Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:10

Намангандаги йирик "Тўда деҳқон бозори"нинг томи босиб қолди


WhatsApp тармоғи орқали Озодликка йўлланган суратда бозорнинг кийим-кечак қисми акс этган
WhatsApp тармоғи орқали Озодликка йўлланган суратда бозорнинг кийим-кечак қисми акс этган

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари аҳли қарийб бир асрдан бери савдо қиладиган йирик "Тўда деҳқон бозори"даги кийим-кечак расталарининг каттагина қисмини том босиб қолди. Норасмий манбалар иддаосича, ҳодисада ўнлаб одам жароҳат олган. Норин туман ҳокимлиги бозорнинг қулаган қисми зудликда тикланаётганини маълум қилди.

Озодликка мустақил манбалар 3 январь куни йўллаган хабарларга кўра, ҳодиса ўтган бозор куни, одатан, бу бозорда савдо бўладиган чоршанба - 24 декабрда содир бўлган.

Узунлиги баландиги қарийб 10 метр, узунлиги 115 метр узунликда 4 қатор қилиб қурилган бостирма томи савдо айни қизиган пайтда – маҳаллий вақт билан соат эрталабки 10 га яқин содир бўлгани айтилмоқда.

Норасмий манбалар иддаосича, ҳодисада ўнлаб одам жароҳат олган.

Том қулашига гувоҳ бўлган норинлик савдогарлардан биридан олинган маълумотга кўра, бир киши олинган жароҳатлардан воқеа жойида нобуд бўлган, ўнлаб одам эса умуртқа суяги синиши, бош жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган:

"20 тача Дамас бозор билан Наманган шаҳрига қатнади ўша куни. Ўзингиз ўйланг, бозор авжи қизиганда том босиб қолди. Жароҳат олганлар кўп бўлди роса. Биттаси ўша ерда нобуд бўлди. Одамлар нафасини текширса, ўша пайтдаёқ ўлиб бўлган экан", деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган тадбиркор.

Озодлик тадбиркордан олинган бу маълумотларни ҳозирча бошқа бирор мустақил манбадан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Норин туман ҳокимлиги расмийси "Тўда деҳқон бозори"да ҳалокат бўлганини инкор қилмади, аммо бу борада қўшимча маълумот беришни истамади. Унинг айтишича, ҳозир бозорнинг қулаган қисми зудликда тикланмоқда ва келгуси бозор – яъни, келгуси ҳафтанинг чоршанба кунига қадар бозор иши тўлиқ тикланади.

Ҳозирча, бозор томи қулашига нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо, Озодлик манбалари берган маълумотга кўра, “"Тўда деҳқон бозори"да бундай ҳалокат бўлиши аввалдан кутилган эди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда норинлик савдогар 115 метр узунликда бир-бирига зич тираб қурилган бостирмани ушлаб турган устунлар жуда ингича трубалардан қурилгани, унинг устига ёпилган том эса ёғингарчилик пайтида оғирлашиб қолиши кузатилганини айтмоқда:

"Навесни ушлаб турган трубалар, арматуралар ингичка-ингичка эди-да. Қор босганда, ҳаммани юрагини ваҳима босиб турарди, мана ҳозир босиб қолади, деган. Бозорни катталари ҳам биларди, лекин чора кўрмасди", деб иддао қилди норинлик тадбиркор.

Бунга қадар қалин қор ёки кучли ёмғир ёққан кезларда савдогарлар том босиб қолишидан хавотир қилиб, бозор маъмурияти кўп бор арз қилгани, аммо, маъмурият бу шикоятларни жавобсиз қолдириб келгани ҳам даъво қилинмоқда.

Озодликка ҳодиса кунидан йўлланган суратларда, дарҳиқақат, оғир юк - савдога қўйилган кийим-кечаклар осилган бостирмани тутиб турган таянчнинг анча нозик бўлгани кўринади.

Озодлик тадбиркорларнинг одамлар ҳаётини ҳавфга қўйган бу носозлик ҳақидаги арзига бирор расмий ташкилотдан изоҳ олишга ҳануз муваффақ бўлмади.

Наманганлик яна бир тадбиркорнинг айтишича, Норин тумани Тўда қишлоғида жойлашган "Тўда деҳқон бозори" аслида салкам бир асрлик эски, гавжум бозорлардан биридир.

"Отам 98 ёшга кирди ва у киши айтадилар, бу "Тўда" бозор мен эсимни таниганда ҳам шунақа гавжум эди, деб. Бу ёғи Наманган шаҳридан тушиб келади одамлар. У ёғи Чинобод тумани орқали ва Қорадарёнинг шундоққина нариги тарафидан Андижондан одам келади. Фарғонадан келади одам. Бу бозорнинг жойлашуви қулай, кейин нархлари арзон. Муҳими, тартиб борда бу бозорда. Сигарет битта жойда, шолғом битта жойда, латта-путта битта жойда - қидириб юрмайсиз", дея "Тўда деҳқон бозори"га таъриф берди исмини ошкор қилмаётганимиз наманганлик тадбиркор.

Айни пайтда Озодлик муштарийлардан келган ва қисман расмий тасдиғини топган бу хабарга оид қўшимча тафсилотларни ўрганишда давом этмоқда.

Билганларингиз бўлса, Озодлик муштарийлари билан ўртоқлашинг!

XS
SM
MD
LG