Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:52

"Исломий давлат"дан қочган язидий қизи дунёдан ёрдам сўрамоқда


"Исломий давлат" жанггарилари томонидан асир олиниб, жория қилиб сотилган уйдан қочишга муваффақ бўлган 20 яшар Ҳавла ўз кўргуликларини Озодликка сўзлаб берди. У 3 августда ўғирланган ва шундан буён давом эттган қулликдан халқаро коалиция ҳаводан Мосулга ҳужум уюштирган пайтда қочишга муваффақ бўлган.

Ҳавла (исми ўзгаритирилди – таҳр.) куни-кеча бошидан ўтган даҳшатли кунлари ҳақида ҳикоя қиларкан, 3 августда бошланган асирликда оғир қийноқларга солингани, бир неча бор жонига қасд қилишга ҳам уринганини сўзлаб берди:

- Биз ўғирланган кунда аёллардан ажратилган қизларни калтаклашди. Болалари бор аёлларни уришмади. Қизлар билан жуда ёмон муносабатда бўлишди. Кейин қизларни Талъафар шаҳрига олиб боришди ва уч қаватли бинога жойлаштиришди. 20-30 нафардан гуруҳларга бўлиб, турли манзилларга сотишди. Кимки улар билан боришни истамаса, уларнинг сочларидан тортиб, калтак ва темирлар билар уриб, олиб кетишди. “Исломий давлат” жангчилари Сурия ва Ироқдан эди. Мен ва икки жияним 20 қизлик гуруҳда эдик, қизларни бир-бир сотишди, охирида мен ва яна икки қиз қолдик. Мени энг катта етакчисига сотишди. Бир жиянимни эса Амирга, яна бири Амирнинг дўстига сотилди. Бизни Мосулдаги уйлардан бирига олиб боришди. Биз ўша ердан қочдик. Бизни Сурияга олиб кетмади. Яна 40 кишилик бир гуруҳдаги қизларни Сурияга олиб кетишди, улар орасида менинг опам ва жияним ҳам бор эди, - дея хотирлайди кўзлари жиққа ёшга тўлган Ҳавла.

Унинг айтишича, Сурияга олиб кетилган қизларнинг қочиши имконсиз эди. Чунки, қизлар Роққа шаҳрига олиб кетилган ва бу шаҳар “Исломий давлат”нинг маркази бўлгани учун ҳаммаёқда жангарилар юради:

- Лекин, шунда ҳам менинг синглим қочишга муваффақ бўлди. Ҳозир у бир оила билан яшаяпти. Уни у ердан олиб келадиган ҳеч ким йўқ, - дейди Ҳавла.

Шу тариқа, август ойида “Исломий давлат”нинг Мосулга кириши ортидан ажратилган ва жанггариларга жория қилиб қайта ва қайта сотилган икки қиз – Ҳавла ҳамда унинг 21 яшар опаси уларни қулликда сақлаган жангарилар уйидан қочишга муваффақ бўлди. Аммо бундан қўрқиб ёки бошига тушган кунга рози бўлиб яшаётган язидий аёллар сони юзлаб экани айтилмоқда.

Ҳавланинг айтишича, жангарилар қўлидан қочиш ўта хавфлидир:

- Биз қочган уйда 6 та қиз бор эди. Уч қиз қочишга қўрқиб, рози бўлмади. Ҳаводан ҳужум бошланган пайтда уй яқинига бомба тушди ва жангарилар кўчага шошиб, самолётни уриб тушириш билан оввора бўлиб қолди. Биз қочмоқчи бўлдик. Эшиклар қулфланган эди, орқа эшикнинг калитини топдик ва ўша эшикдан қочдик. Тунги соат 11 да йўлга тушдик. 45 дақиқача юрдик. Кейин бир кишини учратдик ва унга қочганимизни, агар тутиб олишса, ўлдиришларини айтдик. У киши бизни уйига олиб кетди ва у ерда тунни ўтказдик. Саҳар соат 4 да у киши битта машина топиб келди ва шу машина билан уйимизга етиб олишимиз мумкинлигини айтди. Ҳайдовчи бизга ёрдам беришга рози бўлди ва бизни Киркукка олиб бориб ташлади. У ерга эса акам келди ва бизни олиб кетди, - дея ортда қолган оғир кунларни ёдга олди Ҳавла.

Унинг айтишича, қизларнинг кўпчилиги ўз жонига қасд қилишга уринган. Ҳавла ҳам уч бора урингани, тўхтатиб қолишганини айтади.

- Ҳа, биз бу ҳақда ўйладик. Мен уч бора ҳаракат қилдим, лекин жиянларим ва опам тўхтатиб қолди. Бир гал мен уларнинг қуролини ўғирлаб, ўзимни отмоқчи бўлдим. Лекин, қуролдан фойдаланишни биз умуман билмаймизку! Мени сотиб олган жангари суриялик эди. Улар барча язидий қизлардан Исломни қабул қилишни талаб қилишди. Уларга ўхшаб намоз ўқишни талаб қилишди, - дейди Ҳавла.

Ҳавла ортда қолган қизлар учун қайғураркан, улар орасида “Исломий давлат” талаб қилган ҳаёт тарзига мажбуран рози бўлганларни бир йўлини қилиб, қулликдан қочишга қайта ва қайта чақирди.

Қора кунлардан қочишга журъат топган ва ҳозир яқинлари бағрига қайтган Ҳавла “Исломий давлат”га қарши курашаётган халқаро коалиция қўшинлари, америкаликлар ва Ироқ ҳукуматига мурожаат қилди:

- Мен истардимки, улар “Исломий давлат”ни бутунлай йўқ қилсалар! Мен бу жангариларни оловда ёқишларини истардим. Ҳозир мен акам, онам ва сингилларим билан ёлғиз қолдим. Чунки, у маҳлуқлар отамни ўлдиришди, - дейди Ҳавла.

Мосулда жангариларнинг қўлга олинган ёш болали язидий аёллар сақлайдиган бир неча маскани бор ва яқинда ана шундай қамоқхоналардан биридан бир неча ёш болали аёллар ҳам қочишга муваффақ бўлди.

Ҳаво ҳужумларидан саросимага тушган “Исломий давлат” жанггарилари бундай масканлардаги тутқунлар устидан назоратини ҳам йўқотиб қўяётир.

Инсон ҳуқуқлари фаоли ва тадқиқотчи Ҳидҳир Дамилий 30 га яқин она-бола Синжар тоғлари бағрига беркинишга муваффақ бўлганини айтади:

- “Исломий давлат” бу аёллардан даромад манбаи сифатида фойдаланмоқда. Бу аёллар бир гуруҳдан бошқасига сотилмоқда ва шу тариқа жангарилари орасида пул келтирувчи молга айлантирилмоқда. Буни Сурия ва Мосулда жорияликдан қочган аёллар тасдиқлади. Кейинги пайтларда ҳар икки давлатда жангарилар қўлида қолаётган кўплаб аёллар қочди ва Сурия ҳамда Синжар вилоятларидан чиқиб олишга муваффақ бўлишди. 30 га яқин аёл болалари билан қочиб чиқди ва Синжар тоғларига яширинди. У ердан эса халқаро ташкилотлар кўмагида олиб чиқилишини кутаяпмиз, - деди ироқлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва тадқиқотчи Хидҳир Дамилий.

Унинг айтишича, шу кунга қадар жангарилари қўлидан қочган язидийлар – аёллар, эркаклар ва болалар сони 200 дан ортиқдир.

Лекин, ёш қизлар саудиялик, фаланстинлик ва тунислик жангарилар ёхуд уларнинг қўлловчиларига сотишгани боис, улар аксар ҳолларда бедарак кетадилар.

- Лекин бизни қувонтирган нарса шуки, қулликдан қайтаётган аёлларни оилалари қабул қилмоқда. Тутуқунликда қолганларни қутқариш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Жангарилар қўли остида яшашга рози бўлаётганларни ҳам муттасил равишда ортга қайтишга чақирмоқда. Мен яқинда 7 та аёли қайтарилган бир оилада бўлдим ва бу ҳодиса собиқ маҳкумаларнинг оиласи учун нақадар катта бахт келтирганига гувоҳ бўлдим, - деди ироқлик тадиқиқотчи.

Исломий давлат жанггарилари зардуштийликка боғланувчи язидий курдларни шайтонга сиғинувчилар деб эълон қилиб¸ уларнинг қирғин этилишини билдирганидан сўнг¸ бу жамоа қочишга мажбур бўлган.

Amnesty International ташкилоти исломий жанггарилар Ироқнинг бир қисмини ўз назоратига олганидан бери йўқолган ва ўлдирилган тинч аҳоли вакилларининг аксарияти¸ инсон ҳақлари гуруҳига кўра¸ язидийлар ташкил қилмоқда.

Сурия чегарасида жойлашган Синжар шаҳри жиҳодчилар қўлига ўтганидан бери 700 язидий эркак ўлдирилган, минглаб хотин-қиз эса, уруш ўлжаси сифатида қулликка олинган. Бу қирғиндан жон сақлаш учун тоғларга қочган ўн минглаб язидий орасидаги 70 бола ва 30 қария сувсизлик ва очликдан нобуд бўлган.

Ироқ парламентидаги язидий депутати Виан Дакхил, Бағдод ҳукумати, қолаверса халқаро жамоатчиликка кўзида ëш билан мурожаат қилиб, ўз қавмининг ер юзидан қирилиб битишини тўхтатиш учун ëрдам беришга чақирган.

XS
SM
MD
LG