Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:00

“Қаршигаз” расмийси аҳолига 100 миллион сўмдан ошиқ асоссиз қарз юклаган


Автосалон ходими харидорларнинг 80 минг долларини еб кетди. Ёшлар орасида тақлид синдромига чалинганлар кўпаймоқда. Хонанда Севара Назархон клипида вампирларни кўрсатгани учун танқидга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Адолат” партияси боқимандаларга қарши”

“Адолат” социал-демократик партияси фуқароларнинг оила, давлат ва жамият олдидаги ижтимоий жавобгарлигини давлат зиммасига юклашларига йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблайди (“Тошкент оқшоми”, 3 декабрь).

Мазкур қараш партиянинг 21 декабрь кунги парламент ва маҳаллий кенгашлар сайлови олдидан эълон қилган дастурида акс этган.

“Биз боқимандаликка қаршимиз ва фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларига давлат томонидан ташаббуссиз, ҳаракат йўқ, суст шахсларга бериладиган кўмак сифатида қарамаслик керак”, дейилади “Адолат” партиясининг сайловолди дастурида.

“Қашқадарёда аҳолига гарданига 100 миллиондан ошиқ асоссиз қарз илган газ мутасаддиси қўлга олинди”

“Қаршигаз” идорасининг бўлим бошлиғи Пармон Қурбонов қўл остидагилар билан биргаликда ҳужжатларни сохталаштириш орқали одамларнинг 100 миллиондан ошиқ маблағини ўмаргани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 4 декабрь).

Қурбонов ва унинг шериклари Қарши шаҳридаги 1000 га яқин фуқародан аслида фойдаланилмаган газ учун миллионлаб маблағ ундирган. Бундан ташқари, газ тўловларида ҳеч қандай қонунни бузмаган, газ ўлчагичи рисоладагидек ишлаган 9000 дан ошиқ хонадонга ҳам асоссиз равишда ноқонуний уланиш айби қўйилган.

Шу тариқа Қурбонов ва унинг шериклари автоматлаштирилган ҳисоблаш тизими (компютерлар)га сохта маълумотлар киритиб, ўмарилган маблағларни минглаб фуқаро гарданига юклаган.

Қайд этилишича, газ ўғриларининг қаллобликларига чек қўйилди ва уларга жиноят ишлари Нишон тумани суди тегишли жазо тайинлади.

“Янги йил арафасида нарх-наво ошадими?”

Янги йил арафасида бозорларда нарх-навонинг ошиши анъанага айланган. “Тошбозорсавдо” уюшмасининг бўлим бошлиғи Тўлқин Ибрагимов бу йил байрам арафасида нарх-наво ошишига йўл қўймаслик чораларини кўрилаётганини маълум қилган (“Даракчи”, 4 декабрь).

“Эслаб кўринг, ёзда гўшт нархи бир килограмм учун 30 минг сўмгача кўтарилиб кетди. Ҳозир-чи? Анча арзон. Бунинг сабаби шундаки, “Ўздаврезерв” бозорга ўзининг гўшт заҳираларини олиб чиқди”, дейди бозорлар идораси мутасаддиси.

Қайд этилишича, бозорларда нарх оширилиши аниқланган ҳолларда сотувчилар билан жиддий суҳбат ўтказилади, агар бу ҳолат такрорланса, сотувчи бозордан бадарға қилинади ва савдо жойидан айрилади.

“Тошкентнинг йўлак ва чорраҳаларида “тузоқ” қўйилган”

Тошкентдаги кўплаб чорраҳалар бир ой муқаддам видеокамера кабелларини ётқизиш учун кавланган эди, қиш келганига қарамай ҳозиргача аксар чорраҳалардаги ўралар ёпилмаган (“Новий век”, 4 декабрь).

Бу ҳолатни Миробод, Яккасарой, Чилонзор, Юнусобод туманларида кўриш мумкин. Қайд этилишича, йўлак ва чорраҳалардаги кўзга кўринмайдиган чуқур ва ўралар болалар ва қариялар учун нақд тузоқ вазифасини ўтамоқда.

Газета шаҳар ҳокимиятини врач-травматологларга иш кўпаймасдан аввал бу борада тезкор чоралар кўришга чақирган.

“Тошкентдаги автосалон ходими машина олиб бериш ваъдаси билан мижозларнинг 80 минг долларини еб кетди”

Тошкент шаҳридаги “PSM Group” автосалонида экспедитор вазифасида ишлаб келган шахс ўнлаб фуқаронинг 80 минг доллар маблағини еб кетди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарида айтилишича, исми ошкор этилмаган автосалон ходими автомобилни қисқа муддатда олиб бериш ваъдаси билан одамлардан пул олган. Экспедитор “Нексия” учун 400, “Ласетти” учун 500, “Спарк” учун 600, “Дамас” учун 800 доллардан устама ҳақ олган. Аммо ваъдасида турмай ўндан ошиқ одамни чув туширган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди автосалон ходимини 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилгани хабар қилинган.

“Ёшлар орасида тақлид синдромига чалинганлар кўпаймоқда”

Ўзбекистонлик ёшлар орасида кино қаҳрамонлари ва машҳурларга тақлид қилиш ҳолати кучаймоқда (“Оила даврасида”, 4 декабрь).

Психология фанлари номзоди Мансур Абдиевнинг ёзишича, тақлиднинг меъёрдан ошиб кетиши шахснинг психологик жиҳатдан издан чиқишига олиб келади. Оқибатда у касалликнинг кучли шакли – тақлид синдромига чалинади.

Руҳий хасталикнинг энг оғир шаклига чалинган одам юлдузларга ўхшаш йўлида ҳамма нарсага тайёр бўлиб қолади. Статистик маълумотларга қараганда, дунё аҳолисининг учдан бир қисми машҳур инсонларга тақлид қилишни хуш кўради. Ўз қаҳрамонларидан “нусха кўчирувчи” бу тоифа асосан 12 дан 35 ёшгача бўлганлардир.

“Бесабаб сигнал чалган ҳайдовчи жаримага тортилади”

Кўча-кўйда сабабсиз машина сигналини чалган ҳайдовчи жаримага тортилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги инспектори, капитан Акмал Юнусов маълум қилади (“Адолат кўзгуси”, 4 декабрь).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасига кўра, товуш сигналини сабабсиз чалиш, шунингдек, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарувчи корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Айтиш жоизки, кундалик ҳаётда ҳайдовчилар орасида сабабсиз сигнал чалиш жуда кўп учрайди.

“Хонанда Севара Назархон клипида вампирларни кўрсатгани учун танқидга учради”

Таниқли хонанда Севара Назархон “Сумерки” қўшиғига ишланган клипида вампирларни кўрсатгани учун танқидга учради. Бу ҳақда шоу бизнесга ихтисослашган “Даракчи” нашри хабар беради.

Тингловчилар оғир ва вазмин хонандага бу ҳаракат ярашмаслигини билдиришган.

“Баъзида шундай клипларни ҳам тақдим этиб туриш лозим. Бунақа клипни тақдим этишга “Сумерки” фильми сабаб бўлди”, деган хонанданинг ўзи.

XS
SM
MD
LG