Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:13

Қишда чироқ ўчмаслиги учун Қирғизистон Қозоғистондан электр сотиб олади


Жорий йил қиш мавсумида Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омборида камсувлик даври кузатилаётгани муносабати билан электр тақчиллиги юзага келиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида Қирғизистон ҳукумати қўшни давлатлардан 2,4 миллиард киловат соат электр энергияси сотиб олишни режалаштирган.

Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтурбаев журналистлар билан бўлган учрашув чоғида айни пайтда Қозоғистондан электр энергияси сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Қозоғистондан қиш мавсумида 1 миллиард киловат соат электр энергияси сотиб олинади. Қозоғистон ҳар бир киловат соат электр энергияси учун 10 центдан ҳақ сўрамоқда.Қирғизистонда электр энергиясига белгиланган баҳо эса айни пайтда 1,5 цент атрофида.

-Қозоғистон электр энергияси учун жуда қиммат нарх белгиламоқда. Шунинг учун биз уни ўзимиз ишлаб чиқарган электр қуввати билан аралаштириб, ойига 700 киловат соатдан кўп электр ишлатган истеъмолчиларга 2 сўм 50 тийндан (тақрибан4 цент-муаллиф) сотамиз,- деди Бош вазир.

Расмий маълумотларда айтилишича, Қозоғистондан электр энергияси сотиб олиш учун Қирғизистондан 97 миллион доллар маблағ талаб қилинади. Аммо бу пулни қайси манбалардан олиниши ҳозирча аниқ эмас.

Қирғизистон қиш мавсумида Қозоғистондан ташқари Туркманистондан яна 1,5 миллиард киловат соатга яқин электр қувватини сотиб олишни режалаштираётган эди. Бироқ Ўзбекистон Қирғизистонга туркман электр энергиясини транзит қилишдан бош тортган. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Темир Сариев қирғиз матбуотига берган суҳбатида гапириб ўтган эди.

“Ўзбекистон томони Туркманистондан сотиб олинадиган электр энергияни транзит қилиш учун техник имкониятларга эга эмаслигини айтди”, деб билдирди Темир Сариев Tazabek нашрига берган интервьюсида.

Қирғизистон қўшни давлатлардан электр энергияси сотиб олиши муносабати билан мамлакатда 1 декабрдан электр энергияси ва иссиқлик таъминоти нархи қимматлаши хабар қилинди.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Ёнилғи – энергетика тармоғини мувофиқлаштириш агентлиги раҳбариўринбосари Миргул Айдарова электр қувватидан фойдаланиш белгилаб қўйилган ижтимоий истеъмол чекловидан ошган тақдирдагина электр энергиясига қиммат баҳода ҳақ тўланишини маълум қилди. Яъни, бир ойда 700 киловат соат электр энергияси ишлатган истеъмолчилар 1,5 центдан, бу чекловдан кўпроқ ишлатган истеъмолчилар эса Қирғизистонда ишлаб чиқарилган электр қуввати учун 2 центдан, Қозоғистондан олинган электр қуввати учун 4 центдан ҳақ тўлайди.

XS
SM
MD
LG