Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:47

Икки кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиб ўлди


Ўзбекистонликлар совуқдан жон сақлаш учун Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан фойдаланмоқда
Ўзбекистонликлар совуқдан жон сақлаш учун Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан фойдаланмоқда

Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб вафот этди. Маҳалла фаолининг айтишича, ёшлар уй ичига ўрнатилган Хитойда ишлаб чиқарилган газ печкасидан чиққан исдан заҳарланган.

Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган 27 яшар Ҳомид Шакаров ва 25 яшар Назира Эсонованинг никоҳ тўйи 2 февраль, душанба куни бўлган.

Чоршанба куни эса ёш келин-куёвни уйғотмоқчи бўлиб кирган янгалардан бири уларни ўз ўрнида ўлиб ётган ҳолда топган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган иштихонлик манбанинг айтишича, келин-куёв уй ичига ўрнатилган газ печкадан чиққан исдан заҳарланган:

“Ҳозир тўртбурчак шаклдаги пропанни ёқиб берадиган газ печка чиққан. Хитойда ишлаб чиқарилган, бизда 450 минг сўм туради. Ўшани ёқиб ухлашган. Кечаси печка ўчиб қолган ва ундан чиққан газдан келин-куёв заҳарланиб ўлган. Бугун икки ёшни ёнма-ён қабристонга қўйиб келдик”, деди келин-куёвлар жанозасида қатнашган манба.

Файзобод қишлоғи маҳалла фаолларидан бири шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳа, бу ёшларнинг яқинларига жуда оғир бўлди. Икки кун ҳам бирга яшолмади, шўрликлар. Ҳомид меҳнаткаш, яхши йигит эди. Унинг ота-онаси ҳам анча йил йиғингандан сўнг тўй қилиб, ўғлини уйлаганди. Роса қиёмат бўлди, йиғламаган одам қолмади”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Ўзбекистонда газ ва свет тақчиллиги боис ëнғин ва ис газидан ўлиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Бундан роппа роса бир йил аввал Бухородаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом хатибининг 23 яшар ўғли Суҳробжон Гадоев ис газидан ҳалок бўлган эди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, масжидда тунаб қолган Суҳробжон қўлбола печкадан чиққан ис газидан заҳарланган.

Ўтган йилнинг 14 февралида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Қултон қишлоғида истиқомат қилувчи Омонқуловлар оиласининг беш аъзоси газ баллонидан сизиб чиққан газнинг портлаши оқибатида содир бўлган ёнғиндан ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG