Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:50

Ўзбекфильм раҳбари бир миллиард камомадда айбланиб ишдан олинди


Uzbekistan - screenshot from video
Uzbekistan - screenshot from video

“Ўзбекфильм” очиқ акционерлик жамияти директори Файзираҳмон Усманов сешанба куни ишдан олдинди. Буни маълум қилган Озодлик манбаларига кўра, кейинги бир йилда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида олиб борилган жиддий тафтиш натижасида бир миллиард сўм камомад аниқланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ “Ўзбекфильм”да давлат кино саноати учун ажратган маблағларни катта миқдорда талон-тарож қилинишига йўл қўйиб бергани учун ширкат раҳбари ишдан олинган.

Шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош муҳаррири Мурод Муҳаммад Дўст ҳам сешанба куни лавозимидан бўшатилган.

Манбаларимизнинг айтишича, “Ўзбекфильм” молия бўлимида ишловчи камида икки нафар ходим ҳибсга олинган.

-Тергов кетаëтгани боис қамоққа олинган буҳгалтерия ходимлари исмини айта олмаймиз¸ - деди Озодликниг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Бир йилдан бери Ўзбекистон кино индустриясининг барча тармоқларида давом этаëтган тафтишдан қўрққан "Ўзбекфильм" мулозимларидан бири июнь ойида ўз жонига қасд қилган эди.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толиповичнинг жасади 14 июнь куни “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилгани ҳақида Озодлик ҳабар берган эди.

Озодликнинг Чилонзор туман Ички ишлар бўлимидаги манбаларининг айтишича, Назаровнинг танасида пичоқ излари ҳам бўлган.

- Ўзини осиб ўлдиргани гумон қилинаëтган марҳумнинг юраги ва қорнида пичоқ санчилгани оқибатидаги жароҳатлар ҳам бор эди. Пичоқ марҳум осилган жойдан 50 метр узоқда турган марҳум Назаровга тегишли автомобил ичидан топилди,- дейди Озодлик манбаси.

Тўлаган Назаров нафақат мулозим¸ балки кинопродюссер сифатида ҳам танилган эди. Назаров 2011 йили суратга олинган ва бир неча киносовринлар соҳиби бўлган “Қўрғошин” фильмига продюссерлик қилган.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида ишлаган ва Тўлаган Назаровни ўлим арафасида кўрган аëл кишининг Озодликка айтишича¸ марҳум тафтишчиларнинг қаттиқ босими остида бўлган.

- Мен Тўлаган Назаровни 2007 йилдан бери биламан. Қувноқ ва оптимист одам эди. Аммо кейинги пайтда тафтишчилар босими остида қолиб, руҳий тушкунликка тушиб қолди. Текширишлар бошланганидан кейин умуман бутун “Ўзбекфильм”да руҳий атмосфера ëмонлашди. Тирноқ остидан кир қидирган текширувчиларнинг ходимларни соатлаб сўроқ қилиши жонимизга тегди¸- дейди исми ошкор қилинмалиги шарти билан Озодликка гапирган суҳбатдош.

Ўзбек кино индустрияси пул ўзлаштириш машинасими ?

Озодлик суҳбатлашган кино соҳасидаги мутахассислар “Ўзбекфильм” раҳбариятидагилар¸ ўзларидан юқори мартабадаги давлат мулозимлари билан биргаликда кино соҳасига ажратилган йирик миқдордаги давлат маблағларини муттасил ўзлаштириб келди деган иддаоларни илгари суришди.

Бу иддаоларни илгари сураётган мутахассисларга кўра, кейинги бир йил ичидаги текширишлар асносида кино техникаси¸ декорация ва актерлар маошига ажратилган катта маблағлар ўзлаштирилган.

Озодлик суҳбатлашган манбаларнинг айтишича шу кунларда ҳам мамлакат киноиндустриясининг барча соҳаларда кенг кўламли текшириш кетмоқда.

“Ўзбекфильм” ҳақида

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси берган лицензияга мувофиқ бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмларни ишлаб чиқариш, уларни турли тилларга дубляж қилиш ва субтитрлаштириш фаолияти билан шуғулланади.

Ширкат низом фондининг 93,48% давлат улушини ташкил этади, қолгани эса юридик ва жисмоний шахсларнинг улуши ҳисобланади.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти ўзининг фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида асосан давлат буюртмасига таянади ва унинг фильмларни ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 91 фоиздан ортиғини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG