расман қайд қилинмайди ëки келиннинг гувоҳномаси сохталаштирилади:

- Жамоатчилик зеҳнияти бундай ҳолларда қари момо ва бувиларимиз ҳикоясига таянади. Бувиларимиз 11-14 ёшларда турмушга чиққанини фаxрланиб гапиришади. Бу ўринда ҳар доим ҳам кексалар гапи тўғри эмаслигини тушунишимиз лозим,- дейди суҳбатдош.

Жамоа фикри устивор бўлган Ўзбекистон жамиятида ëши сал ўтган қизларга салбий муносабат шаклланган.

Бухоро ва Самарқандда бундай қизларга нисбатан “пирдухтар”¸ Тошкентда “қариқиз”¸ Фарғона водийсида эса “ўтириб қолган қиз “ тарзида ҳақоратомуз калималар қўлланилади.

Социолог олимлар зеҳниятни қонуний чекловлар билан ўзгартириш мушкуллигини айтиб келишади.

Эрта никоҳ тарафдорлари ва қаршилар

Youtube порталига қўйилган 15 яшар келин билан 16 яшар куëвники дея ишонилган тўй тасвири эрта никоҳ тарафдорлари ва унга қаршиларнинг фикрий пўртанасига сабаб бўлди.

Гинеколог Фарида Бўронова эрта никоҳга қаршилардан бири:

“Турмуш қуриш бу катта маъсулият!!! Шу ëшда, шу йигитча оилани боқа оладими?!! Албатта Йўқ!! Айтгандай кейин нима қилади? Россияга келадида пул топиш учун, ахир гастарбайтерлар сонини кўпайтириш керакку... Ҳа, энди бу ëшда... ҳомиладорлик ва туғруқ пайтида содир буладиган асоратлар ҳақида гапирмайман... улар сонсиз", дейди гинеколог Фарида Бўронова FB даги мунозарада.

Ўзбекистонлик сиëсий фаол¸ хозир Ҳолландияда истиқомат қилувчи Акбарали Орипов эрта никоҳга қарши эмас:

“15 ёш ҳам бир оз кеч. Агар балоғатга етиб қолса унданда эртароқ бериш керак. Илохим бахтли бўлишсин. Фарзандлари жасур ва ақлли ўғил қизлар бўлиб етишсин”, деб тилак билдиради мухолифат фаоли.

Мунозарага Қирғизистондан қўшилган Ўзибек Хожи Чўтонов тарихдан мисол келтиради:

“Бизнинг Манас 12 ëшида уйланган, Семетей ҳам, Сейтек ҳам. Улар уйланган қизлар яна ҳам ëш бўлган“, дея такидлади FB юзери.

Рустам Маматқулов деган юзернинг фикри бошқача:

"Тўйга розилик берган она-онани психологга кўрсатиш керак. Ҳали болаку булар оила тушунчасини қаердан билишсин!"

Азиз Озодлик муштарийлари, сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

XS
SM
MD
LG