Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

Ногирондан пора олган мансабдор, қароқчилардан безор бўлган “Майкрософт” ва ажрашаётган Райҳон


Ўзбек қўшиқчиси Райҳон эри билан ажрашаётганини тасдиқлади.
Ўзбек қўшиқчиси Райҳон эри билан ажрашаётганини тасдиқлади.

Самарқандда ногиронликни белгилаш эвазига пора талаб қилган мансабдор қамалди. Ўзбекистондаги дастурлар бозорининг 90 фоизи – қароқчилик маҳсулоти! Тошкентдаги турк меҳмонхонаси Америка ширкати ихтиёрига ўтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Юнусобод йўли 2 йилдан бери абгор – ҳокимият расмийлари масъулиятни соқит қилмоқда”

Юнусобод тумани “Боғишамол” маҳалласидаги йўл 2 йилдан бери абгор аҳволда қолмоқда (“Даракчи”, 15 январь).

Ушбу муаммо ҳақида газета икки йил олдин ёзган, аммо ҳозиргача маҳалладаги йўл “юрак-бағри ўйилган ҳолда” қолмоқда. Газета икки йилдан бери ечимсиз қолаётган ҳолат бўйича туман ҳокимиятига мурожаат этганида мансабдорлар ушбу вазифани бир-бирига юклаб масъулиятни ўзидан соқит қилган.

Айни пайтда, Андижон-Шаҳрихон йўли ҳам ўта таъмирталаб ва чуқурларга тўла экани хабар қилинган.

“Машина олди-сотди жараёнида ёки ёқилғи сотиб олаётганимизда биз ҳайдовчилардан олинадиган йўл солиғи нимага сарфланяпти”, дея мутасаддиларни саволга тутган Андижон вилоятидан фуқаро Раҳмиддин Содиқов.

“Ногиронликни белгилаш учун пора олган комиссия раиси беш йилга кесилди”

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани тиббий меҳнат экспертизаси раиси Толибжон Жўраев порахўрлиги учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 15 январь).

Жўраев оғир касалликдан кейин биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган фуқаронинг яқинларидан ногиронлик муддатини узайтириш эвазига 800 минг сўм пора талаб қилган. Ногироннинг қўли калта яқинлари бу ҳақда ҳуқуқ идорасига хабар берган.

Хабар берилишича, туман тиббий меҳнат экспертизаси раиси Жўраев айтилган порани олаётганда ашёвий далил билан ҳибс этилган.

“Ўзбекистондаги дастурлар бозорининг 90 фоизи – қароқчилик маҳсулоти!”

Ўзбекистондаги дастурий таъминот бозорида қароқчилик, яъни муаллифлик ҳуқуқига зид равишда ўғирланган маҳсулотлар улуши 85-90 фоизни ташкил этади (“Оила даврасида”, 15 январь).

Бу ҳақда “Microsoft” компаниясининг Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонда бизнесни ривожлантириш бўйича бош директори Алексей Трубинов маълум қилган.

Трубинов ноқонуний дастурларга қарши курашда давлат органларининг фаол қатнашуви муҳим экани, бу борада “Microsoft” ҳам тавсиялар беришга тайёрлигини билдирган. Компания 2015 йилда Ўзбекистонда қатор тадбирларни ўтказишни режалаштирган.

“Тамаки ва спиртли ичимлик чекловига оид қонунга нега амал қилинмаяпти?”

Тошкент шаҳрида тамаки ва спиртли ичимликлар тарқалишини чеклашга оид қонунга риоя этилмаётир (“Новий век”, 15 январь).

2012 йил апрелда кучга кирган қонунга кўра, мактаблар, диний муассасалардан 500 метр радиусда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланади. Қонуний тақиққа қарамай, Миробод туманидаги Православ черковидан 150 метр масофада, шунингдек, 25-, 103-, 162-, 168-мактаблар яқинида бемалол спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари пулланмоқда.

Қонунда савдо шахобчаларида спиртли ичимлик ва тамаки соғлиқ учун хатарли экани ҳамда уларни йигирма ёшга етмаганларга сотиш мумкин эмаслиги ҳақида эълон ёзиб қўйиш талаб этилган. Аммо мазкур талаб ҳам деярли бажарилмаётир.

Газета мазкур қонуний талаблар ижроси бўйича қатъий ҳаракат қилиш ва ёшларни зарарли иллатдан асрашга даъват этади.

“Тошкентдаги турк меҳмонхонаси Америка ширкати ихтиёрига ўтди”

Тошкентдаги “Dedeman Silk Road Tashkent” меҳмонхонаси Американинг йирик “Wyndham Hotel Group” ширкатига ихтиёрига ўтди (“Тошкент оқшоми”, 14 январь).

Шаҳар марказидан жойлашган турк меҳмонхонаси 2015 йилнинг 1 январидан Америка ширкати томонидан “Wyndham Tashkent” бренди остида тасарруф этилади. Олди-сотдига оид тафсилотлар ошкор этилмаган. “Dedeman Silk Road” меҳмонхонаси 2003 йил май ойидан буён фаолият юритиб келган.

“Wyndham Hotel Group” 5 та қитъа 50 та мамлакатда 15 бренд остида фаолият кўрсатиб келаётган 6900 меҳмонхонага эгалик қилади. Тошкентдаги “Ramada Tashkent” меҳмонхонаси ҳам 2013 йилдан ушбу йирик ширкат таркибида ишлаб келмоқда.

“Бекободда ўқувчи қизларнинг тақинчоқларини тортиб олган ўғри аёл ушланди”

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида ўқувчи қизларнинг тақинчоқларини тортиб олган 21 ёшли Зарифа Мусаева қўлга олинди (“Адолат йўли”, 15 январь).

Мусаева бошланғич синфларда ўқиган қизларнинг тилла тақинчоқларини алдаш ва қўрқитиш йўли билан тортиб олган. Ўмарилган қимматбаҳо буюмларни Чирчиқ бозорида сотган. Қайд этилишича, қўлга олинган Мусаева 2011 йилда ҳам ўғирлик ва фирибгарлик учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ушбу воқеа тафсилотлари ўз навбатида ота-оналарни ҳам чуқур мулоҳазага чорлаши керак. Фарзандларини мактабга юбораётган ота-оналар уларнинг зеб-зийнатларига эмас, дарсга нечоғли тайёрланганига, одоб-ахлоқига эътибор берсалар, фойдадан холи бўлмасди”, дейди жиноят ишлар бўйича Бекобод суди судяси Азамат Шомуродов.

“Хонанда Райҳон: Эрим билан ажрашаётганим рост, аммо дардимни дастурхон қилмоқчи эмасман”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева эри Йигитали билан ажрашаётгани рост эканини маълум қилди.

Ажрашиш ҳақида хабарлар ортидан “Бу – хонанданинг феврал ойида ўтадиган концертини пиар қилиш учун тўқилган чўпчак” деган тахминлар илгари сурилганди.

“Турмушимизда жуда мураккаб вазият юзага келди. Ажрашишга қарор қилдим. Нималар содир бўлаётганини эса бирма-бир дастурхон қилиш ниятим йўқ. Бу шахсий ҳаётим", деган “Даракчи” газетасига интервью берган хонанда.

Шунингдек, “Турмуш ўртоғимни кечиришим мумкин. Аммо бошқа муносабат тикламайман!” дея қатъий гапирган актёр Йигиталидан эгизак фарзанд кўрган Райҳон Ғаниева.

XS
SM
MD
LG