Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Бўкада ёши 60 лардаги эр-хотин ваҳшийларча ўлдириб кетилди


Тошкент вилояти Бўка туманининг Ачамайли файз маҳалласида истиқомат қилган 60 ёшлардаги эр-хотиннинг чавақланган жасадлари бошқа маҳалладаги тутқаторлар орасидан топилди. Озодлик манбаларидан олинган бу хабарни Тошкент вилояти прокуратурасидаги Озодлик манбаси тасдиқлади.

Озодликнинг Бўкадаги манбасига кўра, 60 ёшлардаги Абдусамат Абдурайимов ва унинг хотини Инобат Жўраеванинг уйига 25 декабрга ўтар кечаси бостириб кирган қотиллар уйни тунаганидан сўнг, уй эгаларни ўлдириб, йўл четига ташлаб кетган.

“25 декабрь куни эрталаб Бўкадан Сирдарёга чиқиб кетишдаги Янги ҳаёт маҳалласи йўли четидаги тутқатор орасидан чол-кампирнинг ўлиги топилган. Маҳалла фаолларидан бири бўлган танишимнинг айтишича, Абдусамат акани ҳам, Инобат опани ҳам таниб бўлмас даражада чавақлаб ташлашган экан”, деди манба.

Унинг айтишича, қотиллар чолу кампирни аввал ўлдириб, кейин йўлга ташлаб кетган бўлиши мумкин:

“Ҳозир Абдусамат аканинг уйи томонга ўтиб келдим. Мелиса босиб кетган, уйга киргани қўйишмаяпти. Айтишларича, уйнинг эшиклари очиқ, қулфлари бузилган экан. Қотиллар аввал уйни тунашган, кейин чолу кампирни ўлдириб, уларнинг ўзларини машинасида олиб чиқиб кетишган, дейишяпти. Мелисалар бармоқ излари ва бошқа ашёвий далиллар излашяпти”, дейди манба.

Ачамайли қишлоғида истиқомат қилувчи бошқа бир манбанинг айтишича, қотиллар қассоблик билан шуғулланадиган Абдусамат аканинг уйига талончилик мақсадида кирган бўлиши мумкин:

“Бу эру хотин уйда ёлғиз яшарди. Ўзларининг фарзандлари йўқ. Битта қизни асраб олишган эди, у ҳам эр қилиб кетган. Чолу кампир иккаласи Бўканинг бозорида гўшт сотарди. Ўзига анча тўқ оила эди, Худо раҳмат қилсин яхши одамлар эди", деди манба.

Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳозир прокуратура, вилоят ички ишлар бошқармаси оёққа турган. Қотиллар Абдусамат Абдурайимовнинг машинасини Олмалиқ йўлидаги Қорачироқ маҳалласи яқинига ташлаб кетишган. Айни пайтда машина экспертизадан ўтказилмоқда. Бу ишни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилган. Биринчи тахминимиз босқинчилик ва қотиллик бўлган”, деди Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси.

Ўтган йиллар давомида Тошкент шаҳри, вилояти ва Фарғона шаҳрида ёлғиз қарияларни тунаш ва уларни ўлдириб кетиш ҳолатлари жуда кўп бўлган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ўтган йили бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошганлигини хабар қилган эди.

Расмий маълумотларга кўра,жиноятларнинг аксарияти ҳали очилмаган бўлсада, лекин бир неча киши қўлга олиниб суд қилинди.

Жумладан, ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Мирзо Улуғбек тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи 85 яшар Любовь Одиловани бўғиб, ўлдириб, уйини тунаган шахсни 19 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган бўлиб, бир хил сценарий асосида бир қанча гуруҳ ҳаракат қилган.

XS
SM
MD
LG