Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:42

"Экстремизм билан курашда сатира бомбадан кучли!"


Ëш ўзбек карикатурачиси Жасур Раҳимов биринчилардан бўлиб француз сатирик журналига қилинган ҳужумни қоралаб чиқди.
Ëш ўзбек карикатурачиси Жасур Раҳимов биринчилардан бўлиб француз сатирик журналига қилинган ҳужумни қоралаб чиқди.

"Мен Шарлиман" деган ëзувни ўз логосига айлантирган сўз ва ифода эркинлиги тарафдорлари орасида ўзбекистонлик ижодкор ва журналистлар ҳам бор. Озодлик билан суҳбатда улар исломий радикалларнинг журналист ва рассомларга қилган қонли ҳужумини "ваҳшийлик ва мутаассиблик" намунаси деб аташди.

Charlie Hebdo француз ҳажвий журнали ходимларининг ўлдирилишига муносабат билдирган кўпчилик интернетдаги ижтимоий тармоқларда "Je Suis Charlie"- "Мен Шарлиман" деган ёзувларни қолдиришди.

Жасур Раҳимовнинг Charlie Hebdo сатирик журналига қарши қилинган ҳужумга муносабати акс этган карикатураси.
Жасур Раҳимовнинг Charlie Hebdo сатирик журналига қарши қилинган ҳужумга муносабати акс этган карикатураси.

Улар орасида ëш ўзбек ҳажвчи рассомлари ҳам бор. Улардан бири Facebookдаги Uzbekistan Illustrated саҳифаси рассоми дўппи кийган ўзбек расмини чизиб ëнига “Мен Шарлиман. Бандалик¸ худо раҳмат қилсин” деб ëзиб қўйди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистондаги “Муштум” сатирик журнали рассомлари ҳам Париждаги карикатурачиларга бўлган ҳужумни қоралашди.

- Биз бу ҳужумни қоралаймиз. Ҳамкасбларимиз бўлган рассомларининг бешафқат қатл қилинганни эшитиб таъсирландик. Биз ҳам буни қоралаб расм чизмоқчи эдик¸ аммо изн беришмади. Шу боис сизга исмимизни айтмасдан суҳбат бераяпмиз¸- дейишди Ўзбекистондаги “Муштум” журнали билан ҳамкорлик қиладиган рассомлар.

Дунёнинг турли бурчакларидаги карикатурачилар 7 январь куни Париждаги Charlie Hebdo сатирик журнали офисига қуроллилар тарафидан уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган ҳамкасблари хотирасини ўз ижодлари ила ёдга олмоқдалар.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу рассомлар ҳажвий расмларда диний¸ сиëсий ва ижтимоий мавзуларга тақиқ қўйилганидан хавотир билдиришди:

- Масалан¸ илгари “Муштум” журналида муллалар танқид қилинар эди. Мана қўлимда “Муштумнинг” эски сони. Унда Алижон Холиқов чизган карикатурага эътибор беринг. Кўрпачада мулла ëнбошлаб ëтиб¸ ТВ да фигурали учишни томоша қиляпти. Олдида ноз-неъмат тўла дастурхон. Карикатура тагида эса “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар" деб ëзилган. Ҳозир бунга ўхшаган карикатурани чизсак¸ бизни энг камида калтаклаб кетишса керак¸- дейди исми айтилишини истамаган ўзбек рассомларидан бири.

Таниқли ўзбек шоири Рифат Гумеров Озодлик билан суҳбатда Charlie Hebdo француз ҳажвий журнали ходимларининг ўлдирилишини фожиа деб атади:

- Рассомларнинг ўлдирилишини ўз фожиам каби қабул қилдим. Мен умуман қотилликни қоралайман. Ҳар доим ва ҳамма ерда. Бу террор амалиëти нафақат Ғарб дунëси¸ балки мусулмон оламига ҳам катта зиëн келтиради. Исломни дискредитация қилди¸ обрўсизлантирди. Рассомларни ўлдирганларни эса мусулмон эмас¸ балки радикал мутаасиблар деб биламан. Жиноятчи бу жиноятчидир. Уларни мусулмон десак ҳаққимиз кетади¸- дейди суҳбатдош.

Айни пайтда суҳбатдош дунë ижодкорларини мусулмонлар ҳассосиятини ҳисобга олишга ҳам чорлади:

- Мен дунëдаги ижодкор ҳамксабларимнинг донишманд бўлишини истар эдим. Ижодкор киши элга зиë¸ эзгулик ва муҳаббат элтади. Ижодкор одамларни гиж-гижламайди¸ уларни камситиб ўзгаларнинг сиғиноқларини топтамаслиги керак¸ деб биламан. Демократия ва эркинлик дегани ҳали ўзбошимчалик ва анархия дегани эмас. Менинг эркинлигим ва мустақиллигим бошқа одамнинг эркинлиги ва мустақиллиги бошланган жойда тугайди¸- дейди Рифат Гумeрoв.

Ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева Рифат Гумеровнинг фикрларига қўшилмайди:

- Ижодкорнинг эркинлиги бошланган жойда экстремистлар эркинлиги тугайди¸ ўйлайман. Бу исломчиларга тик қараб туриб уларнинг пуч мағзи устидан қаҳ-қаҳ отиб кулиш зарур деб биламан. Агар барча рассомлар Рифат айтгандек донишманд бўлиб¸ қўлига мўйқалам олишидан аввал қайсидир экстремистни хафа қилмай¸ деб ўйлаб бошласа санъат эркинлиги қайга кетади¸- дея савол қўяди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик рассом Владимир Дубровский.
Ўзбекистонлик рассом Владимир Дубровский.

Ўзбекистонлик фоторассом Владимир Дубровский эса рассом ўз виждони буюрган даражада диний эътиқодга ҳурмат билан қараши зарур деган гапни айтади:

- Дарров айтиб қўяй¸ мен француз рассомларининг ўлдирилишини қоралайман. Лекин мен улар қилган ишни қилмаган бўлар эдим. Мен Ўзбекистондаги қадамжолар ва масжидларда сурат туширсам¸ ўша ердаги диндорлардан изн сўрайман. Уларга ниятим нимадалигини очиқ-ойдин айтаман. Ана шундан кейингина кўнглим хотиржам бўлиб¸ уларни суратга олман. Менинг ижод эркинлигим ўлчовини виждоним белгилайди. Шу маънода Париждаги карикатурачилар сал қуюшқондан чиқди¸ деб ўйлайман¸- дейди суҳбатдош.

Галима Бухорбоева эса Париждаги рассомлар маҳорат билан диний радикалларни нишонга олди¸ деган фикрда собит:

- Француз журнали бу каллакесар варварларга нисбатан жуда тўғри муносабатда бўлди. Журнал уларни жиддий олиб ўтирмасдан ҳажв қилди. Устидан кулди¸ мазах қилди. Агар сиз бу радикалларни бомбаласангиз¸ уларга жиддий ëндошган бўласиз. Аммо улар бомбага эмас¸ мазах қилинишга лойиқдирлар. Уларга сатира бомбадан ҳам кучли таъсир қилади. Кулги уларнинг жон-жонидан ўтиб кетади¸- дейди ўзбекистонлик журналист.

Галима Бухорбоева Озодлик билан суҳбатда ўзбек мусулмонларининг ҳам танқидга чидамсизлиги ва мулоқот олиб боришга яроқсизлигини алоҳида таъкидлайди:

- Uznews.net нашри ҳали ëпилмаган пайтда мабодо диний мавзуга сал тегиниб кетиб савол берсам, дашномлар остида қолиб кетар эдим. Агар бугун Uznews.net очиқ бўлганида мен ҳеч иккиланмасдан француз журнали эълон қилган Муҳаммад пайғамбар ҳажв этилган карикатураларни эълон қилган бўлар эдим. Нафақат улар билан бирдамлигим учун¸ балки бу карикатураларни юморнинг мукаммал ўрнаги деб билганим учун ҳам эълон қилган бўлар эдим. Мен Рим Папаси ëки Муҳаммаднинг устидан кулмаслик керак¸ деган гапга қўшилмайман¸- дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG