Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Сурхоннинг бир қишлоғидан тўрт йигит Сурияга жиҳодга кетган


Сурияда жиҳод қилаëтган ўзбекистонлик жанггарилардан бири.
Сурияда жиҳод қилаëтган ўзбекистонлик жанггарилардан бири.

Озодликка мурожаат қилган сурхонлик йигит (ўз исми очиқланмаслигини истаган бу йигитни шартли Жасур деб атадик – таҳр.) жиҳодчиликка кетган йигитлардан иккитасини яхши танишини айтади.

Суҳбатдошга кўра¸ Деновдаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини битирган 22 яшар йигитлар 2011-2012 йиллар давомида кетма-кет Россиянинг Владивосток ўлкасига иш излаб кетган.

Деновнинг бир маҳалласи – Тинчлик қишлоғи (Амир Темур сувдан фойдаланиш уюшмаси) дан бўлган йигитлар Владивостокка келиб қурилишда¸ сўнгра шакар қадоқлаш заводида ишлаган.

2014 ëзида Владивостокда ишлаб¸ Ўзбекистонга қайтиб борган камида етти нафар деновлик йигит диний экстремистик гуруҳларга қўшилганлик айби билан қўлга олинганидан кейин¸ Россияда қолган уларнинг танишлари уйга қайтмасликка қарор қилган ва Владивостокдан Сурияга жўнаб кетган.

Аввалига оиласи Россияда бедарак йўқолди¸ деган хавотир билан қидиришни бошлаган бу йигитлар¸ Одноклассники ижтимоий тармоғига бошқа ном билан чиқиб¸ ўзларининг Сурияда жиҳодда эканлари ҳақида хабар берган.

Озодлик билан суҳбатда Денов туман расмий тизимларида ишловчи масъул¸ Тинчлик қишлоғидан икки эмас¸ тўрт йигитнинг ҳозирда Сурияда жиҳодчилик қилиб юргани аниқланганини билдирди:

- Бу йигитларнинг ҳаммаси Владивостокдаги шакар заводида ишлаган. Уйида намозни ҳам тузук-қуруқ ўқимаган бу йигитлар Интернет орқали ҳар хил оқимлар таъсирига тушган. Шундан кейин ўтган йилнинг июль-сентябрь ойларида Сурияга кетиб қолган. Уларнинг ота-онаси ҳозир йиғлаб ўтирибди нима қилишини билмай. Жиҳодга кетганини айтгандан кейин бу болалар телефон ҳам қилмай қўйган¸ дейди маҳаллий расмий Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Туман расмийларига кўра¸ ҳозирда ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда ва жиҳодчиликка кетган йигитларнинг ота-оналари тегишли тизимлар билан кўнгилли тарзда ҳамкорлик қилмоқда.

Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Владивостокдаги ўзбеклар жамоаси фаолларидан бири¸ ўзбекистонлик¸ хусусан¸ сурхонлик йигитларнинг бу ердан жиҳодга кетиш жараëнидан бехабарлигини билдирди.

Ўзининг маҳаллий полиция¸ шунингдек мусулмонлар жамоаси йиғинларида мунтазам қатнашишини билдирган бу суҳбатдошга кўра¸ ҳозирча на маҳаллий хавфсизлик тизимлари ва на маҳаллий матбуот ўзбекистонлик муҳожир йигитларнинг Владивостокдан Суриядаги жиҳодчилар сафига кетаëтгани масаласини кўтармаган.

Айни пайтда¸ Тинчлик қишлоғи¸ қолаверса Денов ва Сурхондарëнинг бошқа туманларида маҳалла фаоллари¸ участка нозирлари йиғинлар ўтказиб¸ уйма-уй юриб¸ ота-оналарни Россиядаги фарзандларини уйига қайтаришга даъват қилмоқда:

- Маҳалла фаоллари¸ участковойларимиз тинимсиз уйма-уй юришади. Ким Россияда юрибди¸ нима қилиб юрибди¸ ким Россиядан келди¸ деб сўраб юришади. Дўхтирлар ҳам Россиядан келганлар борми¸ деб текширади. Келганлар қон топшириб¸ текширишдан ўтиши керак¸ дейишади. Бизда тартиб яхши¸ дейди Деновдаги маҳаллалардан бирида яшовчи аëл.

Жиҳодчиликка кетган деновлик йигитларни таниган Жасур¸ ўз танишларини Сурияга кетишга ундаган омил пулдан кўра¸ уларнинг радикал тарғиботчилар таъсирида “психологик синиш”и эканини тахмин қилади:

- Мен уларнинг Владивостокда ким билан ош-қатиқ бўлганини аниқ билмайман. Лекин сабаб иқтисодий бўлмаса керак¸ деб ўйлаяпман. Чунки ўзига яхши оилалардан эди. Психологик синган бўлса керак бу болалар¸ дейди деновлик жиҳодчиларнинг таниши.

Озодлик суҳбатлашган Денов расмийларидан бири¸ айни кунларда жамоатчилик Сурияга кетганларни нима қилишини билмай¸ боши қотганини эътироф этади.

- Кетганлар асосан Россиядан кетаяпти. Шунга йигитларнинг ота-оналарига уларни уйга қайтариш ҳақида маслаҳат бераяпмиз. Қайтганларни иш билан таъминлаш устида ишлаяпмиз. Яқинда ëғ заводи очмоқчимиз¸ бошқа планлар ҳам бор¸ дейди деновлик расмий.

Ўзбекистонликларнинг халқаро майдонда террорчи гуруҳ деб эълон қилинган Исломий давлат сафига қўшилаëтгани хусусида хавотир билдирган Ислом Каримов¸ 2014 йилнинг 31 август куни диндорлар билан суҳбатида бу муаммога қандай барҳам бериш юзасидан маслаҳатлашиб олишни таклиф қилган ва уламолардан ëшларни бу йўлдан қайтаришни сўраган эди:

- Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! Шиа бўладими, сунна бўладими, бошқаси бўладими - ҳаммаси Маккаю Мадинани ягона марказимиз, ўзимиз эътиқод қиладиган жой, деб ҳисоблаймиз, тўғрими? Улар бўлса, Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларни дунёси, олами нима бўлади?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!

Биз ёшларга қандай тушунтириб беришимиз керак, бу бало қаердан пайдо бўлдию кимга қандай таъсир ўтказиши мумкин? Буларнинг таъсири кучайиб, кўп мусулмонларни нотўғри йўлларга бошақараяпти-ку! Мусулмонлар идораси имом-хатиблари жойларда, авваломбор ўзи хабардор бўлиши керак ва жойларда тушунтириш ишлари олиб бориши керак. Мен ўйлайманки, балким Самарқандга бориб, Имом Бухорий халқаро мусулмонлар марказида мажлис ўтказиб, дунёда бўладиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб олиш керак. Эътибор беринг, маслаҳатлашиб, деяпман. Буйруқ деган нарса мусулмонлар оламида бўлмаслиги керак. Буйруқ бу — фатво. Ҳар қандай мажлисда буйруқ бериш нотўғри, деган эди 31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Тошкентдаги "Шаҳидлар хиёбони"га борган Ислом Каримов уламоларга қарата.

Тахминларга кўра¸ ҳозирда Исломий давлат жиҳодчилари сафида бир неча юздан бир неча мингга қадар ўзбекистонлик ëлланма жангарилар бор.

Ўтган йил Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини ишғол қилиб¸ бу ерларда исломий халифат эълон қилинганини иддао этган Исломий давлат ўзи мусулмон деб ҳисобламаганларга қарши ялпи террор кампанияси ўтказмоқда.

АҚШ етакчилигида 40 дан ошиқ давлат ҳозирда Исломий давлатга қарши ҳаво ҳужумлари уюштираëтган халқаро коалиция таркибига кирган.

XS
SM
MD
LG