Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Ота-оналар Тошкент марказидаги 72-мактабни ëпилишдан сақлаб қолмоқчи


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси талабига мувофиқ¸ республика ўрта мактабларида бир синфда 35 нафардан кам ўқувчи бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси талабига мувофиқ¸ республика ўрта мактабларида бир синфда 35 нафардан кам ўқувчи бўлиши мумкин эмас.

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ота-оналар¸ 72-ўрта мактаб биносининг Тошкент Давлат Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига берилаëтганини “кичик одамларнинг катта муаммоси” деб аташди. Ота-оналар таъкидича¸ Тошкент қоқ марказидаги Гранд Мир меҳмонхонаси ëнида жойлашган бу мактаб биноси ëлғон маълумот асосида ëпилиб¸ 400 дан ошиқ бола тумандаги бошқа мактабларга тарқатилмоқда. Мактаб биносини тўлиғича ўз назоратига олаëтган институт расмийси¸ бор-йўғи 200 ўқувчи қолган бу мактаб функционал талабга мос келмагани учун вазирлик қарори билан ëпилганини тасдиқлади.

“Биз Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 72-ўрта мактаб ўқувчиларининг ота-оналаримиз. Болаларимизни тумандаги бошқа мактабларга тарқатиб¸ бизнинг мактаб биносини Тошкент Давлат Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига беришмоқчи. Бу институт аллақачон мактабнинг юқоридаги икки қаватини эгаллаб бўлган. Бу уларга камлик қилипти. Энди бизни 15 мартга қадар ëпишмоқчи.

Биз мактабимизни сақлаб қолиш учун курашаяпмиз. Юқори ташкилотларнинг барига хат ëздик¸ лекин улардан бирор ëрдам чиқиш-чиқмаслигини билмаймиз. Аммо умидимизни узмадик”¸ дейилади Озодликка бир гуруҳ ота-оналар номидан келган мурожаатда.

Бу мурожаат ортидан Озодлик мухбири унинг муаллифларидан бири билан суҳбатлашди. Аëн бўлишича¸ Тошкентнинг энг қиммат районларидан бирида жойлашган 72-мактаб биносини Тошкент Давлат Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига олиб бериш жараëни бир неча йил аввал бошланган ва жорий йилнинг 10 январида бу жараëнни тугатиш ҳақида Халқ таълими вазирининг буйруғи чиққан. Озодлик манбасининг таъкидича¸ ҳозирча бу буйруқни ҳеч ким мактаб жамоаси ва ота-оналарга кўрсатмаган:

-Бизга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмади. Аммо ҳамманинг оғзида вазирликнинг буйруқ чиқаргани ва 15 мартдан мактаб биносининг ëпилиши ҳақида гап юрибди. Мактабда 400 ўқувчи ўқийди¸ лекин мактабни ëпиш тарафдорлари уни расмий ҳужжатларда 200 қилиб кўрсатишмоқда ва шу билан ҳаммани алдашаяпти. Биз Ўзбекистон президенти¸ Вазирлар Маҳкамаси¸ МХХ¸ Тошкент шаҳар ҳокими¸ шаҳар прокурорига мурожаат қилиб¸ расман ëрдам сўрадик. Аммо ҳозирча ҳеч ким бизга қулоқ солаëтгани йўқ¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ота-оналардан бири.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг Озодлик суҳбатлашган ходими 72-мактаб биносининг тўлиғича Тошкент Давлат Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига олиб бериш ҳақида вазир буйруқ берганига ойдинлик киритишни истамади.

Тошкент Давлат Ўқитувчилар малакасини ошириш институтининг ўзини таништирмаган расмийсининг айтишича¸ шахсан вазирнинг ўзи 72-мактаб биносига келиб¸ унинг институт ихтиëрига ўтганини эълон қилган:

-Вазирнинг ўзи келиб¸ ҳақиқатда шу бино сизларга ўтди; мактаб ўқувчисининг сони камлиги сабабли уларни бошқа мактабларга жойлаштирамиз¸ деди. Чунки 200 та ўқувчиси бор мактаб функционал бўлиши мумкин эмас. 200 та бола учун қанча ўқитувчи¸ директор ва бошқа раҳбарлар ишлайди¸ деди мактаб биносини ўз назоратига олган институт ходими.

72-мактаб ота-оналари мурожаатини ўрганиш асносида аëн бўлишича¸ Тошкент шаҳрининг бу мактаб ўқувчиларига таклиф қилинаëтган бошқа мактабларининг ҳар бир синфида 45 нафардан ўқувчи бор ва улар яна қўшимча бола олишни истамаëтир.

Айни пайтда¸ ота-оналар ҳам бир синфдаги ўқувчилари сони 45 нафардан ошиб кетаëтган мактаблардаги таълим сифати ҳақида жиддий хавотир билдирмоқдалар.

Ўзбекистон Молия вазирлиги 2012-2013 ўқув йили олдидан ўрта мактабларнинг 1-9 синфларида ўқувчилар сонининг 35 нафардан кам бўлмаслиги ҳақида буйруқ чиқарган эди.

Молия вазирлиги томонидан чиқарилган ва вазирлик бошқармаларига йўлланган ушбу ҳужжатда айтилишича, 2010 йилда жами мактаблардаги синфларда ўқиётган ўқувчилар умумий сони 25,8 нафарни ташкил қилган.

Вазирлар Маҳкамаси эса умумий ўрта таълим мактабларидаги бир синфда ўқувчилар сонининг 35 нафарлик кўрсаткичдан камайтирмаслик талабини қўйган.

Ўзбекистон мактабларида бир синфдаги ўқувчилар сонининг 35 нафардан кам бўлмаслиги белгиланган ҳолда¸ унинг энг кўп қанча бўлиши белгиланмаган.

Оқибатда¸ ота-оналар таъкидича¸ айрим мактабларда бир синфда 45 нафардан ўқувчи ўқишга мажбур бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG