Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 11:37

Бухорода ўқитувчи 1-синф ўқувчисини уриб, тан жароҳати етказди


Бухорода бошланғич мактаб ўқитувчиси биринчи синф ўқувчисини қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказди. Боланинг ота-онаси шикоятларига қарамай, ўрта мактаб ўқитувчиси хали ҳам мактабда дарс беришда давом этмоқда.

Бухородаги 12-сонли мактабнинг 1-синфида ўқийдиган Акмал Халилов бир ой аввал мактабдан уйига юзи кўкарган ҳолда келди.

6 яшар бола ота-онасига алифбо байрамига тайёргарлик пайти ўқитувчиси Наргиза Сафарова қаттиқ калтаклаганини гапириб берган.

Акмалнинг қариндошларидан бири Озодликка бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида шуларни гапириб берди.

- Бола қонга беланиб келди уйга. Ўқитувчиси урган экан. Кейин бордик мактабига. Ўқитувчиси “ўтир десам, ўтирмайди”, дейди. “Дарсингни қил десам, дарсини қилмайди”, дейди. “Шунинг учун урдим” дейди. Қандай қилиб педагог, бунинг устига аёл киши болани уриши мумкин,- деб куйинади Акмалнинг қариндошларидан бири.

Мактаб директори Мурод Маттиев болани урган ўқитувчи масаласини педагогика кенгашида муҳокама қилишни Акмалнинг ота-онасига ваъда берган.

Лекин, Акмалнинг қариндошлари “болалар таъзирини берадиган мактаб ўқитувчиси” хали ҳам мактабда дарс беришда давом этаётганини айтишади.

Уларга кўра, ўқитувчи Акмални “ноадекват” дея, уни ўқитишдан ҳам бош тортмоқда экан.

- Ўқитувчи жазосиз қоляпти. Педагог болани чертишга ҳам ҳаққи йўқ. Бола жинни бўлган тақдирда ҳам уни уришга ҳаққи йўқ. Лекин, Акмал унақа эмас. Жуда ақлли бола. Бизда бола мактабга боришдан олдин доктор, жумладан, психолог кўригидан ўтади. Акмал ҳам шундай кўрикдан ўтган ва мактабга қабул қилинган. Қандай қилиб болаларни урадиган ўқитувчини мактабда ишлатиб қўйиш мумкин,- дейди Акмалнинг қариндошларидан бири.

Озодлик мухбири Акмал ўқийдиган Бухородаги 12-сон мактаб раҳбариятига телефон қилди. Лекин улар бу хусусда изоҳ беришдан бош тортишди.

- Биз боланинг ота-онаси билан бу масалани муҳокама қилганмиз, Сизга айтадиган гапимиз йўқ,- дея гапни қисқа қилди Бухородаги 12-сон мактабнинг Озодлик боғланган ходими.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 1992 йилда БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилган.

Ушбу халқаро ҳужжатга қўшилган мамлакат боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, унинг шаъни ва қадр-қимматини, шафқатсиз муомала, жумладан, жисмоний тажоввуздан ҳимоя қилиш мажбуриятини олган.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ҳақидаги мақолалари билан танилган журналист Камола Рўзиқулованинг айтишича, мавжуд меъёрий ҳужжатларга қарамай ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланиши, айниқса, қишлоқ мактабларида кўп учрайди.

- Бешинчи синфдан юқори синф ўқувчилари шўхлик қилганда ўқитувчи болани чимчилаб қўйиши ёки қулоғидан тортиши ёки бўлмаса терсаки туширгани ҳолатлари кўп бўлади. Лекин, боланинг, олти ёшли боланининг ўқитувчиси тарафидан шавқатсиз калтакланиши, ҳамма синфдошлари кўз ўнгида унга ўқитувчиси тан жароҳати етказиши ва ўқитувчи бунинг учун ҳеч қандай жазосиз қолиши ва болаларга дарс беришда давом этишини биринчи марта кузатяпман,- дейди Камола Рўзиқулова.

Ўзбекистонда ўқитувчи талабаларга тарсаки тушириш ҳолатига оид видеолавҳаларни Интернет тармоғида ҳам топиш мумкин.

Хусусан, Youtube порталига жойлаштирилган “Бухоро автойўл коллежи” дея номланмиш видеотасвирда ўқитувчи шанбаликка келмаган етти нафар талабани калтаклаётгани акс этган.

XS
SM
MD
LG